Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Қашқадарёни комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилишда Ҳисорак сув омборидан Қаршигача ичимлик суви тармоғи тортиш кераклигини айтди.

Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги 8 йилда ажратилган 1,7 триллион сўм ҳисобидан вилоятда марказлашган сув таъминоти 32 фоиздан 61 фоизга чиқди. Лекин бу республикада энг паст кўрсаткич экани кўрсатиб ўтилди.
Вилоятда сув ва канализацияни яхшилашга бу йил 800 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга бунинг ҳисобига 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилишини якунлаш топширилди.

Қарши шаҳри канализация тизимини яхшилаш ишларини ҳам шу ойда бошлаш шартлиги қайд этилди. Бунга халқаро молия институтидан 60 миллион доллар жалб қилинган. Қарши шаҳрида сув таъминоти 97 фоиз бўлса-да, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган, сув йўқотиш юқори.
“Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортишимиз керак”, деди президент.
Мутасаддиларга ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.
Йиғилишда Қашқадарёда вилоят “Ислоҳотлар штаби” тузилиши белгиланди. Вилоятда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланади. Президент вилоятдаги уй-жой, йўл ва инфратузилма масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Изоҳ (0)