Кеча, 23 август куни Нидерландия парламенти ҳукуматдаги сиёсий инқироз фонида Фаластин давлатини тан олиш ҳамда Исроилга қарши санкциялар жорий қилиш таклифини кўриб чиқди. Аммо қонунчиларнинг катта қисми мазкур ташаббусга қаршилик қилди.

Парламент аъзоларининг аксарияти бунинг ўрнига Исроилдан халқаро ва маҳаллий журналистларни Ғазо секторига киритиш, шунингдек, ҲАМАС етакчиларини қўллаб-қувватлаётган мамлакатларга максимал босим ўтказишга чақирувчи резолюцияни маъқуллади.
Овоз бериш жараёнлари арафасида Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп истеъфога чиқди. У шу орқали ҳукуматнинг Исроилга нисбатан кескинроқ чоралар кўришдан бош тортганига норозилик билдирди. Худди шу куни Велдкампнинг сиёсий иттифоқчилари ҳисобланган Янги ижтимоий шартнома (НСC) партияси депутатлари ҳам парламентдаги ўринларини топширди.

Фаластинни тан олаётган Ғарб
Жорий йилнинг июль ойида Франция президенти Эммануэл Макрон Фаластин давлатини тан олиш режасини билдирди. У бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясининг сентябрдаги сессиясида расман эълон қилмоқчи.
Мазкур ташаббус Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху томонидан кескин қораланди. Қўшма Штатлар ҳам Парижнинг қарорига қарши чиқди. Бироқ Европанинг кўплаб давлатлари бу борада Францияни қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, Буюк Британия яҳудий давлатига шарт қўйиб, Ғазодаги урушни сентябргача якунламаган тақдирда, Фаластин давлатини тан олишини маълум қилди.
Изоҳ (0)