Хорижий компаниялар билан имзоланган битимларга асосан, 2027 йил якунига қадар Ўзбекистонда яна 5 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда энергетика вазири матбуот котиби маълум қилди.
Унинг қайд этишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қоплаш, аҳоли, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида янги иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича хорижий компаниялар билан жами 12 та битим имзоланди.
Ушбу битимларга асосан, 2027 йил якунига қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 7 057 МВтга тенг бўлган 12 та замонавий иссиқлик электр станциялари ишга туширилади.
Таъкидлаш лозимки, мазкур инвестиция лойиҳалари халқаро тажрибага эга Германия, Франция, Нидерландия, Япония, Қатар ва Туркия давлатларининг компаниялари томонидан умумий қиймати 4 млрд 860 миллион АҚШ долларига тенг бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда.
Олиб борилган ишлар натижасида 2022 йилда Бухоро, Тошкент, Хоразм ва Сирдарё вилоятларида умумий қуввати 1 374 МВт бўлган 6 та, 2023—2024 йилларда Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут тумани ҳудудларида қуввати 1 500 МВт бўлган битта иссиқлик электр станцияси, жами 2 874 МВт янги қувватлар ишга туширилди.
Хорижий компаниялар билан имзоланган битимларга асосан, 2027 йилга қадар умумий қуввати 4 183 МВт бўлган яна 5 та янги иссиқлик электр станцияси ишга туширилиши режалаштирилган. Хусусан:
- 2024 йилда Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида қуввати 400 МВт; Бугунги кунга келиб, мазкур лойиҳа доирасида 315 МВт қувват тармоққа узатилмоқда.
- Тошкент шаҳридаги 4-иссиқлик марказида қуввати 100 МВт;
- 2025—2026 йиллар мобайнида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида қуввати 1 573 МВт;
- 2027 йилда Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида қуввати 1 560 МВт ва Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида қуввати 550 МВт бўлган янги иссиқлик электр станциялари ишга туширилади.
Шу билан бир қаторда, 2025—2027 йиллар мобайнида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан қиймати 2 млрд 214 миллион АҚШ доллари, умумий қуввати эса 2 087 МВт бўлган 4 та йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Бу лойиҳалар фойдаланишга топширилгач, қўшимча 49,7 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, йилига қарийб 5 млрд куб метр табиий газ тежалади.
Изоҳ (0)