Покистоннинг шимоли-ғарбида полиция машинасида юз берган кучли портлаш оқибатида икки нафар ходим вафот этди. Бу ҳақда APNews журналистлари хабар берди.

Воқеа Хайбер-Пахтунхва вилоятининг Жанубий Вазиристон округидаги Вана шаҳрида юз берган. Маҳаллий полиция бошлиғи Адам Хоннинг айтишича, ҳужум натижасида камида икки нафар ҳуқуқ-тартибот ходими ҳалок бўлган, яна 14 киши жароҳат олди. Жабрланганларнинг аксарияти оддий аҳоли вакиллари.
Маълумотларга кўра, сўнгги ҳафталарда мамлакат шимоли-ғарбида жангарилар томонидан зўравонлик ҳолатлари кўпайган, натижада ўнлаб хавфсизлик кучлари вакиллари ўлдирилган.
Шунингдек, Покистон ҳукумати Бажур туманида ҳарбий операцияга тайёргарлик кўрмоқда. У ерда оқсоқоллар жангари ҳаракатлардан қочиш учун ҳукумат ва исёнчилар ўртасида келишув йўлларини изламоқда. Бундай операциялар илгари ҳам тинч аҳолининг оммавий кўчирилишига сабаб бўлган.
Теракт учун жавобгарликни ҳозирча ҳеч ким ўз зиммасига олмаган. Бироқ, расмийлар фикрича, гумонлар биринчи навбатда ҳарбийлар ва тинч аҳолига тез-тез ҳужумлар уюштириши билан танилган “Теҳрик-э-Толибон Покистон” (ТТП) ҳаракатига тушиши мумкин. Бу ҳаракат террорчилик ташкилотлари рўйхатига киритилган.
Нашрнинг таъкидлашича, ТТП 2021 йил августида АҚШ ва НАТО қўшинлари чиқиб кетганидан сўнг Афғонистонда ҳокимиятга қайтган афғон толиблари билан чамбарчас боғлиқ. Шундан кейин кўплаб ТТП жангарилари Афғонистон ҳудудидан бошпана топди ва, расмийлар айтишича, у ерда ўзларини эркин ҳис қилмоқда. Бу эса уларнинг Покистон ичкарисидаги фаоллигини оширган.
Июнь ойи охирида Покистоннинг шимоли-ғарбида террорчи томонидан амалга оширилган портлаш натижасида камида 16 киши ҳаётдан кўз юмганди.
AFP маълумотларига кўра, 2025 йил бошидан буён Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида ҳукуматга қарши курашни мақсад қилган гуруҳларнинг ҳужумлари натижасида 290 га яқин киши, асосан хавфсизлик кучлари ходимлари ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)