Fitch халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон кредит рейтингини “BB-” дан “BB” даражасига оширгани ҳақида хабар берилганди. Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу ҳақда фикрларини билдирди.

“Бу 2018 йилдан бери кузатилаётган биринчи ўсиш ҳолатидир. Fitch ҳисоботида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, дунёдаги ўзгарувчан ва ноаниқ вазиятлар шароитида иқтисодий барқарорликни сақлаш йўлидаги ютуқлар алоҳида эътироф этилган.
Аввалроқ S&P ва Moody’s рейтинг агентликлари ҳам Ўзбекистон суверен кредит рейтинги баҳоси кутилмасини ‘барқарор’дан ‘ижобий’га оширган эди. Бу халқаро ҳамкорларимиз учун муҳим сигнал бўлиб, келгусида янада кўпроқ хорижий сармояларни жалб этишга хизмат қилади.
Президентимиз бошчилигидаги жамоа халқимиз фаровонлигини юксалтиришга қаратилган тизимли ислоҳотларни давом эттиради. Йўлимиздан тўхтамаймиз!”, деб ёзган Саида Мирзиёева.
Moody’s халқаро рейтинг агентлиги томонидан 13 июнь куни Ўзбекистон суверен кредит рейтингига бағишланган навбатдаги ҳисобот эълон қилинди. Унга кўра, республиканинг кредит рейтинг баҳоси “Ba3” (“BB-”) даражасида тасдиқланиб, рейтинг кутилмаси “барқарор”дан “ижобий”га оширилди.
Moody’s томонидан 2025 йилнинг бошидан бери 11 та мамлакатнинг суверен кредит рейтинги баҳоси ёки кутилмаси пасайтирилган ҳамда 12 та мамлакатники оширилган. Ҳисоботда Ўзбекистон суверен кредит рейтинги кутилмасининг “ижобий”га оширилиши амалга оширилаётган институционал ислоҳотлар орқали иқтисодий сиёсат самарадорлиги ва институтлар сифати яхшиланиши билан боғлиқ эканлиги таъкидланган.
S&P Global Ratings халқаро агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини “барқарор” даражадан “ижобий” даражага яхшилаганди.
Жаҳон банки “Глобал иқтисодий истиқболлар” ҳисоботини эълон қилган эди. Ҳисоботда Европа ва Марказий Осиё учун тенденциялар, прогнозлар ва хавфлар таҳлил қилинади.
Прогнозларга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 2024 йил охирида 6 фоизни ташкил этди.
Келгуси йиллар учун прогноз
Жаҳон банки прогнозида маълум қилинишича, Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 йили 5,8 фоиз, 2026 йили эса 5,9 фоиз ўсади. Таъкидлаш лозим, бу — Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги давлатлар орасида энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
2024 йилнинг октябрь ойида ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти 2025 ва 2026 йилларда мос равишда 5,8-5,9 фоиз ўсиши ҳақида маълум қилинганди.
Изоҳ (0)