Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида 500 киловатт кучланишли рақамли “Ҳалқа” подстанцияси қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу подстанция 1602 МВА ўтказувчанлик қувватига эга бўлиб, унинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри истеъмолчиларининг электр таъминоти ишончлилиги оширилади. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги “Келес” подстанциясига тушадиган юкламани камайтиришга эришилади.
Подстанция қурилиш ишларини “тайёр ҳолда топшириш” шарти асосида амалга ошириш бўйича халқаро тендер савдолари натижаларига кўра “Ўзелектроаппарат-Электрошит” АЖ ғолиб деб топилди ва шартнома имзоланди. Лойиҳа қурилиш-монтаж ишларини 2024 йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, “Ҳалқа” подстанциясини “Сирдарё” ИЭС ва энергетика тизимининг бошқа подстанциялари билан боғлаш учун Тошкент вилояти (Қуйи Чирчиқ, Зангиота, Янгийўл, Оққўрғон ва Пискент туманлари) ҳамда Сирдарё вилояти (Сирдарё тумани) ҳудудида 213 километр узунликдаги 220 киловатт кучланишли, 72 километр узунликдаги 500 киловатт кучланишли электр узатиш тармоқларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, “Янги 500 киловатт кучланишли “Ҳалқа” нимстанцияси ва 220, 500 киловатт кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш” инвестиция лойиҳаси президентнинг “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида электр энергияси таъминоти барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан, Жаҳон банки кредит маблағлари иштирокида амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)