Ўзбекистон Энергетика вазирлиги АЭС қурилиши учун танлаб олинган устувор майдонда олиб борилаётган муҳандислик ишлари ҳақида маълумот берди, шунингдек, «Nuz.uz» мухбирининг «Тузкондаги бемаънилик» мақоласига жавоб қайтарди.
Дунёда нефть ва газ захираларининг камайиб бораётгани ва энергия истеъмоли ортиб бораётгани натижасида энергия ресурслари бозорида юзага келган рақобат шароитида Ўзбекистон учун муҳим муаммолардан бири давлатнинг энергия хавфсизлигини таъминлашдир.
Барқарор иқтисодга эга, шунинг билан бирга, ёнилғи-энергетика ресурслари тақчиллигини бошдан ўтказаётган мамлакатлар учун иқтисодий мустақилликни таъминлаш мақсадида атом энергетикасини ривожлантириш стратегик аҳамиятга эгадир. Шу боисдан, республикамизда АЭС қуриш масаласи аллақачонлар пайдо бўлган эди.
Ҳозирги вақтда жамоатчилик, ОАВ вакилларига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида АЭС қуриш лойиҳасини амалга ошириш жараёни ҳақида маълумот беришга катта эътибор қаратилмоқда.
Бу борада олиб борилаётган ишлар билан Ўзбекистон аҳолисини таништириб бориш мақсадида «Ўзатом» агентлиги томонидан ОАВ, депутатлар, ННТ ва бошқалар учун доимий тарзда турли тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 7 июль куни Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги АЭС қурилиши учун танлаб олинган участкада ўтказилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Экология партияси ва Экология ҳаракати мутахассислари, Ўзбекистон миллий ОАВ ҳамда «Росатом» давлат корпорацияси вакиллари иштирок этди.
Участкага уюштирилган ташриф якунлари ҳақида ОАВда бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида кўплаб маълумотлар берилди. Шунинг билан бирга, «Nuz.uz» ахборот порталида эълон қилинган «Тузкондаги беъманилик» сарлавҳали мақолага ҳам жавоб берилди. Шунингдек, таҳририятнинг юборилган саволларга жавоб бериш ҳақидаги илтимосига кўра, «Ўзатом» агентлиги қуйидагиларни маълум қилади.
АЭС қуриш учун танланган ҳудуд хавфсизликнинг энг қатъий ва энг замонавий талабларига жавоб беришини асослаш учун биз томонимиздан амалга оширилган кенг кўламли муҳандислик изланишлари ва экологик тадқиқотлар батафсил ёритилган, бунга одамларнинг ишониши даъват этилган кенг кўламдаги тизимли мақоласи учун биз муаллифдан миннатдормиз. Мақола муаллифи амалга оширилаётган ёки бошланиш арафасида турган ўтказилиши лозим бўлган барча изланишлар, экологик тадқиқотларни деярли барчасини санаб ўтган. Яна қайси соҳа ўз объекти учун худди шу тартибда синчковлик ва илмий асосларга таяниб ҳудуд танлайди?
Бироз тарих ҳақида. 2017 йил 29 декабрда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Россия Федерацияси ҳукумати ўртасида тинч мақсадда атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида келишув имзолангандан сўнг республикада АЭС қуриш учун эҳтимолий ҳудуд қидириш ишлари бошлаб юборилди.
АЭС қурилишининг техник жиҳатлари бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳи Ядро физикаси институти, Фанлар академиясининг сейсмология институти, Давлат геология қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Автомобиль йўллари қўмитаси, Сув хўжалиги вазирлиги, ФФВ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ вакилларидан иборат таркибда шакллантирилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан ишчи гуруҳ олдига АЭС қуриш учун мумкин қадар хавфсиз, иқтисодий самарали ва ҳимояланган ҳудудни аниқлаш вазифаси қўйилди. 2018 йил апрель ойида ишчи гуруҳ томонидан Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятларидаги эҳтимолий 10 та ҳудуд тақдим этилди.
Ишчи гуруҳ томонидан тақдим этилган материаллар синчковлик билан ўрганиб чиқилгандан сўнг, 3 та потенсиал пункт (ҳар бир пунктда бир қанча эҳтимолий ҳудудлар кўзда тутилган) — Тўдакўл сув омбори яқинидаги 1 та ва Айдар-Арнасой кўллар тизими яинидаги 2 та ҳудуд танлаб олинди.
Мутахассислар томонидан тўпланган материалларга асосланган ҳолда тақдим этилган ҳудудларнинг гидрогеологик, муҳандис-геологик ва геоморфолок шароитлари, географик жойлашуви, геологик тузилиши, сейсмик бардошлиги ва атроф-муҳитнинг бошқа жиҳатлари ўрганиб чиқилди.
Мутахассислар томонидан тўпланган маълумотларни таҳлил этишга Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик институти «Энергопроект» (Украина) мустақил эксперт ташкилоти сифатида жалб этилди ҳамда танланган эҳтимолий ҳудудда АЭС қурилишига монелик қилувчи омиллар таҳлил этилди.
Таҳлил натижалари эҳтимолий ҳудудда тақиқловчи омиллар мавжуд эмаслигини кўрсатди.
АЭС қурилиши учун жой танлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси сейсмология институти, Давлат геология қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Сув хўжалиги, ФФВ ҳамда хорижлик маслаҳатчи — Киев илмий-тадқиқот ва лойиҳа-конструкторлик институти «Энергопроект» (Украина) вакиллари билан ҳамкорликда «Росатом» давлат корпорацияси мутахассислари билан келишилган ҳолда муҳандислик тадқиқотларининг босқичма-босқич дастури ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Тасдиқланган муҳандислик тадқиқотлари дастурига кўра, 2018 йилнинг август ойидан 2019 йилнинг март ойигача АЭС қурилиши режалаштирилган эҳтимолий ҳудудларда муҳандислик-тадқиқот ишларининг биринчи комплекс босқичи амалга оширилди. Жумладан, Навоий ва Бухоро вилоятларидаги, Тўдакўл сув омбори яқинидаги 4 та майдонча, Жиззах вилоятининг Айдар-Арнасой кўллар тизимига мансуб Тузкон кўли яқинидаги 3 та майдончада ўрганиш ишлари олиб борилди.
Юқорида кўрсатилган ҳудудларда ўтказилган комплекс тадқиқот ишларида Ўзбекистон Республикасининг 20 га яқин вазирлик, идора ва ташкилотлари, хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология қўмитаси, Давлат экология қўмитаси, Сейсмология институти, Фанлар академиясининг ботаника ва ядро физикаси институтлари, «УзЛITИEngineering» ҚК МЧЖ, «ЎзГАШКЛITI» ДУК, «Ўзбекгидрогеология» ДУК, «ГИДРОИНГЕО институти» ДК, «Ўзгидромет» ва бошқалар иштирок этди. Эксперт-маслаҳатчи сифатида «Атомэнергопроект» (Россия) лойиҳа институти жалб этилди.
Амалга оширилган ишлар МАГАТЕнинг тақиқловчи омиллар мажуд эмаслигини ҳисобга олувчи хавфсизлик меъёрлари (Асосий хавфсизлик тамойилларини белгиловчи СФ-1, НС-Р-3 рев.1 ва ССГ-35 ядро қурилмаларини ўрнатиш учун жой танлаш) ҳамда Россия Федерациясининг атом станцияларини қуриш соҳасидаги (НП-032-01, НП-31-01 ва НП-064-17) меъёрий ҳужжатларига амал қилинган ҳолда ўтказилди.
Тўдакўл ва Айдаркўл пунктларида амалга оширилган муҳандислик тадқиқот ишларининг биринчи босқичи якунлангач, «Атомэнергопроект» АЖ томонидан АЭС қурилиши учун муносиб жой танлангани ҳақида ижобий хулоса тайёрланди ва тақдим этилди.
2019 йил 7 майда Республика ишчи комиссияси ва «Ўзатом» агентлигининг илмий-техникавий ва эксперт кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилиб, унда масъул ташкилотларнинг муҳандислик тадқиқот ишларининг биринчи босқичини ўтказиш бўйича ҳисоботлари тингланди.
Масъул ташкилотлар ва Россиянинг «Атомэнергопроект» лойиҳа институтининг муҳандислик-қидирув ишларининг биринчи босқичи натижалари ҳақидаги ҳисоботлари ҳар томонлама муҳокама қилинганидан сўнг атом электр станцияси қурилиши учун энг мақбул жой сифатида Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги Тузкон кўли яқинидаги ҳудуд танлаб олинди.
Станцияни жойлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикасининг «Радиацион хавфсизлик тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларига, СанПиН РУз 0193-06, СанПиН РУз 0251-08 санитария меъёр ва қоидаларига, Россия Федерациясининг (технология таъминотчиси) «Атом станцияларини жойлаштириш. Хавфсизликни таъминлаш бўйича асосий мезон ва талаблар» НП-032-01 ва бошқа меъёрий ҳужжатлари, МАГАТЕ раҳбариятининг АЭС қурилиши учун жой танлашда хавфсизликни таъминлаш бўйича (№ 50-C-С, № 50-СГ-С1 (рев.1), № 50-CГ-С5, № 50-СГ-С7, № 50-СГ-С9, № 50-СГ-С11А, № 50-СГ-С11Б) тавсияларига амал қилган ҳолда олиб борилади.
Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, юқоридаги мақола муаллифи Тўдакўл ҳудудида АЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш тантанали бошланганини таъкидлаганки, бу ҳақиқатга тўғри келмайди. 2018 йил 19 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси президенти Владимир Путин рамзий тугмани босиш орқали лойиҳа бошланишига старт берган эди. Тадбир вақтида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири А.С.Султонов, «Росатом» давлат корпорацияси раҳбари А.Е. Лихачёв, маҳаллий ҳокимият вакиллари ва жамоатчилик ҳозир бўлиб турган Жиззахдаги майдонча билан телекўприк ўрнатилган эди. Ушбу тадбир барча миллий ва кўплаб хорижий ОАВларда ёритилган эди.
Мақола муаллифи устувор майдончага яқин жойдаги Уч-Қулоч конидан руда ва норуда жинсларни қазиб олиш истиқболларини муҳокама қилган. Қайд этиш керакки, конда руда ва норуда жинсларни қазиб олиш АЭС фаолиятига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Таъкидлаш жоизки, фойдали қазилмалари бориши қийин бўлган ҳудудларда жойлашган дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун атом энергетикаси қазувчи корхоналар учун ягона электр манбаи ҳисобланади.
Мақола муаллифининг АЭС қуриш учун аввалига Тўдакўл сув омборига яқин ҳудуд танлаб олингани, кейин бу майдондан воз кечилиб, Тузкон кўли ҳудудига эътибор қаратилгани ҳақиқатга тўғри келмайди. Майдонча танланиши ядро регулятори, бизда бу иш билан Ўзбекистон Республикаси давлат саноат хавфсизлиги қўмитасининг махсус рухсати билан амалга оширилади. Айни вақтда эса, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Тўдакўл ва Айдаркўл ҳудудларида ўтказилган биринчи босқич муҳандислик тадқиқотларидан сўнг устувор майдонча танлаб олинган. АЭС учун якуний жой танлаш учун атроф-муҳитга таъсир кўрсатиш баҳолови (ОВОС) тайёрланиб, у МАГАТЕ қоидалари асосида ишлаб чиқилган ва мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилади, шунингдек, жамоатчилик эшитуви учун қўшни мамлакатлар тақдим этилган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда қайд этиш жоизки, ОВОС нафақат фонд ва архив материаллари асосида, балки АЭС учун майдонча танлаш мақсадида амалга оширилган муҳандислик қидирув ишларининг биринчи босқич натижалари АЭС қурилишининг техник лойиҳалари муҳандислик тадқиқотлари асосида тайёрланди. Бунда охирги уч йил давомидаги тадқиқотлар материалларига ҳам мурожаат қилинган бўлиб, улар белгиланган қоида ва меъёрларга мувофиқ АЭСнинг атроф-муҳитга кўрсатадиган таъсирини камайтиришга қаратилган таҳлил ва тадбирларни режалаштиришга етарлидир.
Мақола муаллифининг амалга оширилган тадқиқот ишлари «Ўзатом» агентлиги томонидан тўлиқ молиялаштирилмаган, деган фикри ҳам ҳақиқатдан йироқ. «Ўзатом» агентлиги томонидан пул маблағлари муҳандислик тадқиқот ишлари бўйича бош пудратчи «ЎзГАШКЛITI» ДУКга ўз вақтида тўлаб берилган, шунга мувофиқ тарзда, бош пудратчи эса субпудрат ташкилотларига ўз вақтида маблағларни тўлаган. Ушбу масалани ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 4 август куни «Ўзатом» агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари ва «Ўзатом» агентлигининг АЭС қуриш ишлари бўйича Дирексияси директори жойга чиққан ҳолда муҳандислик тадқиқот ишларининг олиб борилиши билан танишди.
Майдончада ишлаётган шахсий таркиб ва ходимлар билан ўтказилган мулоқотда маълум бўлдики, муҳандислик-тадқиқот ишларида иштирок этаётган барча субпудрат ташкилотларнинг ишчиларига ойлик иш ҳақлари белгиланган жадвалга асосан ўз вақтида берилмоқда, ҳеч қандай қарздорлик ҳолатига йўл қўйилмаган. Қизиғи шундаки, шунчалик узоқ йўлни босиб ўтган муаллиф штабга кириб, расмий шахслардан маълумот олишни ўзига эп кўрмапти. Шу ўринда тадқиқот ишлари ва уларнинг харажатларига доир эҳтимолий саволларни инобатга олиб айтиш керакки, исталган мамлакатда бу каби маълумотларга фақат муайян тоифадаги мутахассислар эга бўлади ва уларни тарқатишга чеклов ўрнатилади. Очиқ маълумотларни эса биз жамоатчиликка ҳар бир босқич натижалари бўйича эълон қилиб борамиз. Ўз навбатида сарфланаётган харажатлар бир қанча вазирлик ва идоралар томонидан қатъий назорат этилишини ҳам эслатиб ўтамиз.
Мақола муаллифи АЭС чиқиндилари масаласида мулоҳаза юритишда ҳам янглишган. Гап шундаки, радиоактив сувлар биронта техник ёки технологик ечимларда ва регламентларда ташқи муҳитга чиқариб ташлаш кўрсатилмаган. Бу эҳтимолдан узоқ ва амалда мумкин ҳам эмас. Биринчи контурдаги сув (аниғи, сув эмас, балки бор эритмаси) реакторнинг мустаҳкам герметик биринчи контурида, қувурларда ва бошқа қурилмаларда сақланиб, чуқур тизимли учинчи ҳимоя қатлами билан муҳофазаланган. Бордию ушбу контурларнинг, масалан, қувурлар линияси занглашига йўл қўйилса ҳам, лойиҳалаш босқичида муҳандислар ҳар бир бундай вазиятни инобатга олиб, лойиҳани тайёрлашда шундай эҳтимолий омилларни ҳисобга олган ва муаммони бартараф этишга доир хавфсизлик чоралари ишлаб чиқилган.
Лойиҳачиларда ҳатто «лойиҳалаштирилган ҳалокат» (яъни олдиндан эътиборга олинган ҳалокатлар) деган термин мавжуд. АЭС хавфсизлик тизими эса хавфсизлик борасида муҳим ўрин тутувчи қувурлардаги ҳолатни ҳар сонияда мониторинг қилиб боради ва юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни ишончли тарзда автоматик бартараф эта олади. Шундай экан, «чиқинди сувлари» ва «радиоактив сизиш» каби гаплар ноўрин фантазиядан бошқа нарса эмас.
Мақола муаллифи шунингдек, 2008 йилда жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистоннинг мурожаатини кўриб чиқиб, Айдар-Арнасой кўллар тизими сув-ботқоқ ҳудудлари бўйича халқаро Рамсар конвенсияси рўйхатига киритилганига урғу беради.
Ҳақиқатан ҳам, 2008 йилда паррандаларни сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Айдар-Арнасой кўллар тизими сув-ботқоқ ҳудудлари бўйича халқаро Рамсар конвенсияси рўйхатига киритилган. Қайд этиш керак, Рамсар конвенсияси қоидаларига биноан, ҳудуднинг унинг рўйхатига киритилиши хўжалик фаолиятига ҳеч қандай чеклов ўрнатмайди. Фақат ягона шарти шундаки — сувбўйи қушлари ва уларнинг маконларини ҳимоя этиш чоралари амалга оширилиши лозим. Ўрни келганда айтиш керакки, Айдар-Арнасой кўллар тизими Ўзбекистон сув ҳавзалари орасидаги энг катта кўллардан биридир. Миграция ва қишлов даври қушлар учун муҳим аҳамият касб этади. Бироқ, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, мазкур сув ҳавзасида қушлар сув сатҳи доимо бир хил бўлмагани, қирғоқ ўсимликларининг кўплиги ва гидробиологик объектларнинг кўчиши — озиқ-овқат таъминоти сабабли тўхташ жойини доимий тарзда ўзгартириб туради. Шундай қилиб, АЭС қурилиши ва эксплуатацияси жараёнида Тузкон кўлининг қирғоқ чизиғи ва сув сатҳидан экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ фойдаланиш Рамсар конвенсиясининг қоидаларини бузмайди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Тўдакўл кўли ва Қуйимозор сув омбори ва Жанубий Орол минтақасидаги бир қатор кўлларни Рамсар рўйхатига киритиш учун ҳужжатлар тўплами тайёрлаганини ва улар конвенсия шартларига тўлиқ жавоб беришини ҳам инобатга олиш керак.
Мақола муаллифининг ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиофал чиқиндилар масаласида хавотир олаётганига жавобан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги республика ҳудудида атом электр станцияси қуриш ва эксплуатация қилиш тўғрисидаги Ҳукуматлараро келишувга кўра, фойдаланилган ядро ёнилғиси ва радиоактив чиқиндилар алоҳида келишув ва шартномалар бўйича мувофиқлаштирилади. Бунда хорижий тажриба инобатга олинган ҳолда, радиоактив чиқиндилар ишлаб чиқарилган мамлакатда сақланади. «Ўзатом» агентлиги вакиллари Япония, Венгрия, Россия, Украина ва АҚШ каби давлатлардаги АЭСларнинг бу борадаги фаолиятини ўз кўзлари билан кўриб амин бўлди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси 1968 йил 1 июлдаги ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома, 1979 йил 26 октябрдаги Ядровий материалларни ва ядровий қурилмаларини жисман ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенсия, 1997 йил 5 сентябрдаги Ишлатиб бўлинган ёқилғи билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги бирлашган конвенсия аъзоси ҳисобланиб, ишлатилган ёқилғиларни қайта ишлаш учун Россия Федерациясига ташиш режалаштирилган.
Қайта ишлаш жараёнида барча қимматбаҳо ядро материаллари олинади, қолган қисми буғлаш ва пресслаш йўли билан мустаҳкамланади ва кейинчалик Ўзбекистонга қайтарилади. Россия қонунларига кўра, мамлакатга радиоактив чиқиндиларни олиб кириш тақиқланади. Ҳар бир мамлакат ўз ҳудудида радиоактив чиқиндиларни сақлаши лозим.
Шу боисдан «Ўзатом» агентлиги ва «Росатом» давлат корпорацияси мутахассислари ушбу масала, яъни ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиоактив фаол чиқиндилар бўйича узвий ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Яқин вақт ичида бу борада халқаро тажриба инобатга олинган ҳолда ядро ёқилғиси ва радиоактив фаол чиқиндиларга доир Стратегия ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.
Жорий йилнинг 15 май куни «Ўзатом» агентлиги биносида Атом технологиялари бўйича ахборот маркази очилди. Унинг асосий мақсади ҳаётимизнинг барча соҳаларида қўлланилаётган атом технологиялари хусусида ташриф буюрувчиларга тўлақонли маълумот беришдир. Бугунги кунгача Ахборот марказига 1000 дан ортиқ киши, шу жумладан, ўқувчилар ва талабалар, ўқитувчи ва олимлар, депутатлар, ННТ ҳамда ОАВ вакиллари ва бошқалар ташриф буюрди. Шу ўринда қайд этиш керакки, «Ўзатом» агентлиги ўз фаолияти бўйича доимо очиқдир. АЭС қурилиши лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар ва ядро инфраструктурасини яратишга доир барча маълумотлар ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда тақдим этилади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, маълум қиламизки, мақола муаллифи, шунингдек, барча қизиққан журналистлар исталган вақтда «Ўзатом» агентлиги вакиллари билан белгиланган тартибда алоқага чиқишлари, шундан сўнг ўзларини ташвишга солган саволларга жавоб олиш учун тегишли мутахассислар билан учрашув ташкил этилиши мумкин. Шу муносабат билан, биз ҳеч қандай маълумот беришга ваколати бўлмаган қўриқчилар билан алоқада бўлишни мақсадга мувофиқ эмас, деб биламиз.
Шу ўринда эслатиб ўтамизки, Ахборот маркази фаолияти доимо очиқ бўлса-да, ундаги манба ва маълумотлардан фойдаланиш учун олдиндан огоҳлантириб қўйиш лозим. Негаки, марказда ўрнатилган тизим ва мултимедиа қурилмаларини ишга тушириш учун муайян вақт талаб этилади. Ўрни келганда мақола муаллифи «Ўзатом» агентлигига келган вақтга эътибор қаратиб, у соат 18:00 дан сўнг, расмий иш вақти тугаганидан сўнг келганини таъкидлаб ўтамиз. Шунга қарамасдан, агентлик бошқармаси бошлиғи томонидан тушунтириш берилганига қарамасдан, муаллиф қўриқчининг сўзларидан келиб чиққан ҳолда хулоса чиқаргани, профессионал этикага тўғри келмаслигини ҳам билдирамиз.
«Ўзатом» агентлиги раҳбарияти фуқароларимизнинг барча саволларига жавоб беришга, шунингдек, улар қабул қилишни сўрашса, бунга ҳам доим тайёр эканлигини маълум қилади. Шу боисдан, барчага мурожаат қиламизки, кимдадир қандай саволлар бўлса, уларни бизнинг расмий манзилимизга ёки электрон почтамизга юборишлари ҳамда телефон орқали маълум қилишлари мумкинлигини билдирамиз, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)