Қашқадарё вилояти Нишон туманида жойлашган “Талимаржон ИЭС”да иккита янги буғ-газ қурилмаларини қуриш бошланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ҳамда “Талимаржон ИЭС” АЖда Испаниянинг Intecsa Ingeniera Industrial S.A. ва Япониянинг Mitsubishi Corporation компаниялари билан 1 065 МВт қувватга эга навбатдаги буғ-газ қурилмаларини қуриш бўйича шартнома имзоланган.
Унга кўра, 2025 йил якунига қадар станцияда умумий қуввати 1 065 МВт бўлган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмаларини қуриш ишлари олиб борилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 771,8 миллион долларга тенг.
Янги инвестиция лойиҳаси Самарқанд ва Бухоро вилоятлари истеъмолчиларини, Қарши магистрал каналидаги еттита насос станциясини ишончли электр энергияси билан таъминлашга қаратилган.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида, корхона томонидан йилига қўшимча 8,5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Юқори тежамкор технологиялар ҳисобига 600 миллион кубметр табиий газ тежалишига эришилади. Атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 1 500 тоннага камаяди ҳамда 112 та янги иш ўрни яратилади.
Июль бошларида “Иссиқлик электр станциялари” раҳбари Баҳодир Жўраев “Талимаржон ИЭС” бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда сусткашликка йўл қўйгани учун ҳайфсан олганди.
Изоҳ (0)