АҚШ Конгресси Сенатидаги Демократик партия фракциясининг ярмидан кўпи биринчи марта Ғазо секторидаги давом этаётган можаро фонида Исроилга Америка қуролларини етказиб беришни тақиқлашни назарда тутувчи қарорни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда The Hill газетаси хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бу воқеа анклавдаги ҳарбий ҳаракатлар масаласида “Конгрессда Исроилга бўлган тарихий икки партиявий қўллаб-қувватлашнинг парчаланиши” ҳақида сўзловчи бурилиш нуқтасидир.
Конгресс юқори палатаси муҳокамасига киритилган қарор лойиҳаси Демократик партия фракцияси ишида қатнашаётган мустақил сенатор Берни Сандерс томонидан тайёрланган. Овоз бериш якунига кўра, у 27 нафар демократ сенатор қарор лойиҳасини қўллаб-қувватлагани, 17 нафари эса қарши овоз берганини таъкидлади.
“Вазият ўзгармоқда. Америка халқи Ғазодаги болаларни очликка маҳкум этиш учун миллиардлаб маблағ сарфланишини истамайди. Демократлар олдинга силжияпти ва мен яқин келажакда республикачиларнинг ҳам қўллаб-қувватлашига умид қиламан”, деди Сандерс овоз беришдан сўнг.
Қарор лойиҳасига Республикачилар партиясидан барча сенаторлар қарши чиққанлиги сабабли у қабул қилинмади. Сандерс Ғазодаги инсонпарварлик инқирози туфайли Исроилга 675 миллион долларлик қурол-яроғ етказиб беришни тўхтатишни назарда тутувчи қарор лойиҳасини учинчи марта илгари сурди. Олдинги овоз беришларда - 2025 йил апрель ва 2024 йил ноябрь ойларида Сандерс қарор лойиҳасини мос равишда 15 ва 19 нафар демократ сенатор қўллаб-қувватлаган эди.
Қарор лойиҳасини ёқлаб овоз берган Демократик партия фракцияси аъзолари Исроил давлатига эмас, балки мамлакат бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукуматининг сиёсатига қарши эканликларини таъкидлашган.
“Исроилнинг узоқ йиллик дўсти ва тарафдори сифатида, Нетаньяху ҳукумати бу сиёсатни давом эттира олмаслигини билдириш учун “ҳа” деб овоз бераман. Нетаньяху ҳокимиятда қолиш учун ҳар сафар бу урушни чўзмоқда”, дейди Сенатнинг маблағ ажратиш қўмитаси раис ўринбосари, қурол-яроғ етказиб беришни чеклашни биринчи марта қўллаб-қувватлаган сенатор-демократ Петти Мюррей.
Июль ойи бошида Американинг Gallup социологик хизмати томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳозирда АҚШ Демократик партияси тарафдорларининг атиги 8 фоизи Исроил раҳбарияти ва ҳарбийларининг Ғазо секторидаги ҳаракатларини қўллаб-қувватламоқда. 2024 йил сентябрь ойида ўтказилган аввалги сўровда демократларнинг 24 фоизи анклавдаги ҳарбий ҳаракатлар масаласида Исроилни маъқуллашини билдирган эди.
Бундан аввал Америка Қўшма Штатлари президенти Дональд Трамп Канаданинг Фаластинни тан олиш нияти Вашингтон ва Оттава ўртасидаги савдо битимини тузиш жараёнини мураккаблаштириши мумкинлигини ма`лум қилганди.
Изоҳ (0)