Жорий йил бошидан ногиронлиги борлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарёда 10 фоизга кўпайди. Бу кўрсаткич 20 та туманда 12 фоиздан юқори. Бу ҳақда бугун, 13 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда қайси ҳоким бу масаланинг ичига кириб, сабабларини ўрганди, деган саволга ижобий жавоб йўқлиги қайд этилди. Республика бўйича 33 та туманда ногиронлиги борларни реабилитация қилиш қамрови 1 фоизга ҳам етмаслиги танқид қилинди.
Шу боис соҳа учун масъуллар келгуси йилда реабилитация бўйича кескин ўзгариш қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Бунинг учун ҳар бир вилоят, туман шифохонасида реабилитация хизматлари йўлга қўйилади. 12 та ногиронлик реабилитация марказида эрготерапия, физиотерапия, даволаш-гимнастика хизматлари қамрови 5 карра оширилади.
Қўшимча қилинишича, 7 та тиббиёт олийгоҳида реабилитация кафедралари очилади, профессор-ўқитувчилар Корея тажрибаси асосида қайта ўқитилади. Республика реабилитация марказига Корея ва Япониядан экспертлар олиб келиниб, маҳаллий мутахассислар малакаси оширилади.
Изоҳ (0)