Леонардо да Винчи, Алберт Эйнштейн, Наполеон Бонапарт, Исаак Ньютон, Никола Тесла, Искандар Зулқарнайн, Иван Павлов — санъат, фан ва сиёсатдаги бу машҳур шахсларни нима бирлаштиради? Уларнинг барчаси чапақай бўлган.

Ўнлаб йиллар давомида баъзи умумеътироф этилган даҳоларнинг чапақайлиги уларнинг ўнақайларга қараганда анча истеъдодлироқ деган барқарор афсонани кучайтирди. Бироқ Kornell университети психологларининг янги тадқиқоти етакчи қўл ва ижодкорлик қобилияти ўртасидаги боғлиқлик ҳаддан ташқари баҳоланганини кўрсатиб, бу кенг тарқалган қарашни рад этади.
Профессор Даниэль Касасанто раҳбарлигидаги бир гуруҳ олимлар қарийб бир аср давомида ёзилган мавзуга оид кўплаб илмий нашрларни — мингга яқин ишни таҳлил қилди. Улардан атиги 17 таси мета-таҳлилга киритишнинг қатъий мезонларига жавоб берди. Дивергент, яъни ижодий фикрлашга масъул бўлган мия ярим шарининг ўнг томони чапақайларда кучлироқ фаоллашади, деган машҳур фикрга қарамай, умумлаштирилган таҳлил натижалари кутилмаган бўлиб чиқди: чапақайлар ижодий тестларда ҳеч қандай устунлик кўрсатмади. Баъзи ҳолларда эса, озгина устунлик ҳатто ўнақайлар томонида бўлган.
Шундай бўлса-да, санъат ва мусиқа соҳаларида чапақайларнинг аҳолидаги улуши — тахминан 10 фоиздан кўпроқ учрайди. Бу эса чапақайлик ижодкорлик қобилияти билан бевосита боғлиқ деган нотўғри тушунчани келтириб чиқарди. Бу ҳақиқатми ёки йўқлигини аниқлаш учун олимлар 770 дан ортиқ соҳада фаолият юритаётган 12 мингга яқин кишининг касблари ва фаолият соҳалари ҳақидаги кенг қамровли маълумотлар базасини таҳлил қилишди. Турли касбларда — рассомлардан тортиб физикларгача — талаб этиладиган ижодкорлик даражасини таққослаганда, энг ижодий касбларнинг аксариятида, аксинча, чапақайлар кам вакил экани аниқланди.

Хўш, “чапақай даҳо” қабилидаги афсона қаердан келиб чиққан? Муаллифларнинг фикрича, бунинг сабабларидан бири инсоннинг статистик хатога мойиллиги бўлиб, бунда ягона, аммо ёрқин мисоллар қоидага айланади. Бир-икки машҳур чапақай рассом ёки мусиқачини кўриб, одамлар умумлаштиришга мойил: агар улар ижодкор ва айни пайтда чапақай бўлса, демак, бу хусусиятлар ўртасида боғлиқлик бор, деб ўйлашади. Романтиклаштирилган “санъат фидойиси” ғояси ҳам ўз таъсирини кўрсатган: маълумки, чапақайлар ҳақиқатан ҳам кўпроқ депрессия ёки шизофрениядан азият чекишади ва жамоат онгида узоқ вақтдан бери ижодкорлик билан руҳий азоб-уқубатлар ўртасида мустаҳкам алоқа мавжуд.
Тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, чапақайлик на қарғиш, на инъом, балки оддий меъёр вариантидир. Чапақайларда ижодий фикрлашда ёки ғайриоддий ечимларни топишда туғма устунлик мавжуд эмас. Бундан ташқари, бундай устунликка ишониш — холисона илмий маълумотларни эътиборсиз қолдириш демакдир. Профессор Касасанто шундай хулоса қилади: чапақайларнинг алоҳида ижодкорлигига ишониш — шунчаки чиройли, аммо нотўғри афсонадир. Бу афсонани тасодифий мисоллар, маданий қолиплар ва эҳтиётсиз умумлашмалар озиқлантирган, холос.
Изоҳ (0)