АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо секторидаги оч қолган болалар тасвирларини кўргач, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху билан муносабатга ёндашувини ўзгартиришга қарор қилди. Бу ҳақда Оқ уйнинг икки нафар амалдори CNN телеканалига берган изоҳида маълум қилди.

Телеканал хабарига кўра, Трамп Шотландияга жўнашдан олдин оч қолган болалар ҳақидаги видеоматериалларни томоша қилган.
“У ёрдамчиларига Нетаньяху билан бу даҳшатли манзараларни муҳокама қилмоқчи эканини ва АҚШ қандай ёрдам бера олишини сўрамоқчи эканини айтди”, дейди телеканал суҳбатдошлари.
Амалдорлардан бирининг таъкидлашича, бу кадрлар Трампни “жуда ташвишга солган”.
CNN хабар беришича, 28 июль куни Трамп Нетаньяху билан Ғазо секторидаги очарчилик муаммоси ҳақида шахсан гаплашган ва Исроил бош вазирига “бошқача йўл тутиш зарурлиги”ни уқтирган.
Илгари БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури Ғазо секторида озиқ-овқат истеъмолининг асосий кўрсаткичлари 2023 йил октябрь ойида можаро авж олгандан бери энг ёмон даражага етганини маълум қилган эди.
“Озиқ-овқат хавфсизлиги фазаларининг интеграциялашган таснифи” (IPC) халқаро мониторинг ташаббусига кўра, анклав аҳолисининг 39 фоизи кетма-кет бир неча кун давомида оч қолишга мажбур, 500 мингдан ортиқ киши — Ғазо аҳолисининг қарийб чорак қисми очликка яқин шароитда яшаяпти.
Исроилнинг 2023 йил октябрида Ғазога қарши бошлаган уруши оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 60 мингдан ошди. Уларнинг қарийб 150 нафари очарчиликдан вафот этган.
Изоҳ (0)