2029 йилнинг 13 апрель куни Апофис астероиди Ердан атиги 32 000 километр масофада учиб ўтади — бу шунчалик яқинки, уни оддий кўз билан кўриш мумкин бўлади. Бу жуда кам учрайдиган ҳодиса болиб, бундай ўлчамдаги жисмлар сайёрага минг йилда бир марта яқинлашади.

Апофиснинг шакли америкача футбол тўпини эслатади — у узунасига чўзилган ва ўз ўқи бўйлаб тебраниб, олдинга думалаб айланади. Унинг узунлиги тахминан 450 метр бўлиб, бу тўртта футбол майдонига тенг, ўртача диаметри эса 340 метрга, яъни Эйфель минораси баландлигига тенг. Бу уни Ерга шунчалик яқин масофадан ўтувчи энг йирик астероидлардан бирига айлантиради.
“Бу тахминан минг йилда бир марта содир бўлади. Жанубий Европа, Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Ғарбий Осиё аҳолиси астероидни эрта тонгда оддий кўз билан кўришлари мумкин — у тез ҳаракатланаётган ёрқин юлдузга ўхшаб кўринади”, дейди Кирундаги Коинот физикаси институти (IRF) профессори Стас Барабаш.
Таъкидланишича, келажакдаги потенциал хавфни ҳисобга олган ҳолда, Европа космик агентлиги (ESA) олимлари Апофисга RAMSES (Rapid Apophis Mission for Space Safety) космик зондини юборишни режалаштирмоқда. Бу зонд астероиднинг физикаси, тузилиши ва Ернинг тортишиш кучи ҳамда магнитосфера таъсиридаги хатти-ҳаракатларини ўрганиш учун мўлжалланган.
Барабашнинг қайд этишича, Ернинг тортиш кучи билан ўзаро таъсир Апофис орбитасини ўзгартириши мумкин, бу эса келажакдаги потенциал хавфларни баҳолаш учун муҳимдир.
Шунингдек, RAMSES миссияси келажакда Ер билан тўқнашиш хавфи бўлган астероид аниқланса, фавқулодда вазиятда ҳаракат қилишга тайёрликни намойиш этиш учун ҳам мўлжалланган.
Агар Апофис Ерга тушганда, бу глобал фалокатга олиб келмаган бўлса-да, маҳаллий миқёсда оқибатлар ҳалокатли бўларди. Масалан, у океанга тушса, кучли цунамига сабаб бўлади. Зарба энергияси 2000 мегатонна тротил эквивалентидан ортиқ деб баҳоланмоқда — бу динозаврларни йўқ қилган астероидникидан анча кам, аммо Тунгус метеоритидан сезиларли даражада катта.
Бугунги кунда олимлар учун асосий вазифа — миссияни 2028 йил апрелигача тайёрлаш ва ишга туширишдир.
Барабашнинг айтишича, лойиҳада Швеция космик саноатининг иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Изоҳ (0)