Президент Шавкат Мирзиёев 7 август куни Навоий вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва янги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Навоий вилоятида сўнгги саккиз йилда 8 миллиард долларлик 7 мингдан зиёд лойиҳа амалга оширилиб, 73 мингта иш ўрни яратилган. Тадбиркорлар сони 10 мингтадан 30 мингтага кўпайган.
Жорий йил олти ойида ҳудуд инвестициялари ҳажми 643 миллион долларга етган, экспорт 635 миллион доллардан ошган. 550 миллион долларлик янги қувватлар, 1 минг 140 та савдо ва сервис мажмуалари ишга туширилган.
Лекин ҳали фойдаланилмаган манбалар жуда кўп. Давлат раҳбари Навоий вилоятида йирик саноат тармоқларидан ташқари яйловларни ўзлаштириш, чорвачиликни ривожлантириш, хизмат турларини кўпайтириш бўйича имкониятлар бепоён эканини таъкидлаган. Хусусан, мамлакатдаги қазилма бойликларининг 20 фоизи, яйловларнинг 43 фоизи шу ҳудудда жойлашган. Йирик корхоналар ва қулай инфратузилма кўплаб ёндош тармоқларда талаб яратган.

Йиғилишда тадбиркорларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган янги лойиҳалар тақдимот қилинган. Жумладан, Ғозғон шаҳри, Нурота, Хатирчи, Навбаҳор ва Учқудуқ туманларидаги 8 та конга инвесторлар 566 миллион доллар сармоя киритишга тайёрлигини билдирган. Бунинг натижасида саноат ҳажми 2,5 триллион сўмга, экспорт 100 миллион долларга кўпаяди. Масалан, Нурота туманида 750 миллион куб метр гранит тошлари захираси бор. Уни қайта ишлаш учун 50 гектар майдонда саноат зонаси ташкил этиш таклиф қилинган. Шу тумандаги 10 та маҳаллада 5 мингдан зиёд хотин-қиз каштачилик билан шуғулланиб, даромад топмоқда. Энди буни кенгайтириб, 28 та маҳаллада Каштачилик марказлари очиш режалаштирилган.
Эҳтиёжманд оилаларни қуёш панеллари ва кўчма дўконлар билан таъминлаб, камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган.

Мажлисда вилоятдаги уч миллион гектар яйлов қишлоқ хўжалиги учун катта имконият экани айтилган. Масалан, қизилтепалик тадбиркор минг гектар яйловда ёмғирлатиб ва томчилаб суғориш технологиясини қўллаб, экспортбоп экинлар етиштирмоқда. Энди чорвачиликни йўлга қўйиб, сутни қайта ишлаш ташаббусини билдирган.
Вилоятда 1 миллиард 600 миллион долларлик қўшимча лойиҳалар шакллантирилган. Уларнинг натижасида яна 10 минг иш ўрни, бюджетга 1 триллион сўм тушум ва 238 миллион долларлик экспорт имконияти пайдо бўлади.

Давлат раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича топшириқлар берган. Йирик ва кичик корхоналар ўртасида кооперация йўқлиги кўрсатиб ўтилган. Тадбиркорларни корхоналарга боғлаб, кафолатли буюртмани йўлга қўйиб, кичик бизнеснинг вилоятдаги улушини ошириш вазифаси қўйилган.
Яйловларга сув чиқаришга кўмаклашиб, улардан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш зарурлиги қайд этилган.
Навоий вилоятида ўртача иш ҳақи бошқа ҳудудлардан 1,5 баробар юқорилиги савдо ва сервисга талабни ҳам, таклифни ҳам рағбатлантиради. Мажлисда шунга муносиб равишда истироҳат боғлари ва дам олиш масканлари ташкил этиш, туристларни кўпайтириш, хизматлар ҳажмини ошириш бўйича кўрсатмалар берилган.
Изоҳ (0)