Уйқу ҳаёт учун зарур физиологик жараён. У оддий дам олиш эмас, балки мураккаб жараён бўлиб, айнан шу пайтда мия танани тиклаш ва ўз фаолиятини давом эттириш учун зарур бўлган асосий функцияларни бажаради. Қуйида мия уйқу вақтида қандай функциялар бажариши ва нима учун 6 соатлик уйқу минимал зарур вақт экани ҳақида маълумот берилади.

Хотира консолидацияси — “қисқа муддатли хотира”дан “архив”га ўтказиш
Кун давомида гипокамп (хотирани шакллантирувчи мия структураси) турли фактлар, воқеалар, эмоциялар ва билимларни йиғади. Аммо бу ахборотлар ҳали заиф ва вақтинчалик бўлади.
Чуқур уйқу даврида бу маълумотлар неокортекс — узоқ муддатли хотира “архиви”га узатилади. Бу ерда улар барқарорлашади, тизимланади ва мавжуд билимлар билан интеграцияланади. Етарли уйқусиз бу жараён тўлиқ амалга ошмайди ёки бутунлай тўхтаб қолади.
Синаптик гомеостаз ва нейрон алоқаларни мустаҳкамлаш
Бош мия ўрганиш жараёнида янги синапслар, яъни нейронлараро боғланишлар ҳосил қилади. Аммо бу тармоқ баъзан ортиқча юклама остида қолади. Уйқу вақтида, айниқса чуқур фазада эса, мия “танлаб тозалаш” механизмини ишга туширади. Шунда аҳамиятсиз ва тасодифий хотиралар йўқ қилинади. Бу синаптик прунинг деб аталади. Муҳим бўлган воқеалар эса хотирада мустаҳкамланади. Бу орқали эсда қолиши керак бўлган хотиралар аниқлашади, мия самаралироқ ишлай бошлайди. Уйқусизлик эса бу муҳим филтрлаш жараёнининг бузилишига олиб келади.
Глифатик тизим, яъни миянинг “тозаланиш” функциясини фаоллаштириш
Сўнгги йилларда аниқланган муҳим янгиликлардан бири бу уйқунинг глифатик тизимидир. У асосан чуқур уйқу вақтида фаоллашади ва мия тўқималарида кун давомида тўпланган токсин моддаларни чиқариб ташлашга хизмат қилади.
Бу “чиқиндилар” таркибида Альцгеймер касаллиги билан боғлиқ бўлган бета-амилоид оқсиллари ҳам бўлади. Агар уйқу доимий равишда бузилса, мия бундай зарарли моддалардан тозалана олмайди.
Эмоцияларни қайта ишлаш ва интеграция қилиш (РЕМ-фаза)
РЕМ-фаза — бу кўз ҳаракатлари тезлашадиган, одам туш кўрадиган уйқу босқичи. Айнан шу даврда мия эмоционал ҳолатларни қайта ишлайди, тажрибаларни ҳис қилиш интенсивлигини пасайтиради ва уларни онгга сингдиради.
Агар бу фаза тўлиқ ишламаса, одам эмоционал жиҳатдан беқарор бўлиб қолади, кайфияти тез-тез ўзгаради. Натижада баъзи билим ва кўникмаларни эгаллаши қийинлашади.

Агар инсон етарлича ухлолмаса ва чуқур уйқу босқичлари давомийлиги кам бўлса, бу қуйидаги оқибатларга олиб келади:
1. Когнитив тизим ва хотира бузилишлари
Янги маълумотни ёдда сақлашда қийинчиликлар;
Ишчи хотира заифлашади — яъни айни дамдаги вазифага эътибор қаратиш қийинлашади;
Диққатни жамлаш қобилияти пасаяди;
Фикр юритиш ва реакция билдириш тезлиги секинлашади;
Қийин қарорлар қабул қилиш ва муаммоларни ҳал қилиш мураккаблашади;
Ишда, автоуловда ёки шунчаки уйда хатолар қилиш эҳтимоли ошади.
2. Эмоционал ва психологик муаммолар
Тез жаҳл қилиш, асабийлик;
Кайфиятда кескин ўзгаришлар;
Ташвишли ва депрессив ҳолатларга мойиллик;
Стрессга бардошлиликнинг пасайиши
3. Асаб тизимининг шикастланиш хавфи
Глифатик тизим етарли даражада ишлай олмаганида, мия ҳужайраларида токсин моддалар тўпланади. Бу эса узоқ йиллар давомида секин-аста деменция ва бошқа нейродегенератив касалликларнинг ривожланиш эҳтимолини оширади.
4. Соматик (жисмоний) оқибатлар
Иммунитетнинг пасайиши
Тана тез-тез инфекцияларга чалинадиган бўлади. Бу айниқса шамоллаш, грипп ва бошқа вирусли касалликлар билан боғлиқ ҳолатларда сезилади.
Моддалар алмашинуви бузилиши
Уйқусизлик иштаҳани тартибга солувчи гормонлар — лептин ва грелинга таъсир қилади. Бу эса ортиқча овқатланишга, семиришга, II тур диабет ва метаболик синдромга олиб келиши мумкин.
5. Юрак-қон томир тизимига хавф
Қон босимининг ошиши, инсульт ва юрак хуружлари хавфи ортади, оғриққа нисбатан сезувчанлик кучаяди.
Буларнинг барчаси уйқу етишмовчилиги туфайли юрак-қон томир тизимининг доимий кучланиш ҳолатида ишлашига боғлиқ.
Нега айнан 6 соатдан кам ухлаш хавфли?
Сўнгги йилларда ўтказилган тадқиқотлари шуни кўрсатмоқдаки, атиги бир кеча кам ухлашнинг ўзи ҳам мия фаолиятида сезиларли узилишларга олиб келади. Айниқса, қарор қабул қилиш, хотира, режалаштириш ва диққат учун масъул бўлган префронтал қобиқ фаолияти сусаяди.
Агар бу ҳолат доимий тус олса, яъни уйқусизлик сурункали типга ўца, гипокамп — янги хотиралар шаклланадиган мия соҳаси ва бошқа тузилмаларда ҳатто структуравий ўзгаришлар кузатилиши мумкин.
Изоҳ (0)