Шавкат Мирзиёев Ли Же Мёнгни Жанубий Корея янги президенти этиб сайлангани билан табриклади ва энг эзгу тилакларини билдирди, деб хабар бермоқда президент матбуот котиби.

Давлат раҳбари ўз мактубида Ли Же Мёнг раҳбарлигида Корея Республикасининг интеллектуал ва иқтисодий қудрати янада ўсишига, халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузи мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
“Биз Корея Республикаси билан дўстона ва кенг қамровли алоқаларни янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Аминманки, сизнинг президентлик даврингизда алоҳида стратегик шериклик муносабатларимиз барча устувор соҳаларда жадал ривожланади”, дейилади мактубда.
Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ли Же Мёнгни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.
Сайлов 3 июнь куни ўтказилди. Ли Же Мёнг Бирлашган демократик партиядан номзод сифатида Жанубий Кореядаги навбатдан ташқари президентлик сайловида ғалаба қозонди. Ли Же Мёнг сайловолди дастурида Шимолий Корея билан алоқа каналларини қайта тиклаш ва Корея иқтисодиётини жонлантириш мақсадида Кореялараро ҳамкорликни ривожлантиришни ваъда қилганди. Шу билан бирга, агар сайланса, Пхеньяннинг “ассиметрик таҳдидларига жавоб бериш учун тайёргарликни” кучайтиришини таъкидлаганди.
Изоҳ (0)