Сурия шимолидаги Манбиж шаҳрида қуролли тўқнашув содир бўлди. Дамашқдаги ҳукумат ва АҚШ қўллаб келадиган курдларнинг Сурия Демократик Кучлари (SDF) воқеада бир-бирини айблади. Можаро томонлар март ойида имзолаган муҳим интеграция келишувига соя солди.

Сурия мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, SDF кучлари армия постига ракета ҳужуми уюштирган. Натижада 4 нафар аскар ва 3 нафар тинч аҳоли яраланган. Давлатга қарашли САНА агентлиги ҳужумни “масъулиятсиз ҳаракат” деб атади.
Лекин курд қуролли гуруҳи баёнот чиқариб, “ҳукумат сафига кирувчи гуруҳлар аҳоли масканларига ўнлаб снарядлар билан ҳужум уюштиргани, улар эса шунга мувофиқ жавоб қайтарганини” таъкидлади. Бироқ қурбонлар ҳақида маълумот бермади.
SDF Дамашқни эгаллаган янги ҳукумат билан давлат институтларига қўшилиш бўйича келишувни март ойида имзолаган эди. У Сурия ҳудудининг чорак қисмини назорат қилаётган курд жангариларини ҳукумат тузилмаларига интеграция қилишни кўзда тутади.

Бироқ келишувда SDF армияга қандай қўшилиши очиқ кўрсатилмаган. Курд етакчилари ўз кучлари “бир бутун блок” сифатида қолиши кераклигини айтган. Дамашқ эса улар армияга алоҳида шахс сифатида қўшилишни хоҳлайди.
“Биз деескалация келишувларига риоя қилиш мажбуриятимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Шу билан бирга, Сурия ҳукумати тегишли идораларини жавобгарликка чақириб, интизомсиз гуруҳларни назоратга олишларини сўраймиз”, дейилади SDF чиқарган баёнотда.
Ярим асрлик сулола бошқаруви қулагач, Дамашқда ҳокимиятни мухолиф гуруҳлар эгаллади. Улар кўп миллатли ва турли эътиқодли мамлакат халқини бирлаштиришда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.
Изоҳ (0)