Жорий йил 1 августдан Ўзбекистонда базавий ҳисоблаш миқдори 10 фоиз оширилиб, 412 минг сўм этиб белгиланди (аввал 375 минг сўм эди). Бу йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар кўтарилишига олиб келади.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга кўра, ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузган тақдирда унга турли миқдорларда жарималар қўлланади. “Дарё” улардан айримларини янги қиймати қанчадан тўғри келишини ҳисоблаб чиқди.
Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириш БҲМнинг 1 баравари (412 минг сўм) миқдорида жаримага тортилади.
Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириш БҲМнинг 5 баравари (2 миллион 60 минг сўм) миқдорида жарима ёзилади.
Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортиқ катталикда ошириш БҲМнинг 9 баравари (3 миллион 708 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилишига сабаб бўлади.
Энг юқори жарималардан бири автотранспорт воситасини маст ҳолда бошқарганлик учун БҲМнинг 25 баравари, яъни 10 миллион 300 минг сўм жарима белгиланган. Автомобиль ойнасини техник регламентга мос бўлмаган тартибда, тегишли рухсатномасиз қорайтириш (тонировка) учун ҳам шунча миқдорда жарима ёзилади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг қирқ баравари миқдорида (16 миллион 480 минг сўм) жарима солишга сабаб бўлади.
• Йўл-транспорт ҳодисаси юз берган жойдан кетиб қолиш БҲМнинг 15 баравари (6 миллион 180 минг сўм) миқдорида;
• Автотранспортни бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсларнинг шу воситаларни бошқариши БҲМнинг 5 баравари (2 миллион 60 минг сўм) миқдорида;
• Автотранспортни бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш БҲМнинг 3 баравари (1 миллион 236 минг сўм) миқдоридаги жаримага сабаб бўлади.
Кодексда яна кўплаб йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарималар белгиланган. Жумладан, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 2 баравари (824 минг сўм) миқдорида жарима ёзилади. Темирйўлнинг ўтиш жойларидан ўтиш қоидаларини бузганлик учун БҲМнинг 3 баравари (1 миллион 236 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади. Бунда ҳайдовчи транспортни бошқариш ҳуқуқидан 1 йил-у 6 ойдан 3 йилгача маҳрум қилинади.
Шу билан бирга, йўлларда гуруҳ бўлиб ҳаракат қилишда қатнашиш БҲМнинг 3 баравари, светофорнинг тақиқловчи сигналида тўхташ чизиғини босиб кириш БҲМнинг иккидан бир қисми (206 минг сўм) миқдорида жарима қўллашга сабаб бўлади.
Агар ҳайдовчи светофорнинг тақиқловчи сигналига ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасига бўйсунмасдан ўца, унга нисбатан БҲМнинг 2 баравари (824 минг сўм) миқдорида жарима ёзилади.
Кодексда яна кичикроқ миқдордаги жарималар ҳам кўплаб қоидабузарликлар учун белгилаб қўйилган. Масалан, автомобиль товуш сигналини сабабсиз чалганлик учун БҲМнинг 1 баравари (412 минг сўм) миқдорида, автотранспортни пиёдалар йўлкаларидан юргизганлик учун БҲМнинг иккидан бир қисми (206 минг сўм) миқдорида жарима бор.
Йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслик ёки автотранспортларни қувиб ўтиш БҲМнинг иккидан бир қисми миқдорида жаримага сабаб бўлади.
Яна бир қоидабузарлик тури йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг автотранспортни бошқаришидир. Бунинг учун ҳайдовчига нисбатан БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима ёзилади.
Шунингдек, ишончномаларни, автотранспортни бошқа шахсга ўтказиш ва ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказмасдан (ҳисобга қўймасдан) бошқариш БҲМнинг 1 баравари миқдорида, автотранспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полисларисиз бошқариш БҲМнинг 2 баравари миқдорида жаримага тортилишга сабаб бўлади.
Изоҳ (0)