Бугун, 14 август куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги дипломатик миссиясини якунлаётган Франциянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Орелия Бушезни қабул қилди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон президенти Франция элчисининг самарали фаолияти ҳамда мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган шахсий ҳиссасини алоҳида қайд этган.
Бўлиб ўтган олий даражадаги ўзаро ташрифлар Ўзбекистон—Франция ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, унинг кун тартибини аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани таъкидланган.

“Турли даражаларда тизимли мулоқот ва фаол алоқалар йўлга қўйилган. Савдо-иқтисодий соҳада сезиларли муваффақиятларга эришилди: кейинги йилларда товар айирбошлаш тўрт баробар кўпайди, Франциянинг етакчи компания ва ташкилотлари билан умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд лойиҳалар амалга оширилмоқда. Таълим, соғлиқни сақлаш ва маданий-гуманитар алмашинув соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда. Лувр музейи ва Араб дунёси институтида кўргазмалар катта муваффақият билан ўтди”, дейилади манбада.

Матбуот хизмати Париж шаҳри яқинида Беруний ҳайкали очилгани, Франция пойтахтидаги кўчага Самарқанд номи берилганини қайд этган. Жорий йилда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон—Франция университети ўз ишини бошлаганини урғулаган.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Орелия Бушезга Ўзбекистон ва Франция ўртасида дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун “Дўстлик” орденини топширган. Бу бўйича президент фармони қабул қилинди.

Элчи ўз дипломатик миссияси юксак баҳолангани ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирган.
Изоҳ (0)