Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган “Автомобиль эҳтиёт қисмлари” бозоридаги жиноий гуруҳ аъзолари ушланди.

Маълум қилинишича, ҳолат Тошкент шаҳридаги криминоген вазиятни соғломлаштириш ҳамда жиноятчиликка барҳам бериш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида аниқланган. Учтепа туманининг Фарҳод кўчасида жойлашган “Автомобиль эҳтиёт қисмлари” бозорида 12 нафар шахсдан ташкил топган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.
Жумладан, жиноий гуруҳ аъзолари мижознинг автотранспорт воситасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатган. Шундан сўнг, ушбу хизмат бозор нархида 600 АҚШ доллари бўлишига қарамасдан, фуқародан 13 300 АҚШ долларини товламачилик йўли билан ундирган.
Эътироз билдириб, ўз ҳаққини талаб қилган мижозга қўрқитиш йўли билан таҳдид қилинган.
Яна шунга ўхшаш ҳолатда эса жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомашинасига унинг розилигисиз турли эҳтиёт қисмларни ўрнатиб, ундан 3 баробар қиммат нархда пул талаб қилган. Аниқланишича, улар автомашина калитини фуқародан олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали ундан 15 млн сўм ундирган.
Бундан ташқари, қонунбузарлар яна 2 нафар фуқаронинг автомашинасини қўшимча эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлаш учун улардан жами 70 млн сўм миқдорида пул олиб, ваъда қилинган ишни бажармаган.
Таъкидланишича, жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги 1988—2002 йиллар оралиғида Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, уларнинг аксарияти муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.
Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят кодексининг 165-(товламачилик) ва 168-(фирибгарлик) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов доирасида гуруҳ аъзоларининг бошқа жиноий ҳаракатларига ва улардан жабр кўрган фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда 843 кишига арзон кредитда машина олиб беришни ваъда қилган 9 киши қўлга олинган эди. Шунингдек, Тошкентда шахсий маълумотларни тўплаш билан шуғулланган ноқонуний Call-марказ аниқланганди.
Изоҳ (0)