Гаиа телескопидан фойдаланиб, астрономлар Ерга энг яқин қора туйнукни топди, у сайёрамиздан атиги 1600 ёруғлик йили узоқликда жойлашган ва Қуёшникидан ўн баравар каттароқ массага эга. Бу ҳақда MNRAS журналида чоп этилган мақолада айтилади, деб ёзади Naked Science нашри.
Gaia BH1 қора туйнуги 10 Қуёш массасига эга деб баҳоланмоқда ва унинг атрофида Қуёш типидаги юлдуз айланади. Уларнинг орасидаги масофа Ер билан Қуёш орасидаги масофа билан тахминан бир хил.
«Қуёш тизимини олинг, Қуёш ўрнига қора туйнукни, Ер ўрнига Қуёшни қўйиб кўринг ва ушбу тизимни тушунасиз. Бу юлдуз массасидаги қора туйнук атрофида Қуёш типидаги юлдузнинг кенг орбитада айланишига оид биринчи ишончли кашфиёт», — деди топилма муаллифларидан бири Карим Эл-Бадри.
Gaia BH1 қора туйнуги 1560 ёруғлик йили узоқликда жойлашган бўлиб, у бизга энг яқин қора туйнукдан тахминан ярим баравар яқинроқ. Аммо келажакда янада яқинроқ қора туйнуклар топилиши мумкин. Бир неча йил ичида Гаиа телескопи миллиардлаб юлдузларнинг жойлашуви ва тезлиги ҳақидаги ўта аниқ маълумотлар билан осмонни тадқиқ қилишни якунлайди. Ушбу кузатишлар бошқача усуллар билан деярли кўринмайдиган қора туйнукларга томон йўл кўрсатиши мумкин.
Изоҳ (0)