Саудия Арабистони Украинадаги урушни тугатиши мумкин, президент Владимир Путин режимининг қулаши эса ўйлагандан кўра яқинроқ. Бу ҳақда The Telegraph хабар бермоқда.
Хабарга кўра, Россиядаги иқтисодий вазият тобора Германиянинг Биринчи жаҳон уруши охиридаги ҳолатига ўхшаб бормоқда — ҳаддан ташқари қизиган иқтисодиёт, тугаб бораётган ресурслар ва малакали ишчи кучи етишмовчилиги. Россия ҳарбий кучлари худди 1917 йилдаги немис қўшинлари каби уч йиллик санкциялар босимидан сўнг доимий равишда кадрлар ва ускуналар танқислигидан азият чекмоқда. Бунга таъсир қилувчи қуйидаги омиллар ҳам мавжуд.
Суриядаги геосиёсий мағлубият
Башар Асад режимининг қулаши Россиянинг Яқин Шарқдаги позицияларига стратегик зарба бўлди. Москва минтақадаги асосий иттифоқчисини қутқара олмади, бу эса Владимир Путинга бўлган ишончни сусайтирди. Дамашқнинг қўлдан кетиши Россиянинг Тартус ва Хмеймимдаги ҳарбий базаларини хавф остига қўйди.
Туркия вазиятдан тезда фойдаланди. Анқара минтақани назорат қилади ва Суриядаги рус генералларининг тақдири энди Туркия раҳбариятига боғлиқ. Агар Путинга Тартусдаги ҳарбий-денгиз базасини сақлаб қолиш насиб қилса ҳам, бу Туркия шартлари асосида амалга ошади.
Иқтисодий изоляция
Россия иқтисодиёти капитал ва инсон ресурсларининг кенг кўламли чиқиб кетишини бошдан кечирмоқда. Уруш бошланганидан буён 800 мингга яқин ёш ва малакали россияликлар мамлакатни тарк этди. Ҳарбий харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизигача етмоқда, углеводородлар экспортидан келадиган даромадлар эса пасаймоқда. 2022 йил ўрталарида нефть ва газ савдосидан олинган кунлик даромад 1,2 миллиард долларни ташкил этганди. Бугунги кунда бу кўрсаткич 600 миллион долларгача тушиб кетди.
Кремль Миллий фаровонлик жамғармасидан маблағ олишга мажбур бўлмоқда, у 16 йил ичидаги энг паст кўрсаткич — 54 миллиард долларгача қисқарди. Мамлакатнинг олтин захираси ҳам сўнгги 15 ой ичида 554 тоннадан 279 тоннагача камайди. Жамғармада ликвид активлар деярли қолмади.
Ғарбнинг молиявий зарбалари
АҚШ уч ҳафта олдин “Газпромбанк” ва Россиянинг 50 дан ортиқ молиявий муассасасига қарши санкциялар жорий этиб, иқтисодий босимни кучайтирди. Бу чоралар халқаро пул ўтказмаларини ва энергия ресурслари савдосини қийинлаштириб, рубль курсига таъсир қилди.
Саудия Арабистони Россия иқтисодиётига қўшимча зарба бериши мумкин. Иқтисодий мутахассислар прогнозига кўра, Ар-Риёд йўқотилган мавқеини қайтариш учун жаҳон бозорини яна арзон нефть билан тўлдириб юбориши эҳтимоли бор. Агар нефть нархи бир баррел учун 40 доллардан пастласа, Россия молия тизими издан чиқиб, қулаши мумкин.
Саудияга қарамлик
Таҳлилчилар таъкидлашича, Россиядаги бугунги вазият Совет иттифоқининг сўнгги ойларини тобора кўпроқ эслатмоқда. Ташқи кўринишдан Путин режими ҳозирча барқарор тургандай, аммо унинг заифлашув аломатлари кўзга ташланмоқда. Тизимни издан чиқариш учун биргина жиддий геосиёсий ёки иқтисодий туртки кифоя бўлади.
The Telegraph Россия-Украина можароси тарихидаги кейинги боб Ар-Риёдда ёзилиши мумкинлиги, Путин режимининг келажак тақдири айнан Саудия Арабистонининг қарорларига боғлиқ эканини хулоса қилди.
Изоҳ (0)