Туркия ва унга иттифоқчи бўлган қуролли мухолифат Сурия чегараси бўйлаб ўз кучларини кўпайтирмоқда. Бу ҳолат АҚШда Анқара курдлар назоратидаги ҳудудга кенг кўламли ҳужум тайёрлаётгани ҳақида хавотир уйғотмоқда.
The Wall Street Journal (WSJ) АҚШнинг юқори мартабали амалдорларига асосланиб хабар беришича, Суриянинг асосан курдлар яшайдиган ҳудуди — Айн ал-Араб (Кобани) шаҳрида кўп миқдорда кўнгиллилар, махсус кучлар ва артиллериячилар тўпланган.
Америкалик амалдорга кўра, Туркиянинг чегарадан ўтиш операцияси яқин кунларда бошланиши мумкин.
“Биз буни кузатмоқдамиз ва вазминликка чақирамиз”, деди амалдорлардан яна бири.
Йирик кўламдаги босқинчилик хавфи
АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган “Сурия демократик кучлари” (СДК) вакили Илҳом Аҳмад АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампга хат йўллаб, Туркиянинг 20 январдаги инаугурациядан олдин курдлар ҳудудини “амалда назорат қилиш” ва Вашингтонни ҳамкорликка “мажбур этиш” мақсадидаги ҳарбий операциясини муқаррар эканини таъкидлади.
“Агар Туркия бостириб кирса, бунинг оқибатлари фожиали бўлади”, дея Аҳмаднинг хатидан иқтибос келтиради WSJ.
У Трампни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни бу фикрдан қайтаришга ундади.
СДК ҳарбий альянсининг асосий таркибий қисми курдларнинг “Халқ ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари” (YPG) ҳисобланади. Анқара YPGни кўп йиллар давомида Туркия ҳукуматига қарши кураш олиб бораётган “Курд ишчилар партияси” (КИП) ҳарбийлашган гуруҳининг бир тармоғи деб билади. КИП Туркия, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Курдлар Суриянинг шимоли-шарқидаги ҳудудларни назорат қилади.
Эрдўғон аввалроқ Суриянинг ҳудудий яхлитлигига риоя этиш асосий шарт эканини таъкидлаб, мамлакатни ташлаб кетган президент Башар Асадни танқид қилган эди.
Сиёсатчи Сурияда янги воқеликлар юзага келганини айтиб, Анқаранинг ҳудудий даъвоси йўқлигини айтган.
Сурияда зулмат даври тугаб, ёруғлик бошланди... Туркия ҳеч қайси давлатнинг ҳудудига ёки суверенитетига дахл қилмайди. Чегарадан ташқари ўтказилаётган амалиётларимизнинг ягона мақсади ватанимиз ва фуқароларимизни террорчилик ҳужумларидан ҳимоя қилишдан иборатдир. Сурия диний ва конфессионал мансублигига кўра сурияликларга тегишли. Суриянинг ҳудудий яхлитлиги — асосий шарт. Айнан Сурия халқи қарор қабул қилади, деганди Эрдўғон.
У сурияликлар араб, туркман, курд, сунний, алавий ёки насроний бўлишидан қатъи назар — тинч-тотув яшайдиган Сурия Туркиянинг энг катта истаги, орзуси ва мақсади эканини қўшимча қилган.
Изоҳ (0)