Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчилар билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма бермаган. Бу ҳақда вазирликнинг Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгашига йўллаган жавоб хатидан маълум бўлди.

Июль ойи охирларида Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмалари республика кенгаши халқаро тил сертификати йўқ ўқитувчиларни ишдан бўшатмаслик бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганди.
“Вазирлик томонидан ҳудудий бошқармалар ва тизим ташкилотларига жорий ўқув йилидан бошлаб хорижий тилларни ўзлаштириш даражаси бўйича камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмаган хорижий тиллар ўқитувчилари билан тузилган меҳнат шартномаларини бекор қилиш юзасидан расмий кўрсатма берилмаган”, дейилади вазирлик хатида.
Шунингдек хорижий тил ўқитувчилари учун август ойида чет тилини билиш даражасини аниқлаш учун қўшимча тест синовларини ташкил этиш чораси кўрилаётгани маълум қилинган.
Вазирлик ўқувчиларга сифатли таълим берилиши ва тил билиш кўникмаларини лозим даражада эгаллашлари учун уларга таълим берадиган педагогларнинг билим даражаси (шу билан бирга тил билиш даражасининг асоси сифатида тегишли сертификатга эга бўлиши) етарли бўлиши лозимлиги муҳим аҳамиятга эгалигини билдирган. Шу билан бирга, ходим ва иш берувчи якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар Меҳнат кодексида, бошқа қонунларда назарда тутилган тартибда ва шартлар асосида бевосита якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари ўртасида ҳал этилиши лозимлиги келтирилган.
Изоҳ (0)