Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжатда таҳририятларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, иш қоидалари ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек журналистлар учун жавобгарлик ва кафолатлар белгиланган.

Қонунга кўра, чет эл фуқаролари ва компаниялари Қирғизистонда фаолият юритаётган ОАВ тузилмалари устав капиталидаги 35 фоиздан ортиқ акция, улуш ёки пайларга эга бўла олмайди.
Таҳририятлар ахборот манбасини, жумладан аноним шароитда маълумот берган шахснинг шахсини ошкор қилмаслик ҳуқуқини сақлаб қолади. Истиснолар фақат суд қарори асосида бўлиши мумкин.
Қонун цензурани ва мансабдор шахслар томонидан ҳар қандай шаклдаги босим ўтказишни тўғридан-тўғри тақиқлайди. Шунингдек, таҳририят ёки муассислар фаолиятига аралашиш ман этилади.
Ҳужжатда ОАВни рўйхатга олиш, қайта рўйхатга олиш, фаолиятини тўхтатиб туриш ва тугатиш тартиби баён этилган. Таҳририят ҳақидаги маълумотлар адлия органлари реестрига киритилгач, дарҳол иш бошлаш мумкин. Нашрни тўхтатиш ёки ёпиш фақат суд қарори ёки муассислар ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин.
Қонунда интернет нашрларига алоҳида эътибор қаратилган. Қонуннинг якуний таҳририда нафақат анъанавий ОАВ, балки онлайн платформалар - жумладан, сайтлар ва блоглар ҳам мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги кўрсатилган. Дастлаб, тармоқ нашрларини ихтиёрий рўйхатдан ўтказиш муҳокама қилинган бўлса-да, якуний матнда мажбурийлик белгиланган.
Қонунда журналистларнинг ҳуқуқлари, ахборот олиш тартиби ва таҳририятларни жавобгарликдан озод қилиш ҳолатлари ҳам аниқлаб берилган.
Президент матбуот хизматининг айтишича, қонун Қирғизистонда мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли ОАВни ривожлантиришга қаратилган.
Изоҳ (0)