“Дарё”да эълон қилинган мақоладан сўнг 2023 йилда Хонобод шаҳрида ўтказилган фестивал ғолибларига мукофот пуллари тўлаб берилди. Бу ҳақда “Дарё”га танловда учинчи ўринни қўлга киритган Бобур Уразалиев маълум қилди.
17 декабрь куни “Дарё”да “Маданият вазирлиги “Дунё садолари” фестивали ғолибларини ъанжанчасигаъ кийдирди” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда 2023 йилда “Дунё садолари” фестивали доирасида Хонобод шаҳар Ёшлар марказида Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан Ёш эстрада хонандалари республика кўрик-танлови ўтказилгани, ғолиблар бир ярим йилдан буён ваъда қилинган мукофот пулларини ололмаётгани таъкидланганди.
Совриндорларнинг маълум қилишича, мақоладан сўнг вазирлик масалага жиддий эътибор қаратиб, мукофот пулларини тушириб берган.
Салкам бир ярим йилдан буён ҳал этилмаётган мурожаатимиз ижобий ечим топганидан хурсандмиз. 23 октябрь куни мукофот пуллари тўлаб берилди. Бунинг учун “Дарё” жамоасига ва муаммони ечиб берган Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда вазирлик мутасаддиларига ўзимизнинг миннатдорлигимизни билдирамиз, дейди Бобур Уразалиев.
Маданият вазири Озодбек Назарбеков Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган “Маданият вазирлиги томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда 2025 йилдаги истиқболли режалари” мавзусидаги матбуот анжуманида ушбу мавзуга тўхталиб, муаммо тўлиқ ечилганини, ғолиб ва совриндорларнинг пластигига пуллар тегишли тартибда тушириб берилганини билдирди.
Изоҳ (0)