Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов иккита хориж энергетика компанияси раҳбарлари билан янги лойиҳаларни муҳокама қилди.
Дастлаб вазир Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси ижрочи директори Аҳмет Женгиз билан учрашган. Томонлар муваффақиятли амалга оширилган қўшма лойиҳаларда эришилган ютуқлар ҳамда мамлакат энергетика соҳасини ривожлантиришда инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини кўриб чиққан.
Туркия компанияси раҳбари ҳамжиҳатликда олиб борилган ишлар муваффақиятини таъкидлаб, компания электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасидаги инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтириш ниятида эканини маълум қилган. Шу тариқа, Жиззах вилоятида қуввати 400 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини ишга тушириш лойиҳаси таклиф этилган. Ушбу ташаббус йилига 286 миллион куб метр газни тежаш имконини беради, бу эса пулга чақилганда 103 миллион АҚШ долларига тенг.
Маълумот ўрнида, Cengiz Enerji 2000 йилда ташкил топган бўлиб, электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тақсимлаш, табиий газ савдоси ва тақсимоти, табиий газда ишлайдиган комбинациялашган электр станцияларини қуриш йўналишларида фаолият олиб боради. Ҳозирда компания энергетика соҳасида умумий қуввати 5000 МВт бўлган 9 та фойдаланишга топширилган ва 4 та қурилаётган лойиҳани бошқаради.
2022 йил март ойида Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ченгиз Энержи томонидан Ўзбекистонда қурилган биринчи иссиқлик электр станциясини ишга туширган эди. Қуввати 240 мегаваттга тенг станция Тошкент вилоятида қурилган бўлиб, у июнь ойидан бошлаб тўлиқ кучда ишлай бошлади.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркия президентлари Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 220 мегаваттли иссиқлик электро станцияси қурилишига рамзий старт берган. Лойиҳа октябрь ойида фойдаланишга топширилган, йил охирида эса лойиҳада ижобий натижаларга эришилган эди.
Бундан ташқари, декабрь ойида Cengiz Enerji Сирдарёда қуввати 450 мегаваттли яна битта ИЭС қуриш бўйича келишувга эришган. Жиззах вилоятида бунёд этиладиган электр станция компаниянинг республикадаги тўртинчи лойиҳасига айланади.
Шу билан бирга, Қудратов Қатарнинг Nebras Power компанияси бизнесни ривожлантириш бўйича директори Файсал Обайд ал-Сиддиқий билан ҳам музокаралар ўтказган. Томонлар Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида умумий қуввати 3,1 ГВт бўлган иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича лойиҳаларни тайёрлаш жараёнини кўриб чиққан.
Nebras Power компанияси 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Доҳада (Қатар) жойлашган. Компания энергетика ва сув саноатида лойиҳаларни амалга ошириб келади. Активлари 2,3 миллиард доллар, ходимлар сони 600 дан ортиқ кишини ташкил қилади. Компания дунёнинг 8 дан ортиқ мамлакатларида фаолиятини олиб боради.
Изоҳ (0)