Бухоро вилоятида Йўл-патрул хизмати инспекторига пора таклиф қилган фуқарога жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 2025 йилнинг 1 август куни “Сармижон” йўл-патрул масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида яшовчи фуқаро бошқарувида бўлган Cobalt машинасини ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатганида унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлиги аниқланган.

Шундан сўнг ҳайдовчига нисбатан баённома расмийлаштирилиб, машина жарима майдонига қўйилаётганида ҳуқуқбузар автомобилни чиқариб бериш ва баённомани бекор қилиш эвазига инспекторларга пора таклиф қилади.
Ходимнинг ёзган билдиргиси асосида тегишли органлар иштирокида ўтказилган тезкор тадбирда ҳуқуқбузар инспекторга 1,5 миллион сўмни нақд шаклда пора тариқасида бермоқчи бўлганида қўлга олинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Маълумот учун, Жиноят кодексининг ушбу моддасига асосан фуқаро базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)