Тошкент вилояти экология бошқармаси ижтимоий тармоқларда Янги Ангрен ИЭС билан боғлиқ мурожаат бўйича ўрганиш ишларини олиб борди.
Маълум қилинишича, Янги Ангрен ИЭСда мутахассислар томонидан ўтказилган текшириш давомида атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар белгиланган меъёрларга нисбатан юқори экани аниқланган. Шу билан бирга, чанг газ тозалаш ускуналари (филтрлари) самарадорлиги 80 фоизга тушиб кетгани маълум бўлган.
Мазкур ҳолат бўйича атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиргани учун 887 миллион, саноат чиқиндиларини белгиланмаган жойга жойлаштиргани учун 116 миллион, жами 1 миллиард 3 миллион сўм компенсация тўловлари ҳисобланган.
Бундан ташқари 11 нафар мансабдор шахсга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилинган. Шунингдек, атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш бўйича чанг газ тозалаш ускуналарини ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимлиги ижтимоий тармоқларда кўмир сифатининг ҳаво ифлосланишига салбий таъсири кўрсатилган видеолавҳаларга муносабат билдирганди. Унда Ангрен иссиқлик электр станциясида 2016 йилда ишга туширилган янги энергоблок маҳаллий кўмир ҳисобига ишлаши, аммо замонавий электрофилтрлар ҳисобига атмосферага деярли зарарли газлар чиқармаслиги айтилган эди.
Изоҳ (0)