“Мебел ва ёғочсозлик саноатининг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025–2028 йилларда мебел ва ёғочсозлик саноатини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди, жумладан:
- мебел ва ёғочсозлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 30 фоизга ошириш;
- экспорт ҳажмини 100 млн долларга етказиш;
- соҳада 50 минг нафар аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш.
2029 йил 1 январгача қарорда белгиланган мебел ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган 14 турдаги хом ашё, эҳтиёт қисмлар, фурнитура ва аксессуарлар импортида божхона божи 1 фоиз ставкада қўлланилади.
2025 йил 1 июлдан ўз хонадонида фаолият юритадиган ЯТТларга мебел маҳсулотларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.
2025 йил 1 августдан маҳаллий мебел технологлари учун ривожланган хорижий мамлакатлардаги нуфузли ташкилотларнинг соҳага тегишли бўлган малака сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Шавкат Мирзиёев раислигида 26 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда мебелсозликни ривожлантириш бўйича қатор масалалар ҳал этилиши маълум қилинганди. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи олиб, мебел ишлаб чиқаришга рухсат берилиши, бу фаолиятни бошлаш, кенгайиш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилиши айтилди.
Ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хом ашёга божни камайтиришни сўраган. Президент миллий маҳсулотлар рақобатбардош бўлиши учун бунга розилик берди. Мутасаддиларга 14 турдаги хом ашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди. Мебел учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.
Изоҳ (0)