Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 29 ноябрдаги қарори билан “Махсустранс” корхонасининг қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича пойтахт аҳолиси ва ташкилотлари учун тарифларини 1,5 бараварга ошириш тасдиқланди.
Ҳар бир яшовчи учун ойига маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифи 4500 сўмдан 7500 сўмгача оширилади.
Бюджет ва хўжалик ҳисобидаги ташкилотлар учун 1 кубометр қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ҚҚСсиз 89 966,57 сўмга (ҳозирда 53 986,56 сўм), 1 тонна чиқиндилар — 188 808,96 сўмга (ҳозирда 20 174 сўм) қимматлашади.
Корхона ва ташкилотлар учун НД-310 русумли автомашиналар (марказий юк ташувчи) ёрдамида чиқинди ташиш шохобчаларидан (Яшнобод, Яккасарой ва Юнусобод метро станциялари) қаттиқ маиший чиқиндиларни Оҳангарон полигонига олиб чиқиш беш баравар қимматлашади — 116 461,34 сўм (ҳозирда 22 275 сўм).
Чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича тарифлар охирги марта 2019 йил январида оширилган эди. Аввалроқ Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳудудида 2023 йил ноябрь ойигача янги маиший чиқинди полигони ташкил этилиши тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, мамлакатда 2024 йил 1 январгача янги юк ташувчи транспорт воситаларини (чиқинди ташиш машиналари ва самосваллар) импорт қилишда божхона божи ставкаси 5 фоиз миқдорида ўрнатилади ва улар утилизация йиғимидан озод қилинган.
Изоҳ (0)