Ҳамма нарсани эшитиб юриб, бирдан эшитолмай қолиш оғир. Ёнингдаги одамлар кулаётганда сенинг устингдан мазах қилаётгандек, кимдир ташвишланаётганда эса унга бир нима қилгансану, худдики ўшани таъна қилаётгандек туюлиши, баъзиларнинг «кар экан» деган тамғасини кичик жуссада кўтариш эса ҳақиқатдан азоб. Маъмур Аҳлиддиновнинг эшитиш қобилияти йўқолганига 36 йил бўлган. Ўшанда у 6 ёшда эди. Биринчи синфга эндигина чиққанда тиш шифокорининг хатоси ортидан эшитиш қобилиятини бир умрга йўқотади. У ҳам шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси, Яратганнинг сизу биз каби бандаси бўлса-да кўплаб эшитиш имконияти чекланганлар (кейинги ўринларда — ЭИЧ) сингари турли тўсиқларга дуч келган. Эшитиш ва гапириш имконияти чекланган (кейинги ўринларда — ЭВГИЧ) одамларнинг қачонгача нам ва зах, дастгоҳлари эскирган, бўёқнинг ҳиди шундоққина ўпкани «сил» қилувчи заводларда энг оғир юмушларни бажариши, автотураргоҳларда хўжайиннинг кўнгли тусаса ҳайдалиб, хоҳлаганда эса норасмий ишлаши, айримларнинг ваҳшийларча ўқ узиб кўзини-да кўр қилиши, эшитолмаслиги очиқчасига эслатилиши уни доим қийнаб келарди. Шунданки, ЭВГИЧлар ҳам саводли ва зиёли бўла олишини исботлашни ўзига мақсад, эҳтимол, бурч деб қабул қилган.
ЭИЧлар муаммоларига халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини қаратиш мақсадида ҳар йили сентябрь ойининг охирги ҳафтаси Халқаро карлар ҳафталиги сифатида нишонланади. Дастлаб бир кун ўтказилган байрам вақт ўтиб, бутун бошли ҳафталикка айланган. Бутунжаҳон карлар федерацияси маълумотларига кўра, дунёда қарийб 72 миллион ЭИЧ одам бор. Норасмий статистикага кўра, Ўзбекистонда 23 мингдан ортиқ эшитиш имконияти чекланган фуқаро мавжуд: Давлат статистика қўмитаси бу бўйича аниқ ҳисобот юритмайди. Шу боис ЭИЧларни 16 ёшдан рўйхатга олувчи Ўзбекистон Карлар жамияти (ЎзКЖ), Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълим вазирлиги маълумотига таянишга мажбурмиз. Хўш, аниқ ҳисоби юритилмаётган одамларга бошқа имконияти чекланганлар учун қонуний имтиёзлар, имкониятлар қай даражада етиб боряпти? Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳисоблай оладими ёки акси? Маъмур Аҳлиддинов эшитиш имконияти чекланган фуқаро сифатида Ўзбекистонда дуч келган, келаётган тўсиқлари, нуқсони борлик айб сифатида қаралиб камситилмайдиган Америкага бориб ўқишни хоҳлагани, аммо моддий имконияти етмасдан қайтиб келгани, эшитиш ва гапириш имконияти чекланганлар ҳақида унчалик ҳам қайғурмайдиган ЎзКЖ, ЭВГИЧлар ҳақида жамият йўқотишни хоҳламаётган стереотиплар мисолида бунга ойдинлик киритди.
Маъмур Аҳлиддинов — Ўзбекистон Карлар жамияти аъзоси. Бир неча йилдирки, Ўзбекистондаги ЭВГИЧлар муаммоларини ўз блогида фаол ёритиб келади. «Мактабгача таълим методикаси ва назарияси» журнали таҳририяти матбаа бўлими мудири. 2016 — 2017 йилларда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги LaGuardia жамоатчилик коллежида инглиз тили ва Америка имо-ишораси курслари ўқувчиси. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.
Қулоқларим эшитмайди, аммо гапира оламан. Асли Қозоғистоннинг Еттисой туманида туғилиб, шароит тақозосига кўра 5 ёшлигимда оилам билан Ўзбекистонга кўчиб келганмиз. Жиззах вилояти Зафаробод туманида яшаб, 6 ёшга тўлганимда мактабга чиқдим. Ўқиш бошланганига эндигина 3 ой бўлганида аъло баҳолар олиш билан синф раҳбарининг назарига тушиб қолдим. У келаётган йил январь ойидан синфдошим Лобарнинг ўрнига синф сардори қилишини, лекин мен янада яхши ўқишда давом этишим кераклигини айтди. Ваъдадаги кунлар яқин ва мен ҳам шунинг ҳаракатида эдим.
Аммо ҳаммасига тиш шифокорининг эҳтиётсизлик қилган ўша машъум кун нуқта қўйди. Кузнинг совуқ тушган кунларидан бирида тишим қаттиқ оғриб қолди. Онам қишлоғимиздаги тиш докторига олиб борди. У оғзимни каттароқ очиб туришимни айтиб, тишимга бирров қаради-да бошқа даво чораларини ўйлаб ҳам кўрмасдан, бир нафасда тортиб ташлади. Ҳалигача ўша кун ёдимдан кетмайди.
Энг даҳшатлиси — у бу амалиётни ҳеч бир укол ва оғриқ қолдирувчи дориларсиз қилган эди. Натижада қулоғим билан боғланган нерв ҳужайраларига жиддий зарар етиб, икки кун бошим айланиб юрди. Учинчи куни уйқуга ётган кўйим кўзимни очмабман. Менга айтишларича, қўрқиб кетган онам шаҳар поликлиникасига олиб борган. У ердаги докторларнинг тезкор ҳаракатлари билан ҳушимга келганман. Кўзимни очсам, оппоқ хона, мен эса каравотда ётибман. Оёғим бошида онам. Йиғлаб бир нималар деб оғзини қимирлатар, аммо нима деётганини эшитмасдим… Шундан кейин билсам, эшитиш қобилиятимни йўқотган эканман (йиғлаб)!
Шифокорлар маслаҳати билан Тошкент тиббиёт академияси клиникасининг ЛОР бўлимида даволанишни давом эттирдим. Соғлиғим тикланиб, аҳволим яхшиланди, аммо эшитмаслик менга азоб бера бошлади. Уйдагилар маслаҳатлашиб, Москвада даволатди. Бироқ унинг ҳам фойдаси бўлмади. Раҳматли Тиловмурод бобом табибларга олиб борар, ундан ҳам бир наф чиқмасди. Орада шунча нарса бўлиб ўтибди ҳамки, тишимни тортган шифокор аҳволимни била туриб бир оғиз узр ҳам сўрамади. Онда-сонда уйимизда у ҳақида танқидий муҳокамалар бўлиб турарди. Соддаликданми ёки ўт камтар ва оддий оила бўлганимиз учундир шифокорга ҳеч бир даъво билан чиқмаганмиз. Ҳозир у вафот этиб кетган. Шу-шу қулоғим эшитмагани учун мактабга ҳам чиқмай қўйдим.
Бир куни ўқитувчим Эломон ака мактабга бормаётганим сабабини билиш учун уйимизга келиб, онамдан бўлиб ўтган воқеани эшитгач, ўқишга бораверсин, уни биринчи партага ўтқазамиз, у билан ўзим алоҳида шуғулланаман деди. Мактабга бордим, аммо бундай ҳолатда ўқиш жуда оғир эди. Чунки ҳеч нарсани эшитмасдим. Ёзувдан кўриб, лаб ҳаракатларидан тушуниб олишга кўникиш эса йилларни талаб этарди. Ўша пайтлар вилоятдаги ЭИЧ болалар учун мўлжалланган махсус мактабларда ўқитиш сифати қониқарли эмас, шароитлар ҳам деярли йўқ эди. Шунинг учун бобом, онам мени у ерга юборишга унамаган.
Қўшнимиз Дилшод ўқишга кириб, Тошкентга борганида ЭИЧ болалар учун махсус мактаб-интернатни кўрган экан. Унинг онаси Рихси опа ҳар замонда онамнинг олдига чиқиб мени ўша ерда ўқитишлари кераклигини айтарди. Оиламдагилар яқинларимиз билан маслаҳат қилиб мени шу ерга ўқитишга қарор қилди. Шундай қилиб Тошкент шаҳридаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатида 2-синфдан ўқий бошладим. 1997 йил 10-синфни битириб, Тошкент шаҳридаги Ижтимоий таъминот вазирлигига қарашли касб-ҳунар билим юртига ўқишга кирдим. Бу ерда эшитолмайдиганлар учун махсус имконият — сурдо тилини биладиган ўқитувчи бўлмаганидан таълимим қониқарли кечмаган.
Аммо бахтимга махсус мактабда яхши ўқигандим. Саводим чиққан. Энди керакли касб, илмни ўрганишим учун имконият бор. Ҳарф танийман, сурдо тилини тушуна оламан. Бу ёғи фақат ва фақат ўзимнинг қўлимда эди. Касб-ҳунар мактабини тугатиб илк ишимни Жиззах вилояти Зафаробод туманида фотографликдан бошлаганман.
Биз йўқотилган авлодмиз. ЭИЧларнинг энг оғир меҳнатларда ишлаши — номи бору ўзи бўлмаган таълимдан
Мени-ку амал-тақал қилиб яхши махсус мактаб йўқлигидан Тошкентда ўқитишди. Аммо эшитиш имконияти чекланган қанчадан қанча вилоятлар, қишлоқлардаги қоракўзлар бундай қониқарсиз таълимдан саводсиз улғайишга маҳкум бўлган. Тошкентда мен ўқиган касб-ҳунар билим юртида ҳам ЭВГИЧлар таълими учун шароитлар йўқ эди ҳисоб. Тўғри, у ер ЭВГИЧларни ўқитишга ихтисослашмаган, аммо бизнинг борлигимиз ҳам инобатга олинмаган.
Ўқитувчилар имо-ишора тилини билишмас, ЭВГИЧларга шу ҳам бўлаверади тарзида артикуляция билан дарс ўтишарди. Сўзларни артикуляция орқали ажратиш эса жуда қийин. Улар орасида ҳатто ароқхўрлари ҳам бор эди. Гуруҳда 40 киши ўқисак, фақат 10-12 нафаримизгина доимий дарсларга борардик. Қолганлар тирикчилик учун турли ёлланма ишларда ишлар ва топганининг бир қисмига домлаларга деразадан ароқ келтириб беришарди. Шунда уларнинг дарс қолдиргани билинмай кейинги курсга ўтиши осонлашарди. Ахир улар ҳам кун кўриши керак эди-ку. Биров бир бурда нонни текинга берадими?
Ногиронлик бўйича нафақани тайинлашнинг ўзи эса минг азоб эди. Ногиронлигим орттирилгани учун ҳар йили врачлар қабулидан сарғайиб ўтардим. Бу эшитмаслигимни исботлашга мажбур эдим дегани. Ўша авлод бугун бировларнинг қўлида хор бўлиб ишлаш, эҳтимол, яшашга-да мажбур бўлмоқда. Улар бугун ишлаб, эртага ўрнига эшита оладиган бошқа одам келганда қувилиши аниқ бўлган норасмий ишчилар.
Аксарияти ерости туннелларида тарозида вазн ўлчовчи, бўёқ заводларида бир неча ўн соатлаб тоза ҳаво олмасдан ишловчи ходим, дастгоҳлари эски, зах ертўлаларда цех хизматчиси, автотураргоҳларда кўплаб ҳайдовчилар устидан кулса, хўрласа, баъзида жирканса-да ишлаб келмоқда. Аниқроғи, яшаш учун курашмоқда. Улар ишлаётган шароитда ўзига яна бир касалликни орттириши тайин. Қолаверса, бундай шароитда сифатли маҳсулот ишлаб чиқариб бўлмаслиги ҳам кундек равшан. Қонун бўйича ҳар бир давлат ташкилоти ногиронлиги борлар учун уч фоизлик квота ажратиши керак. Аммо иш сўраб борган ногиронлиги борлар, айниқса, ЭВГИЧларнинг ишга олиниши жуда озчиликни ташкил қилади.
Бугун Ўзбекистонда қанча ЭВГИЧ фуқаро иш билан таъминланганини билиш мақсадида Статистика қўмитасига мурожаат қилдик. Аммо ўзининг аниқ рақами мавжуд бўлмаган ЭВГИЧларнинг иш билан таъминлагани ҳам мавҳум эди.
Ҳаммасига номи бору, ўзи йўқ бўлган таълим сабабчи. Агар вақтида қониқарли махсус мактаблар, сурдопедагоглар бўлганда, ЭВГИЧлар ижтимоий ҳимояси таъминланганда эди, эҳтимол, вазият бошқача бўлармиди? Бор умид эса — бугундан. Ҳозир давлатнинг ЭВГИЧлар таълими, ижтимоий ҳимоясига ажратадиган эътибори эртага улар ҳам бизнинг аҳволимизга тушмаслигининг кафолати бўлиши мумкин.
Нима бўлса ҳам зиёли бўлишим керак эди. ЭИЧлар ҳам буни уддалашини исботлашни хоҳлардим…
Эшитмайдиган ва гапира олмайдиган одам ишлай олмайди деган стереотип бор жамиятимизда. Аммо бизнинг сизлар (эшитадиган ва гапира оладиганлар назарда тутиляпти — изоҳ «Дарё») дан деярли фарқимиз йўқ. Эшитмасак ҳам ишорани тушунамиз. Нари борса кўп нарсани ич-ичимиздан сеза оламиз. Эшитиш рецепторлари ишламайдиган одамларнинг ички сезгилари кучли бўлади. Қўл-оёғимиз, кўзимиз бор. Агар у ҳам бўлмаса, Худо бизни ҳам чорасиз қолдирмаган. Нимадиримиз билан бўлса ҳам ишлай оламиз. Фақат бизга сиз ишонч билдириб, жавобгарликни ўз бўйнингизга олгингиз келмайди, холос.
Менга ҳам вақтида «Маърифат — мададкор» нашриёти раҳбарияти ишонч билдиргани учун ҳозир стулда, ақлий меҳнат билан ишлаяпман. Шунчалик кучли хоҳлаган эканманки, мени тақдирнинг ўзи яна Тошкентга етаклади. Биласизми, вилоятдаги ЭВГИЧ одамларнинг кўпчилиги расмий иш бўлмаса ҳам пойтахтда ишлашни хоҳлайди. Масалан, Тошкентдаги автотураргоҳ ишчилари, тарозида вазн ўлчовчи, калит сотувчилар орасида талайгина вилоятликлар учрайди. Эҳтимол, биз бу ерда ҳақ-ҳуқуқларимизни камроқ топталгандек ҳис этармиз. Ахир сизларда ҳам шундай-ку. Яхши шароит излаб пойтахтга ўқиш, ишлаш учун келиб, шу ерда қолиб кетасиз. Бу ҳолат биздан ҳам йироқ эмас.
Тошкентдаги ишимни 2001 йилда «Маърифат — мададкор» нашриётида оператор-терувчи, вёрсткачиликдан бошлаганман. Ўша пайтда таҳририятларда компьютер саноқлигина бўлгани учун журналистлар ўз ишларини қўлда, ручкада ёзиб ҳарф терувчи махсус ходимга берарди. Бизнинг нашриётдаги ўша ходим эса мен эдим. Мақолаларни битталаб ҳарф териб ёзиб чиқардим. Бу қийин ва кўз нуримни олиб қўйса-да, ойлигим кам бўлса-да ишим ўзимга ёқарди. Кўплаб синфдошларим, танишларим ҳар кўрганда ЭВГИЧлар ишлайдиган бўёқ заводига ўтишим, у ерда ойлик яхшилигини айтарди.
Ўшанда менинг ойлигим 8 минг сўм эди. Улар эса заводдан 80 минг олар экан. Аммо буни хоҳламасдим. Завод ва цехларда ишлаш ёмон иш дейишдан мутлақо йироқман. У ерда ишлайдиганлар ҳақиқий, чин меҳнатни қилади. Эшитмасдан туриб ишлай олиш эса катта матонат. Аммо у ёққа ўтсам, мақсадим олдида бўш-баёв, шунчаки қуруқ гапирган латтачайнар бўлиб қолмасмидим? Мен зиёли бўлишим, одамларнинг ЭИЧлар ҳақидаги навбатдаги стереотипини парчалаб ташлашим керак эди. Нима учун ЭИЧлар зиёли бўлолмас, яхши ишларда ишламас экан деган саволни ўзимга кўп берардим. Қолаверса, келажагимни ҳам ўйлаганман. Компьютер, техника келажак касби эканлигини ўшанда таҳририятдаги ҳамкасблар кўп айтарди. Шунинг учун ҳам сабр қилганман.
Маъмур Аҳлиддинов билан суҳбатни унинг ишхонаси «Мактабгача таълим методикаси ва назарияси» журнали таҳририятида ўтказганимиз учун у ҳақда ҳамкасблари ҳам кўплаб фикрлар билдирди. Журнал бош муҳаррири Насиба Эрхонованинг айтишича, Маъмур Аҳлиддинов пойтахтдаги барча автотураргоҳларда бўлиб, уларда ишлайдиган ЭВГИЧларга компьютер дастурларини текинга ўргатиши ва ўрганган йўналишида иш топишда ҳам кўмак беришини айтган. Ҳайрон қолдирган жиҳати — таклифни бирор ЭВГИЧ қабул қилмаган. «ЭВГИЧларга муносабат шу даражадаки, улар ўзларини замонавий касбларга ҳатто тасаввур ҳам қилиб кўролмайди. Аксари тайёр ишидан айрилишдан қўрқади.», — дейди Аҳлиддиновнинг ўзи.
Кейинчалик «Маърифат» — «Учитель Узбекистана» газеталарида дизайнер, «Маърифат-Пресс», «Таълим-Медиа» МЧЖларда саҳифаловчи-дизайнер, «Тил ва адабиёт» (Преподавание языка и литературы) ва «Педагог минбари» (Трибуна педагога) журналларида бош дизайнер вазифаларида ишладим. Айни дамда эса «Мактабгача таълим методикаси ва назарияси» журнали таҳририяти матбаа бўлими мудириман. Газета ва журналлар таҳририятида вёрстка ва дизайн ишлари билан шуғулланиб, мақолалар ҳам ёза бошладим.
Бир куни «Маърифат»даги саҳифаловчи ходим ўзининг ўрнида ишлаб туришимни илтимос қилди. Таълимнинг боши нашр бўлади. Арзимаган биттагина хато миллионлаб таълим олувчиларга нотўғри сабоқ бериб қўйиши мумкин. Қўлим қалтираб қолганди. Рози бўлсам, аввал бу ишни қилмаганман, хато қилсам нима бўлади? Йўқ десам, унинг ўрнига ишлаб туриш учун мендан бошқа одам ҳам йўқ эди. Ёмон ишламабман. Кейинчалик ўша ҳамкасбим бошқа лавозимга ўтгани учун саҳифаловчи дизайнерликни менга топширишди. Эшитмасам, тажрибам бўлмаса-да улар менга қайта-қайта ишонишган. Бу иш давомида газетадаги ҳамма мақолаларни ўқиб, таҳлил қилиб турардим. Кузатишларимдан билдимки, матбуотда ЭВГИЧлар муаммолари деярли ёритилмас экан. Ишлаган нашрларимнинг таълимга ихтисослашгани ҳам ЭВГИЧлар таълимидаги муаммоларни ёзишим учун яхшигина минбар бўлди.
Биринчи марта мақолам мактабни битирганимдан 10 йил ўтиб чиққан. Ўшанда мақола талабларига унча мос тушмаса-да, бош муҳаррир таҳрирлаб, кўнглим учун чиқарганди. Аста-секин ёзишга маҳоратим ошиб, катта мақолаларга ҳам кириб келганман.Яратган бировнинг қўлига бежиз қалам тутқазмайди. Эҳтимол, менга ҳам қаламни ЭВГИЧларнинг муаммолари, уларга бўладиган турли чекловлар, таълимидаги камчиликларни ёритишим учун бергандир.
Ота-оналар ЭВГИЧ бўлиб туғилган боласини ҳаммадан яширишга ҳаракат қилади
Дискриминация шунчалик кучлики, ногиронлиги бўлган одам жамиятга сингиб кетолмайди. Камдан кам имконияти чекланганларгина одамларнинг қарашига эътибор бермай йўлларида давом эта олади. Оёғида протези бор қиз ўзига қулай кийинмайди. Протезнинг устидан қават-қават кийим кийишга, иложи борича уни беркитишга ҳаракат қилади. Аммо ўзига бошқа муаммо — юриш учун ноқулайликни пайдо қилади. Агар қишлоқларда бола ногиронлик билан туғилса, ота-онаси иложи борича уни ташқарига чиқармайди. Одамларнинг кўзидан йироқда тутади. Ҳатто баъзан мактабга-да боришга имкон бермайди. Уйда мол-ҳолларини боқтириб, қийин ва оғир ишларини қилдиришади. Ҳа, бола ўз дилбанди. Аммо бундайлар учун таниш-билишининг олдида боласи ногирон экан деган гап бўлмаслиги муҳимроқ.
Ота-онаси, қариндош-уруғи томонидан камситиладиган кўплаб ЭВГИЧлар маслаҳат сўраб менга ёзади. Ҳар томондан чекланаётган бир қизга ҳалигача қандай йўл-йўриқ кўрсатишни билмайман. Қизнинг эшитишида болаликдан нуқсони бўлади. Ота-онаси буни ҳаммадан яшириб, кўчага чиқаришмаган, мактабга кам юбориб, таниш-билишчилик орқали мактабни битиртириб олади. У вояга етгач, эшикларини қоқиб кела бошлаган совчилардан ҳам қизнинг эшитишда нуқсони борлигини яшириб, ўзи бундай ёлғонни хоҳламаса-да мажбурлаб турмушга беради. Тўйдан кейин келин фарзандли бўлавермагач, куёв тараф эзишни бошлайди. Орада эшитиш қобилияти янада пасайиши билан бирга, руҳияти эзилган, жисмонан қийналган қизнинг оёқлари қаттиқ оғриб, юролмасдан қолади. Шундан кейин куёв уни ота-онасиникига ташлаб кетган. Энди қиз нафақат эшитолмайди, балки юриш имкониятидан ҳам маҳрум.
Шунча бўлиб ўтганлардан сабоқ олмаган ота-она қизни ҳатто ногиронлиги борлар рўйхатига ҳам қўйишмаётган экан. Рўйхатга қўйилганда ҳарна давлат томонидан тўланадиган ногиронлик нафақаси ҳисобига ҳозирги аҳволидан ҳам ёмон бўлмаслиги учун дор-дармон қиларди. Эҳтимол, давлат томонидан ногиронлиги борларга бериладиган уйлардан олиб меҳрсиз, фақат ўзини ўйлайдиган ота-онасидан қутулар, ҳаётда яшаш учун куч топармиди? Қизнинг ҳолидан хабари борлар ногиронлик аравачаси олиб бориб берибди. Аммо ота-онаси уни ҳам олмай чиқариб ташлаб, бизга керак эмас дебди. Агар уни олишса, одамлар палончининг қизи кар экан, энди юролмай қолибди деган гапни айтар эмиш.
Қиз ташқи оламдан узилиб қолган — ётган жойидан туролмаяпти. Ундан ташқари оилада укаси бор, аммо уканинг муомаласи ҳам ота-онасиникидан кам эмас. Ахир у бечорада нима гуноҳ. Аллоҳнинг иродаси эмасми бу? У билан биров гаплашай деса, ҳатто имо-ишора тилини ҳам билмайди-ку. Бундай ҳолатларнинг кўпи ҳақида эшитаман, дуч келаман. Шундай пайтларда бир неча йил олдин Германияда бўлган бир воқеа эсимга тушади. ЭВГИЧ ота-онанинг фарзанди ҳам шундай бўлиб туғилган. Шифокор қулоғига имплант қўймоқчи бўлганда ота-онаси қаршилик қилган. Шунда ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ҳештеглар билан бунга жиддий қаршиликлар билдиришади. Кўнгилли бир адвокат судда шифокорнинг имплант қўйиш ҳаракатини ҳимоялаб, судда ютиб чиқади. Шифокор эса боланинг қулоғига имлант қўйишга эришади. Ногиронлиги бор одам ҳам шахс. Уни мажбурлашга, соғлиғи хавф остида қолганда олдинга ҳаракат учун йўл бермасликка ҳеч кимнинг, ҳатто ота-онанинг ҳам ҳаққи йўқ.
Давлат имконияти чекланганларнинг ҳам хорижда ўқишини қўллаб-қувватлаши керак
2016—2017 йилларда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги LaGuardia жамоатчилик коллежида инглиз тили ва Америка имо-ишораси курсларига қатнадим. Бу Америкага биринчи боришим эмасди. 2011 йили синфдошимнинг тўйига бориб, яна келишни кўнглимга тугиб қўйгандим. 2016 йили бутунжаҳон карлар кўргазмаси — DeafNation World Eхpо’да иштирок этиш учун рўйхатдан ўтдим. Пешонамга ўша ерга бориш ёзилмаган экан. Кўргазмага айрим сабабларга кўра боролмадим. Аммо боришим керак деган ўй бутун миямни эгаллаб олган, кетиш учун ҳар қанақасига ҳаракат қилиб кўрдим. Мақсадим АҚШда эшитиш имконияти чекланганлар учун жаҳондаги ягона олий таълим муассасаси — Галлодет университетида ўқиш эди. Озроқ вақт ўтиб, имкон топишим билан жўнаб кетдим.
Университетда дунёнинг турли бурчакларидан ҳар хил миллат вакиллари келиб ўқийди. Ўқишга кириш учун асосий талаблар: Америка имо-ишораси ва инглиз тилини яхши билиш ва имтиҳондан муваффақиятли ўтиш. Аммо Ўзбекистонда инглиз тилини биладиган сурдопедагоглар йўқлиги, ЭВГИЧлар учун ихтисослаштирилган мактабларда инглиз тили дарси ўтилмаслиги, борингки, ўрганишим учун махсус китоблар, қўлланмаларнинг йўқлиги мени Галлодетдан айириб турганди. Устига-устак ўқиш учун контракт пули жуда қимматлик қилган. Йўл излайвериб Америкадаги дўстларимнинг тавсияси билан LaGuardia жамоатчилик коллежида инглиз тили ва Америка имо-ишорасини ўрганишга қарор қилдим.
Ўқиш муддати уч семестрдан иборат бўлиб, ҳар бири уч ойдан давом этарди. Мен эса муддати тугаётган визам сабабли унинг 2 семестринигина ўқий олганман. Визам B1 — саёҳат ва бизнес учун мўлжалланган бўлиб, 6 ойда Ўзбекистонга бориб келиш керак эди. Ҳафтада икки маротаба дарсга бориб, қолган кунлари кекса эшитиш имконияти чекланганларни соғломлаштириш ва кўнгилочар марказига Америка имо-ишорасини ўрганиш мақсадида амалиётга борардим. Нафақат эшитиш имконияти чекланганлар, балки кўзи ожизлар ҳам қатнайдиган марказда улар билан ишлаш сирини, қўлни қўлга бериб (тактил алифбосида) мулоқот қилишни ўргандим. Ўқув курси, яшаш учун ижара пули қиммат эди. Мусофирчиликда осонмас, албатта. Агар таълимим учун ҳомий бўлганда, бор эътиборимни ўқишга қаратардим. Мен ҳам берсанг ейман, урсанг ўламан дейдиганларданмас эдим.
Ўшанда ЭИЧларнинг ҳам чет эл университетларида ўқишини қўллаб-қувватлайдиган грантлар давлат томонидан ажратиши кераклиги ҳақида кўп ўйлаганман. Айтишингиз мумкин: Ўзингиз ҳамма билан тенг муносабатда кўрилишни хоҳлайсиз, аммо керак бўлганда имтиёз сўрайсиз, давлат томонидан ҳамма учун ажратиладиган грантлардан фойдаланинг деб. Агар бизда ҳам боғча, мактаб ва университетда оладиган таълим базаси, фанлардаги хилма-хиллик, малакали устозлар худди сизларга берилганидек бўлган эди, мен ҳам имтиёзни сўрамасдим. Аммо наридан-бери қилиб ўтилган дарслар билан ЭИЧлар сизга рақиб бўлишининг ўзи адолатсизлик.
Шу билан Ўзбекистонга қайтдим. 42 йиллик умрим давомида ягона армоним — Галлодетда ўқиш бўлиб қолди. Аммо ҳозир ҳам қандайдир илинж мени тўхтамасликка ундайди. Инглиз тилини мустақил ўрганишда давом этяпман. Ҳаракатда гап кўп. Ҳаракат қилиб ўрганиб кетаман. Эҳтимол, пешонамга келажак ҳаётимнинг қайсидир қисмида Галлодетда ўқиш ёзилгандир. АҚШга кетишдан олдин «Тил ва адабиёт» журналида ишлаганман. Бош муҳаррир кетишимни хоҳламаган. Хайриятки, у ишдан бўшаш ҳақидаги аризамни ёзаётганимда 6 ой муддатда қайтиб келишим мумкинлигини ёзишимни, фақатгина шу шарт билан кетишимга рози бўлишини айтган. Америкадан келгач ишсиз қолмадим. Яна ўша журналда ишимни давом эттирганман.
Нуқсони бўлишни айб санаймиз. Биз қандай инсонмиз?!
Банк, нотариус, шифокор қабули, бозор. Қаерда бўлмайлик бизни тушуна оладиган ва тушунтириш имконини берадиган одамлар камёб. Уларга имо-ишора билан гапирсангиз, сиз ниманидир хато қилишингизни кутиб тургандек мазах қилади. Юзларини бужмайтириб, бизнинг олдимизда четроққа кетишга ҳаракат қилади. Ижтимоий тармоқлар орқали, дўстларим билан суҳбатда, саёҳатларим давомида кўплаб давлатларда эшитиш имконияти чекланганларнинг ўрни, уларга муносабатларни кузатаман. Шунинг ортиданми, бу борада Ўзбекистондаги вазиятни солиштириб, таҳлил қила оламан. Менга энг оғир ботадигани ҳам шу. Чунки ЭВГИЧлар, ногиронларга яхши муносабат билан қарайдиган давлат-у жамиятларни кўрдим. Қайтгач ҳар тарафдан босим ва чекловларни қабул қилишим эса қийин. Яна биз ўзимизни мусулмонмиз деймиз. Ахир мусулмон мусулмоннинг кўнглини оғритиши, ҳатто биров ҳақида яхши ёки ёмон гумонда бўлиши мумкинми?
Америкада одамлар қўрқинчли, татуировкаси бор, аммо қалби тоза. Ногиронларга паст назарда қарашмайди. Агар шундай бўлса ҳам очиқдан очиқ сездирмайди. Чунки жазо тайинлигини билади. Қонунлар ҳамма учун тенг ишлайди. Иккита ўхшаш ҳолатни таққосласам: Нью-Йорк фастфуд тармоқларидан бирида буюртма қилиш учун навбатда турибман, аммо бунинг учун нима қилишни, кимга мурожаат қилишни билмай тургандим. Шунда тармоқ ходимларидан бири келиб, менинг эшитолмаслигимни билиб, ҳаммасини ётиғи билан ёзиб тушунтирган. Навбатим келиши билан, тайёр турган буюртмамни олиб кетганман. Бирор бақир-чақир, ҳамманинг бирданига қараши, барчасидан холи ва қулай ҳолда ўтиб кетган. Аммо бизда оёғости қилиб, турткилаб ўзим турган навбатга ҳам эга чиқишади.
Бир марта нотариусда навбат кутишимга тўғри келиб қолди. Навбатим келгач қайси хонага киришни билмай, кутиб тургандим. Кимдан, қандай сўрашни ҳам билмайман. Сўрашга сўраб улар гапирганда индамай туриш, эшитолмаслик ҳам хижолат қилади. Мени нотариус ходими чақирган, аммо эшитмаганман. Ортимда турган эркак бир қўлини пахса қилиб, иккинчиси билан ғазабланганча силтаб юборган. Ҳамманинг эътибори менда. Қани энди ер ёрилса эди-ю шундоқ кириб кетсам ўша пайт. Охири бир ёш ходим келиб ёзиб нима хоҳлашимни сўради. Кейин кулиб нималар қилиш, яна қандай ҳужжатлар кераклигини рус тилида ёзиб берган. Ўзи ўзбек, биринчи маротаба ёзганда ҳам ўзбек тилида ёзганди. Рус тилидаги матнида хатолар жуда кўп эди. Шунда ручкани олиб, унинг ҳамма хатоларини тўғрилаб кўрсатдим ва айтилганларни тезда олиб келишимни билдиргандим. Йигит қизариб, уялиб қолган.
Мана кўрдингизми, ҳамма бизни саводсиз, ёзиш-у ўқишни билмайди деб ҳисоблайди. Калака қилади. Аммо мен учта тилни биламан, яна биттасини ўрганяпман. Бундай воқеаларни эсласам ичимдан зил кетаман. Мен-ку бемалол ўқий оларман. Аммо у бу ҳаракатини саводи йўқ ЭВГИЧга қилса, бир одамга нисбатан қанчалик таҳқирлаш бўларди. Америкада қонун бор. Агар бирор ходим бундай ҳаракат қиладиган бўлса жазоланиб, ишдан бўшатилади. Бозорликка, дўконларга, дорихоналарга борсам қийналаман. Сотувчиларнинг гапини эшитолмайман. Ёзиб беришларини сўраганимда эса ҳамма ҳам бундай мардликни қилавермайди.
Ўзбекистон Карлар жамияти биз учун ёпиқ ҳудуд
Ўзбекистондаги ЭВГИЧларни битта нуқтага бирлаштирувчи ягона ташкилот ЎзКЖ саналади. Жамиятимиз биз учун ҳар томонлама ёпиқ. Бирор маълумот олмоқчи бўлсак, кимга мурожаат қилишни ҳам билмаймиз. Қарийб юз йилдан бери мавжуд жамиятнинг на сайти ва на матбуот хизмати мавжуд.
Маълумот учун: ЎзКЖ 1929 йилда ташкил топган бўлиб, 2019 йил 90 йиллигини нишонлаган.
Карлар жамияти аъзолари ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 10 фоизи ҳисобида аъзолик бадали тўлаши керак. ЎзКЖ ННТ бўлгани учун фаолиятининг маълум қисми ушбу маблағлар миқдоридан қопланади. Расмий бўлмаган манбаларга кўра, 2019 йилда Карлар жамиятининг 75 фоиз аъзоси ушбу бадални тўламаган.
Ҳолбуки, аъзолик бадалини тўламаган тақдиримда ҳам улар менга ахборот беришга мажбур эди. Ўзбекистон фуқароси сифатида ўз конституцион ҳуқуқимга кўра, конституцион тузумга қарши бўлмаган исталган турдаги ахборот олиш ҳуқуқига эгаман. Бунақа очиқдан очиқ дискриминацияга қандай чидаш мумкин? Хўш, энди айтинг, мен нега аъзолик бадали тўлай бу жамиятга? Аслида, низомни бирор кимдан сўрамасдан Карлар жамиятининг сайтидан олишим керак. Аммо ўша сайтнинг ўзи йўқ. Энди ўзим ахборотлар ёзувли матн ва суродотаржимоннинг таржимаси билан бериладиган замонавий сайт очишни режалаштиряпман.
Қайд этиш лозимки, бундан уч ой аввал — 2021 йил июль ойида «Дарё» мухбирининг сурдотаржимон Гулнора Маҳкамова билан бўлган суҳбати пайтида ҳам ЎзКЖнинг сайти мавжуд эмас эди. Шунинг учун, ЎзКЖ аъзолари норасмий ҳисоб-китоблар асосида берилганди. Аслида бу каби статистик маълумотлар жамият сайтида бўлиши керак.
Ўзим айни дамда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг сиртқи таълими, 3-босқич талабасиман. Уч йилдан бери ўқисамда университет томонидан сурдотаржимон берилмайди. Балки қонунларимиз шунақадир, балки ОТМда ЭВГИЧ талабалар ўқишини инобатга олишмаган, олишмаётгандир.
Маълумот учун: «Таълим тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририга кўра, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган болалар (шахслар) учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилиши ва ушбу тартиб эса Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши айтилган. Инклюзив таълим эса қобилиятлар ва ҳолатдан қатъи назар барчага сифатли таълим ташкил этиш дегани. Демак, ўзида имконияти чекланган шахс ўқиётган муассаса имконияти чекланган таълим олувчилар учун шароитлар яратиб бериши керак. Ушбу шароитларга сурдотаржимон хизмати ҳам киради, албатта.
Олий таълим вазирлиги матбуот хизматидан Ўзбекистон ОТМларида эшитиш имконияти чекланган, заиф эшитувчи қанча талаба таълим олаётгани тўғрисида маълумот сўраганимизда, ногиронлиги бўлган талабаларнинг ногиронлик турлари ҳали алоҳида гуруҳларга бўлинмаганини айтишди. Бундан 2 ой олдин ҳам — 2021 йил июль ойида мақола муаллифи бошқа материали учун худди шу маълумотларни сўраб вазирлик матбуот хизматига боғланганди. Матбуот котиби Сардор Усмонов ОТМларда 2021 йил ҳисобида қанча ногиронлиги бор талаба таълим олиши ҳалигача ҳисобланмагани, аммо 2020 йил ҳолати бўйича тезда ҳисоблаб айтишларини таъкидлаган. Бир ҳафта ўтгач «Дарё» га 2020 йил ҳисоби бўйича тақдим этилган маълумотларда эса фақат 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бор талабаларнинг статистикаси улар ўқийдиган таълим муассасалари ва факультетлари билан келтирилган ва улардаги миқдор ногиронлик тоифалари бўйича ажратилмаган эди. Маълумотларни текшириш учун бир қанча таниш ОТМларнинг ўзидан қанча ногиронлиги бор талаба ўқиши ҳақида олинган рақамлар эса вазирлик матбуот хизмати тақдим этган статистикага мутлақо тўғри келмас эди. Мана орадан 2 ой ўтиб яна шу масала кўтарилди ҳамки, рақамлар мавжуд эмас.
Эътибор берадиган бўлсак, ногиронлиги бор шахслар учун Ўзбекистонда 2018 йилда икки фоизли таълим гранти ажратилган ва 2018—2019-ўқув йилидан ушбу грантларга талабалар қабул қилинган. Тўрт ўқув йили ўтибди ҳамки, уларнинг сони ҳисобланилмай келмоқда. Хўш, рақамларнинг ўзи аниқ эмас экан, ҳар йили давлат бюджетидан таълим учун ажратилаётган пуллар таълим учун эҳтиёжларга қандай тақсимланмоқда? Қайси ОТМга нечта сурдотаржимон, бошқа ногиронлик тоифалари бўйича нечта пандус, Брайль алифбосидаги китоб кераклиги қандай аниқланмоқда?
Ўзбекистонда таълим ҳақида гап кетганда одатда Финляндия тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатишади. Шуни билиб қўйишлари лозимки, бу мамлакатда инклюзив таълим ҳам ўз ўрнида ва сифатли бериб борилади. Андоза олганда шу жиҳатларни ҳам унутмаслик керак. Олий таълим муассасаларида эҳтиёж бор қисмларни аниқлаб ҳеч бўлмаганда битта сурдотаржимон ажратиш керак. Кўплаб йиғилишлар, тренингларда тўрт-бешталаб ЭВГИЧ бўлса-да суродотаржимон чақиришмайди. Гўёки биз у оламдан ташқарига юлиб отилган бир оламдек. Шундай пайтларда ўзимизнинг ёнимиздан тўлаб сурдотаржимон олишга мажбур бўламиз.
Мен-ку маълум ёшни яшаб, ишим ва ўрнимни топганман. Сурдотаржимон ёллашга имконим бор. Аммо олий таълим орқали ҳаётда ўз ўрнини топмоқчи бўлиб ҳаракат қилаётган-у моддий имконияти йўқ талабалар нима қилади? Бериладиган ногиронлик нафақасига дори-дармон қилсинми ёки сурдотаржимонга берсин? Биз ўзи Карлар жамиятига аъзолик бадалини тўлаб ўзимизга керак бўлганда жамиятда ишлайдиган сурдотаржимонлар хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишимиз керак.
Сурдотаржимонларнинг ойлиги жуда пастлигидан уларга ўзимиз олган кунимиз учун йўл харажати, чой-чақасига деб кўнгилдан чиқариб тўрт-беш сўм берамиз. Уларнинг ҳам бола-чақаси, оиласи бор. Бу даражада кам ойликка ишлашнинг ўзи бўлмайди. Улар ҳам бемалол юқорироқ ойлик тўланадиган ишга ўта олади. Аммо билишадики, ўзларининг саноқлигина эканликлари, улар ҳам жамиятни тарк этса, ЭВГИЧларга янаям оғир бўлишини.
Маълумот учун: Карлар жамиятида ишлайдиган сурдотаржимонлардан бирининг айтишича, уларнинг ойлик маоши 900 минг сўмни ташкил этади. Бу эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан 78 минггина кўп дегани.
Имконияти чекланганлар таълиминг исталган шакли — мактаб, боғча, олий таълим, касб-ҳунар таълими, ўқув курслари, қай бири бўлишидан қатъи назар қўллаб-қувватлаш керак. Таълим — нажот. Айниқса, имконияти чекланганлар учун. Ривожланган ва ўрнак олишимиз мумкин бўлган ҳамма мамлакатларда ҳам таълимга фақат давлат томонидан сармоя киритилавермайди. Бизда ҳам шундай ҳимматлилар кўп. Аммо имконияти чекланганлар таълими учун пул тикувчилар жуда кам. Масалан, ЭВГИЧлар таълимини қўллаш ниятида бўлган киши битта сурдотаржимонни доимий ишга олиб, педагогларни махсус сурдо курсларига ўқитиб иш бошласа, кўп қийинчиликларга учрамайди.
Шундай ҳолатда давлат ҳам қараб турмаса керак. Махсус солиқ имтиёзлари ёки бошқа имкониятлар билан бундай тадбиркорга енгилликлар яратиб беради. Муҳими, бундай ишнинг ажр-у савобини Яратган икки дунёда кўп ва хўб ажрлар билан мукофотлайди. Ҳозирги меҳнат бозорига қарайдиган бўлсак, ЭВГИЧлар учун ишда танлов имконияти жуда кам. Бўлганда ҳам аввал айтганимдек, оғир меҳнатларда бор. Шунинг учун ҳам уларнинг ўзига нисбатан ишонч кам. График дизайн, дастурлаш каби IТ курслари, компьютер билан боғлиқ исталган касб имконияти чекланганлар, айниқса, ЭВГИЧлар учун жуда мос иш ва таълим йўналиши.
Масалан, дастурлашни биладиган ЭВГИЧга буюртмачи онлайн ҳолатда иш бера олади. Иккала томон ёзиб бир-бирини тушуниб олиши мумкин. Ваъда берилган иш бажарилгач, иш ҳақини ҳам масофадан тўлаш имкони ҳам мавжуд. Ўзим ҳам ҳафтада икки марта ЭВГИЧ махсус мактаб болаларига график дизайнни ўргатаман. Қолаверса, IТ паркда ҳам мактабда ўқийдиган ЭВГИЧ болалар учун турли курслар режалаштирилмоқда. «Замин» фонди ҳам аввалроқ мактаб ўқувчилари учун шундай курсларни тақдим этганди. Фикримча, бундай курслар фақат мактаб болалари учун эмас, ёш тоифасида чекловларсиз қилиниши керак.
Устимдан кулишса-чи? ЭВГИЧлар муаммоларини ёритадиган блогни шу қўрқув билан очганман
Блог очиш ғояси 5 йил аввал Америкада бўлганимда пайдо бўлганди. У ерда ЭВГИЧ бўла туриб блогерлик, влогерлик қилувчилар кўп учрар, Ўзбекистонда эса ЭВГИЧлар муаммоларини ёзадиган одамнинг ўзи йўқ эди. 2017 йилда «uzsd.uz» блогимни очиб, унга илк постимни ёзганман. Шу пост қўйгунга қадар ҳар куни қўлларим қалтираб устимдан кулишса-чи, деб савол берардим ўзимга. Нимага, қаердан бу савол миямга ўрнашган билмайман. Аммо хайрли қадам экан.
2018 йил Блогерлар чемпионати бўлиши ҳақида хабар ўқиб қолдим ва қатнашишга қарор қилдим. 380 дан ортиқ иштирокчи, уч босқичли чемпионат. Биринчи босқичнинг ўзидаёқ 75 киши сараланиши керак эди. Биринчи босқичда ЭВГИЧларнинг намоз ўқиши, ислом фарзларини бажариши учун йўл йўқлигини акс эттирган «Жимлик дунёсида адашган мусулмонлар» номли мақолам билан қатнашганман. Тўғри, ҳозирда масжидларга сурдотаржимонлар қўйилиб ЭВГИЧларга фарзларини адо этиши учун шароитлар қилинди. Аммо авваллари уларнинг аксари черковга борган. Сабаби черковларда сурдотаржимон бўлган.
Тўғри, ҳамма динни ўзи танлайди. Аммо мусулмон бўла туриб, бирор одамнинг сурдотаржимон йўқлигидан черковга бориши жуда аянчли ҳолат. Карлар жамияти аъзолари бу масалада тинимсиз мурожаат қилишгач, масжидларга сурдотаржимонлар қўйилди. Долзарб муаммони кўтарганим учун бўлса керак таниқли блогер Хушнудбек Худойбердиевдан ҳам юқорилаб кетибман. Кўзларимга ишонмасдим. Ярим финалдан «Имконияти чекланган инсонларни бошқа имкониятлардан чекламанг, илтимос» мақолам билан финалга ўтдим. «Ҳаётдан нега нолийсиз?» эса финал мақоласи эди. Тўғри, чемпионатда юқори натижани қайд этмадим. Бироқ ёзилиши керак бўлган мавзуни ёзганим учун ўзимни ҳалигача енгил ҳис қиламан.
Телеканалларда ЭВГИЧлар учун танлов имкони йўқ
Ўзбек телеканаллари дастурларини кўриш танловимиз жуда кам. Президент тадбирлари, муҳим матбуот анжуманлари ва саноқлигина янгилик дастурлари сурдотаржимада кетади, холос. Нима ЭВГИЧларни бошқа нарсларни билиш, эшитиш, кўришга ҳаққи йўқми? Масалан, яқинда «Севимли» телеканалининг «Замон» информацион дастурида ЭВГИЧ қизга тан жароҳат етказган йигит ҳақида лавҳа узатилди. Воқеаларда ЭВГИЧ инсон иштирок этган. Ўзига ўхшаган одамлар ҳақидаги лавҳа ЭВГИЧларга ҳам қизиқ. Лекин на сурдотаржимон бор, на субтитрлар орқали берилган. Ечимсиз ёки оғир куч талаб қиладиган жараён ҳам эмас бу. Ё сурдотаржимон хизматидан фойдаланиш ёки автоматик субтитрлар орқали мазмунни ифодалаш.
Автоматик субтитрлар ЭВГИЧларнинг саводини ривожлантирувчи муҳим восита. Агар бу сурдотаржима билан биргаликда берилса нур устига нур. Кўпчилик ЭВГИЧлар ўқишни билмайди. Субтитр ва таржиманинг бир пайтда кетиши ўқишни ўрганишга ёрдам беради. Ривожланган мамлакатларда ҳатто рекламаларнинг остига ҳам субтитрлар қўйиб борилади. Бундан 10 йилча олдин АҚШга биринчи марта борганимда инглиз тилини умуман билмасдим. Йигирма кун қолган бўлсам-да телевизорда инглизча субтитрларни кўравериб кўзим қотибдими, инглиз тилидаги киноларни кўра бошлагандим. Шундан сўнг YouTube’дан инглиз тилида нима кўришимдан қатъи назар субтитрлар функциясини ёқиб қўядиган бўлдим. Субтитрлардан луғат бойлигим ошиб борган эди. ЭВГИЧлар тушунмаса ҳам қизиқиш билан аста-секин ўрганади.
Бизда ҳам телеканалларни субтитрлаштириш керак. Агар бу эшита оладиган одамларнинг жиғига тегса, пультдаги махсус тугмалар орқали уларни ўчириб ёқиш имконидан фойдаланишимиз мумкин. Бунга қўшимча равишда бугун фойдаланувчилари кўп бўлган ижтимоий тармоқларда ҳам ўзбек тилидаги лавҳаларни ўзбек тилида субтитрлаш тизимини йўлга қўйиш керак. 2017 йилда ЎзКЖ раиси Жавоҳир Рихсиевга YouTube ва ижтимоий тармоқларда имо-ишора тилида ва субтитрлар билан ахборот каналини яратиш лойиҳасини тақдим этган эдим. Лойиҳамнинг мақсади сифатли маълумотларни мунтазам тақдим этиш ва ЭВГИЧларнинг саводхонлик даражасини ошириш эди. Аммо раис мазкур лойиҳа Ўзбекистон қонунларига зид деб, уни қўллаб-қувватлашдан бош тортганди. Аммо ушбу лойиҳа айнан қайси қонунларни бузаётганига аниқлик киритмаган эди.
Шунингдек, ЭВГИЧлар билан мулоқотда ёрдамчи сифатида Live Transcribe функциясидан фойдаланиш мумкин. Аммо ушбу дастурнинг ўзбек тилидаги қисмида кўп ишланиши керак бўлган жойлар бор. Таржимаси жуда қўпол. Мисол учун, инглиз ва рус тили билан солиштирсак, катта фарқ қилади. Ўзбек тилида матннинг сифати кескин фарқланиб қолади.
Маълумот ўрнида: Галлодет университети Google компанияси билан ҳамкорликда айнан эшитишида нуқсони бўлган инсонлар учун «Тўғридан-тўғри расшифровка» (Live Transcribe) номли дастур ишлаб чиққан. 80 дан ортиқ тил ва шеваларни қўллаб-қувватлайдиган ушбу дастурда нутқни автоматик аниқлаш бўйича Google’нинг янги технологияларидан фойдаланилади. Одам тўғридан-тўғри телефонга гапирса, қурилма экранида нутқнинг матни расшифровка қилиб берилади. Айни вақтда ЭВГИЧ суҳбатдош шу дастурнинг ўзидаги клавиатура орқали матн териб, жавоб қайтариши мумкин. Мазкур дастур ўзбек тилида 2020 йилгача қўлланилмас эди.
Масалан, лимон еб юзи бужмайган одамни бермоқчи бўлса, лимон еганда қадай юз ифодаси пайдо бўлса, худди шундай юз ифодасини қилиб беради. Яъни таржимада нафақат бармоқлар билан ишоралар қилинади, балки юз ифодалари ҳам аслидагига ишора қилади. Ўзбек синхрон таржимасида эса фақат қўллар ишлайди. Мимикаларга ҳамма жойда ҳам рухсат йўқ. Масалан, оилавий телевизор кўрганимизда аёлим ҳам сурдотаржимонларнинг ҳамма таржималарини тушунолмайди. Шундай пайтларда нима бўлаётганини мен унга қайтадан шарҳлаб бераман. Вилоятларнинг аксари қисмларида ҳам шундай ҳолат кўп кузатилади.
Америкада сурдотаржимонлар орасида ЭИЧларнинг ўзи ҳам аксариятини ташкил қиларди. Кейин билсам, бу таржимани сифатли етказиш учун энг яхши йўл экан. Яъни эшитиш имконияти чекланганлар ўз тоифасидаги одамларга тушунарли тилда ахборотни етказа олади. Хорижда ногиронлиги борлар учун сифатли хизмат қилишга ҳаракат қилишади. Тасаввур қилинг, эшитиб турган радионгиздан хириллаган товуш чиқиб турса, радиони ўчирасиз. Тўғрими? Биз ҳам сурдотаржимани тушунмасак, уни кўришимиздан фойда йўқ. Уни узатаётган тармоқни ўчириб қўя қоламиз.
Алоқа компаниялари ЭВГИЧлар учун алоҳида хизматлар тақдим этиши керак
Алоқа учун ЭВГИЧлар, асосан, видеоқўнғироқлардан фойдаланади. Имо-ишорани фақат видеоқўнғироқ орқали кўрсатиш мумкин. Бунинг учун уларга биз тасаввур қилмайдиган даражада интернет трафиги керак бўлади. Аммо Ўзбекистонда интернет нархи қиммат. Бундан одатий фойдаланувчилар ҳам қийналади. Ўзбекистон алоқа компаниялари ЭВГИЧлар учун алоҳида арзон хизматлар тақдим этишларини таклиф қилардим. Масалан, Россияда заиф эшитувчи мижозлар учун мўлжалланган махсус қулай Deafon тарифи мавжуд. Deafon’да улар учун махсус чексиз интернет ва автоматик тарзда жавоб берувчи хизматлар мавжуд. Қолаверса, агар эшитиш қобилияти яхши бўлган киши ЭВГИЧ абонентга телефон қилса, унга автоматик равишда абонентнинг ЭВГИЧ эканлиги айтилади ва хабар қолдиришни сўралади. Бизда ҳам шундай тариф қилишнинг имкони бор, менимча. Бу ЭВГИЧлар учун жуда қулай бўларди.
Шахсий машинамда юришимни кўриб ҳайрон қолишади, аммо…
Кўп йиллардан бери ўз машинамда ҳаракатланаман. Таниш-билиш, қариндош-уруғлар ёки энди таниб қолганлар, эшитолмасанг ҳам машинанг бор экан, ҳайдай оларкансан-а деган гаплари оғир ботади. Мен ҳам ҳамма сингари одамман. Табиийки, шахсий эҳтиёжларим, қулайликка хоҳишим йўқ эмас. Машинаси бўлиш нимадандир устунликни англатмайди. У одамларнинг хизматини қилувчи оддий восита, холос. Йўлларимиз ЭВГИЧ ҳайдовчилар учун хавфсиз эмас. ЭВГИЧлар машиналарининг олд ва орқа томонида махсус сариқ белгилар мавжуд.
ЙПХ ходимлари, бошқа ҳайдовчилар бошқарувда ЭВГИЧ киши борлигини шундан билишлари ва шунга мос, паст тезликда, сигнал чалмай, дўқ қилмасдан, қўлларини пахса қилиб бақирмасдан ўтишлари керак. Аммо биздаги аксарият ҳайдовчилар буни билмайди. Автомактабларда тўлиқ ва мунтазам ўқимаганлар бундай белгиларни қаердан билишсин? Ушбу белгининг афзаллиги бир томон бўлса, ноқулайлиги ҳам йўқ эмас. Машинадаги бу белгидан ЭВГИЧ одамники эканини билиб, имконият бўлиши билан уни ўмариб кетадиганлар ҳам учрайди. Шу сабабдан аксарият ЭВГИЧлар бундай белгисиз ҳаракатланишни маъқул кўради.
Шахсан мен ҳам ўз хавфсизлигимни ўйлаган ҳолда ушу сариқ белгидан воз кечганман. Ҳамма таълим берувчи жойларда бўлгани каби автомактабларда ҳам биз жуда кўп ноқулайликларга дуч келамиз. ЭВГИЧлар учун алоҳида гуруҳ очишади. Гуруҳ тўлишини кутишимиз учун анча вақт кетиб қолади кўпинча. Қолаверса, сурдотаржимон ёллаш ҳам ўзимизнинг ҳисобимиздан. Автомактаб тўловларидан ташқари бўладиган харажат бу.
Маълумот учун: Тошкент автомактабларида «Б» категорияда ўқиш нархи 1 миллион 600 минг — 3,5 миллион сўм атрофида.
Уйланганимга ўн саккиз йил бўлди. Икки ўғлим бор. Аёлим билан махсус мактабда бирга ўқиганмиз. Кўнгил экан. Бир-биримизни тушуниб турмуш қуриб кетдик. Тўғри, у мендек яхши жойда ишламаслиги мумкин. Лекин уни яхши кўраман. Доим қўллаб-қувватлайман. Бахтлимиз. Қаҳвахоналардан бирида тозаловчи ходим бўлиб ишлайди. Ошпазларга ҳам ёрдам бериб туради. Ўтган йили пандемияда ҳамма уйидан ишлашга ўтган, кўпчилик ишсиз қолган бўлса-да қаҳвахонани икки соат тозалаб қайтиб келарди.
Ундан буни сўрамасам, қийналишини хоҳламасам ҳам ҳарна сизга ёрдам деб яна бир жойга тозаловчи ходим бўлиб ишга кирибди. Яратган икки ўғил берган. Минг шукурки, улар қанотларим. Кези келса, менинг ўрнимга эшитиб, ўрнимда жавоб бера олади. Бири 7-синф, бири 2-синфда ўқийди. Болаликдан тадбиркор бўлишни хоҳлардим. Ҳали ҳаёт олдинда. Насиб этган бўлса, у билан ҳам шуғулланиб кўрарман. Менга яхши фарзандлар ва оилани ато этгани учун Ўзига шукур.
Изоҳ (0)