Ўзбекистонда бир гуруҳ шахслар паст фоизда (6-12 фоиз) автомашина сотиб олмоқчи бўлган фуқароларга исталган машинани етказишни ваъда қилган. ИИВ матбуот хизмати ушбу шахсларнинг суратини тақдим этди.

Маълум қилинишича, мазкур шахслар ижтимоий тармоқлардаги тарғибот орқали Тошкент шаҳри ва республиканинг турли нуқталарида (Андижон, Наманган, Фарғона, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Нукус шаҳрида) МЧЖлар ташкил этган.
Жумладан,Umid avto companies”, “Umid Savdo Fayz Invest”, “Umid Avto Lizing”, “Umid Auto”, “Group Of Companies Ual”, “Umid Avto-Tashkent”, “Orient Auto”, “Umid Lizing Tashkent”, “Orient Avto-Lizing”, “Umid Auto Leasing”, “Group Of Orient Auto”, “Imkon Auto Xizmati”, “Umid Avto Companies”, “Busines Orientauto”, “Umid Auto Xizmati”, “Orient Auto Hamkor”, “Imkon Avto Markaz”, “Avtovariant”, “Ava Orientauto”, “Ava Umidavto”, “Avto Ijara Xizmati”, “Umid Auto Business Toshkent”, “Orient Auto Leasing”, “Orient Auto Toshkent”, “Ilgor Lizing” вa “Orient Finans Lizing”лар улар томонидан ташкил этилган.
Мазкур шахслар мижозлар билан дастлаб бўнак (аванс) шартномаларини тузган ҳолда, 120 кун мобайнида автомашина етказилишини ваъда қилган. Сўнг улар шартнома шартларини бажармасдан, фуқаролардан келиб тушган маблағларни ўзлаштириш билан шуғулланиб келган.
Ҳолат юзасидан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а,в” бандлари (фирибгарлик жуда кўп миқдорда; уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида 843 нафар фуқаро жабрланувчи деб топилган.
Бундан ташқари, умумий 50,1 млрд сўм зарар аниқланган. МЧЖларга тегишли 339 дона транспорт воситалари хатланган.
Ишга алоқадор 9 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда махсус тезкор штаб тузилган бўлиб, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти биносида ҳар куни соат 09:00 дан 21:00 га қадар иш олиб бормоқда. Суратдаги шахсларнинг жиноий фаолиятидан хабардор бўлган, шунингдек юқоридаги МЧЖларнинг ноқонуний фаолиятидан жабрланган фуқаролардан Тезкор штабга ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишлари сўралмоқда.
Манзил: Тарас Шевченко кўчаси, 62. Тел.: (71) 256-79-39
Изоҳ (0)