Сомон йўлидан ташқарида рўйхатга олинган қора туйнукларнинг тарихдаги энг йирик бирлашуви қайд этилди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Ҳодиса Ер сайёрасидан тахминан 10 миллиард ёруғлик йили узоқликда содир бўлган. Ҳодисадан сўнг пайдо бўлган гравитацион тўлқинлар 2023 йил ноябрь ойида АҚШдаги LIGO (Луизиана ва Вашингтон штатларида жойлашган) детекторларида қайд этилган.
Тўқнашган қора туйнуклардан бири Қуёшдан 103 баравар, иккинчиси эса 137 баравар оғир бўлган. Бирлашув натижасида ҳосил бўлган янги қора туйнук эса 265 Қуёш массасига тенг. У ҳозиргача аниқланган энг йирик қора туйнук ҳисобланади.
Олимларнинг фикрича, бундай улкан қора туйнуклар аввалги бирлашувлар натижасида шаклланган бўлиши мумкин. LIGO детекторлари ушбу қора туйнукнинг “сўниш босқичи”ни, барқарорлашаётганда юзага келган тебранишларни ҳам қайд этган. Кардифф университети профессори Марк Ханнам бу “гравитацион тўлқинлар ёрдамида аниқланган энг йирик қора туйнук” эканини айтган.
2025 йил февраль ойида халқаро олимлар жамоаси энг ёрқин ва рекорд даражада тез ўсаётган ўта йирик қора туйнукни аниқлаганди. У Қуёшдан 17 миллиард марта оғирроқ. Қора туйнукка тортиладиган материя жуда кўп энергия чиқаради.
Тадқиқотчилар биринчи марта GRAVITY+ қурилмаси ёрдамида қора туйнук массасини тўғридан тўғри ўлчашни режалаштирмоқда. Бу қора туйнукнинг ўз ўқи атрофида айланишини кузатишга ёрдам беради. Шунингдек, уларнинг массаси ва тарқатадиган ёруғлик (нурланиш) орасидаги боғлиқликни чуқур ўрганишга ҳисса қўшади.
Изоҳ (0)