“Дарё”да Қашқадарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кутилмаган ҳолат рўй бергани ҳикоя қилинганди.
Мақолада жавобгар “Самандар нур” фермер хўжалигининг даъвогар “Агробанк” АТБга нисбатан иқтисодий иш бўйича Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2023 йил 2 августдаги ҳамда Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2024 йил 15 августдаги қарорларининг бекор қилиниши сўраб ёзилган тафтиш шикоятини кўриб чиқаётган судлов ҳайъати таркибида ўзгариш бўлгани, музокара босқичида раислик этувчи тўсатдан таътилга чиқиб, ўрнини бошқа судья эгаллагани маълум қилинганди. Бундан норози бўлган фермер ва унинг адвокати Олий судга мурожаат қилди.
Ҳозирги кунга қадар “Агробанк”нинг Нишон филиали билан судлашиб келапмиз. Бу иш Қашқадарё вилоят судида тафтиш тартибида кўрилаётганди. Ишни кўриб чиқувчи судлов ҳайъати раиси Астанов ҳолатга чуқур ёндашиб, қонуний кўриб келаётганди.
Аммо ишнинг музокарага ўтиш жараёнида Астановнинг тўсатдан таътилга чиқиши ва судлов ҳайъати раисининг ўзгариб қолиши бизда шубҳа уйғотди. Шу сабаб бу ҳақда Олий судга мурожаат қилиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ишни бошқа вилоят суди кўриб чиқишини илтимос қилгандик.
Бугун Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов кўриб чиқди ва аризамизни қаноатлантирди, дейди бу ҳақда “Дарё”га маълумот берган фермер.
Шикоятчи фермерни қабул қилган Олий суд раиси ўринбосари, Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Полвонов фермерга судлов ҳайъатини рад қилиши ва бу ҳақда Олий судга шикоят қилиши хатолигини тушунтирди.
“Сиз ишни Қашқадарёдаги суд таркиби кўришга рози эмасман деб раддия беряпсиз-да, шу сабаб биз хатда сизга бу ҳақда ёзиб “отвод”ни кўриб чиқиш бизнинг, яъни Олий суднинг ваколатига кирмаслигини, буни Қашқадарёнинг ўзи ҳал қилишини ёзяпмиз. Сиз бошқа сабабларни ёзиб, бизга оддий ариза беринг. Сиз “отвод” бермай, ҳозир менга икки қатор ариза ёзиб беринг мен ишни бошқа вилоятга ўтказиб бераман. Муаммо йўқ, деди Олий суд раиси ўринбосари фермер билан мулоқот қилар экан.
Олий суд раиси ўринбосари қабулидан чиққан фермер муаммоси тез ва осон ҳал бўлгани учун Олий суд раҳбариятига ташаккур изҳор қилди.
Мана шундай фидойи, ишни одилона кўрадиган судьялар кўпайсин, дейди шикоятчи фермер.
Аввалроқ судья Бозоров раислигидаги Қашқадарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси қарори билан “Самандар нур” фермер хўжалигининг зарарни ундириш бўйича жавобгар МИБ Нишон туман бўлимидан ундирилиши белгиланган 355 миллион сўм миқдордаги Қарши туманлараро иқтисодий суди томонидан қаноатлантирилган қарори асоссиз равишда бекор қилинган.
Мазкур апелляция инстанцияси қарори 2024 йил 1 август куни Самарқанд вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанцияси томонидан тўлиқ бекор қилиниб, “Самандар нур” фермер хўжалиги фойдасига қарор қабул қилингани хабар берилганди.
“Дарё” воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)