Алишер Қодиров, «Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод
Сайловолди ташвиқотини ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган «Президентликка Алишер Қодир» норасмий шиори билан бошлаган номзод Алишер Қодиров ҳафта давомида Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида сайловчилар билан учрашди, ҳафта охирида Сурхондарёга жўнаб кетди. Номзод қаерга бормасин, дастлаб имкон қадар аждодлар ва уламолар хотирасига ҳурмат бажо келтиришга ҳаракат қилди — Самарқандда биринчи президент Ислом Каримов мақбараси, Жиззахда «Бобо якка» қадамжоси, Сурхондарёда муҳаддис Абу Исо Муҳаммад Имом Термизий мажмуаси зиёратлари бунга далил.
Алишер Қодиров сайловчилар билан учрашувда ўз сайловолди дастури (.pdf) ҳақида маълумот бериб, партия нима учун «Инсонни ўзгартириш орқали жамиятни ўзгартирамиз» шиорини танлаганини тушунтирди. «Ҳар биримиз ўзимизга танқидий баҳо бериб, бугунги кунда жамиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бирма-бир эътироф этиб, тан олишимиз ва уларни ҳал қилиш бўйича аниқ ечим ва таклифлар беришимиз лозим», — деди у Самарқанддаги учрашувда; унинг таъкидлашича, ана шунда Ўзбекистон қудратли давлат, халқ фаровон бўлади. Тараққиёт қадриятларга таяниши лозимлигини таъкидларкан, номзод «бугун бутун нон еб ўтирган одам қўшниси қотган нон еяётган бўлса, виждони қийналиши керак»лигини, «яъни имкони борлар имкони йўқларга ёрдам бериши лозим»лиги таъкидлади.
Болалар таълим-тарбиясида нафақат ўқитувчилар, балки оналарнинг ўрни алоҳида эканини таъкидларкан, Алишер Қодиров Ўзбекистонда 18 ёшгача фарзанди бор аёлларнинг иш соатини қисқартирилиши кераклигини қайд этиб ўтди. «Агар аёлни ҳеч бўлмаганда бир-икки соат эрта уйга жўнатсак, фарзандларимизни ўзимиз истагандек тарбиялай оламиз», — деди у. Унинг бундай таклифлари, табиийки, йиғилганлар томонидан қарсаклар билан кутиб олинди. Жумладан, Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашувда унинг саҳнага чиқишиёқ қарсакларга сабаб бўлди, аммо Қодиров бунинг ўринсизлигини айтди: «Ҳозир қарсаклар шарт эмас. Ҳали бунга муносиб иш қилганимиз йўқ. Дастуримда берилган ваъдаларни бажарсаккина, қарсакка муносиб бўламиз».
«Миллий тикланиш» партиясидан кўрсатилган номзоднинг фикрича, Ўзбекистонда ҳам «бутун дунёда бўлганидек, олий таълимга кириш осон, аммо ўқиш қийин бўлган тизимга ўтилиши керак», чунки «бусиз кутилган натижага эришиб бўлмайди». Шунингдек, Алишер Қодировнинг сўзларига кўра, «барча соҳаларда, айниқса, иқтисодиётда давлат аралашуви камаймас экан, мақсадларимизга эришишимиз қийинлашиб бораверади».
Учрашувлар монолог эмас, балки диалог тарзида ўтган, номзод ўз дастури ва мақсадлари ҳақида ахборот бериб бўлгач, учрашувга ташриф буюрганларнинг саволларига жавоб берган. Тошкент вилоятидаги тадбирда Алишер Қодировга «24 октябрь куни сайловда кимга овоз берасиз?» деган савол берилган. Президентликка номзод бу саволга қуйидагича жавоб берган: «Сайловда ўзим учун овоз бермасам, партияга хиёнат бўлади». Жиззахдаги учрашувда эса у сайловдаги рақиблари ҳақида фикр билдирган: «Рақиб сифатида ҳам битта Шавкат Миромонович Мирзиёевни кўраман. Қолган партияларнинг номзодларини, мен ўйлайманки, халқимизнинг ўзи ҳам жуда тез жойига ўтказиб қўяди».
Баҳром Абдуҳалимов, «Адолат» социал-демократик партиясидан президентликка номзод
Алишер Қодировдан фарқли ўлароқ, «Адолат»дан кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимов сайловолди ташвиқотнинг биринчи ҳафтасида жойларда кўриниш бергани йўқ. Шунга қарамай, у Ўзбекистон Экологик партиясига қарши мақоласи билан ижтимоий тармоқларда эътиборда турди. Айнан, «яқинда Миллий боғдаги кўл ҳам таг-туги билан йўқ қилиниб, ўрнига аллақандай ‘сити’ қаққайтириб қўйилди. Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи ҳам шундай режалар чангалида турибди», деб ёзиб, умуман олганда ҳаммага аён воқеликни президентликка номзод даражасидаги расмий шахс ўлароқ баён қилгани қизиқарли кўринди.
Абдуҳалимовнинг ўзи бирорта учрашувга чиқмаган бўлса-да, унинг ишончли вакиллари Тўрткўлдан то Асакага қадар бўлган ҳудудларда ташвиқотлар ўтказиб, «Адолат» социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзоднинг дастуридаги асосий жиҳатларни сайловчиларга етказди.
Масалан, Баҳром Абдуҳалимов президент этиб сайланса, жарималарни камайтирмоқчи («жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини таъминлаймиз»), монополияларни тугатмоқчи («хусусан, UzAuto Motors’га берилган имтиёзлар ва автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15 фоиздан камайтириб, очиқ рақобатга ўтишни таъминлаймиз»), Тошкентни эса том маънода халққа бермоқчи («Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва давлат идораларини шаҳардан ташқарига чиқариб, пойтахтни халқимизнинг дам олиш, саёҳат қилиш ва ҳордиқ чиқариш масканига айлантирамиз»).
Бошқа номзодларда бўлгани каби, Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурида таълимга алоҳида ўрин ажратилган. Жумладан, у болалар боғчаларига навбатларни йўқотиб, давлат боғчаларини тўлиқ бепул қилмоқчи («болаларни мактабгача таълим ташкилотларига ҳозиргидек 3 ёшдан эмас, 2 ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз, 100 фоиз қамраб олинишига эришамиз,.. давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қиламиз»), олий таълимга ўқишга киришдаги квоталарни бутунлай йўқ қилмоқчи («ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаймиз»), боғча, мактаб ва олий таълим вазирликларини битта қилиб бирлаштирмоқчи («таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона — Таълим вазирлигига айлантирамиз»).Мақсуда Ворисова, Халқ демократик партияси (ХДП)дан президентликка номзод
Мақсуда Ворисова нафақат 2021 йилги сайловдаги ягона аёл номзод, балки 2007 йилдан бери президентлик учун курашга киришган ўзбек хотин-қизларининг биринчи вакиласи ҳамдир. Ворисова хоним ҳафта давомида Сирдарё, Жиззах, Қашқадарёда сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Формат одатдагидек — дастлаб номзод ўз сайловолди дастурини ўқиб эшиттиради, сўнг савол-жавоблар.
Агар Ворисова хоним президент этиб сайланса, «ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатла»моқчи, айни вақтда «аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилиши»га эришмоқчи. Шу билан бирга, у «аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш» керак, деб ҳисоблайди. «Ҳашам солиғи жорий этилиши шарт. Дабдаба учун, қимматбаҳо товарлар, автомобиллар, данғиллама уйлар учун солиқ солиниши лозим», — деди ЎзХДП номзоди жиззахлик сайловчилар билан учрашувда. Бундай солиқлардан тушган даромад, масалан, ижтимоий соҳага йўналтирилади, чунки Мақсуда Ворисова 3-гуруҳ ногиронларига ҳам нафақа тўлашни таклиф қилмоқда.
«Адолат» партиясидан номзод, юқорида таъкидланганидек, болаларни боғчага уч эмас, икки ёшдан қабул қилишни тарғиб қилаётган бўлса, Мақсуда Ворисова жараённинг бошқа жиҳатига эътибор қаратган: «6 ёшга тўлган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлов билан бепул тўлиқ қамраб олиш». У бу мақсадини сайловчилар билан учрашувда соддароқ тушунтирган: «Биринчи синфга ўқувчиларни 1 сентябрь кунигача олти ярим ёшга тўлган ҳолатда қабул қилиниши жорий этилади». Шунингдек, Ворисова хоним жамоат транспортини мактаб ўқувчилари учун бепул қилиш, бошланғич синф ўқувчилари учун эса бепул нонушталар тарқатиш тарафдори. Умуман олганда, «Бепул таълим!» — ЎзХДПнинг сайловолди шиорларидан бири.
Гап таълим ҳақида кетаркан, сирдарёлик сайловчилар билан учрашувда янграган савол-жавобни эслатиб ўтиш ўринли. Маҳаллий блогерлардан бири: «Халқ таълим ва Мактабгача таълим вазирликларини бирлаштирса бўлмайдими?», деб берган саволига, президентликка номзод шундай жавоб берган: «Иккала вазирликларнинг ўз функцияси бор. Бирлаштиришга вақт эрта». Бошқа бир блогер эса Ворисова хоним президент этиб сайланиб қолса, ишни биринчи бўлиб нимадан бошлашига қизиққан. «Ишни биринчи бўлиб ишсизликни бартараф этишдан бошлардим. Чекка қишлоқларга кичик-кичик заводларни олиб кириш орқали ишсизликни бартараф этамиз», — деб жавоб берган ЎзХДП вакили.Нарзулла Обломуродов, Экологик партия (Экопартия)дан президентликка номзод
ЎзХДП Ўзбекистонда 1991 йилдан бери ўтказилган бешта президент сайловининг барчасида қатнашган ягона партия бўлса, Экологик партия Ўзбекистон президент сайловларида қатнашаётган еттинчи партия. Ушбу партиядан давлат раҳбари лавозимига кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродов биринчи ташвиқот ҳафтаси давомида фақат самарқандлик сайловчилар билан учрашув ўтказди (Янгиердаги дарахтларнинг кесилишига алоҳида муносабатини ҳисобга олмаса). Учрашувда 46 ёшли Обломуродовни сайловчиларга таништиришаркан, унинг Япония ва Европа илмий марказларида малака оширгани, Оролбўйи ҳудуди муаммоларини ечишга қаратилган «Мўйноққа мадад» хайрия веломарафони, «Дарахт экинг» акцияси каби лойиҳалар муаллифи экани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Экологик партия номзодининг сайловолди дастурида «сув» сўзи 46 марта учрайди. «Марказлашган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилади», — дейилади Обломуродовнинг дастурида. Бунинг учун, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этилади, оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда, жумладан, Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилади.
Бундай дастурда Орол денгизи, табиийки, алоҳида бир боб ўрин эгаллайди. Обломуродов президент этиб сайланса, «қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори ва ўрта қисмидан йилига камида 5-6 км3 ҳажмда сув юборилишини таъминла»моқчи. Қуриган денгизнинг салбий таъсиридан энг кўп азият чекувчи Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби шаҳарлар атрофида «яшил белбоғлар» барпо этиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Мамлакатдаги қолган кўллар ҳам Оролнинг тақдирини такрорламаслиги учун Айдар-Арнасой кўллар тизими, «Денгизкул», «Қуйимазор» ва «Тўдакўл» сув омборлари экотизимларини муҳофаза қилишни кучайтириш мақсад қилинган.
Экопартиянинг таълим йўналишидаги таклифлари юқорида санаб ўтилган уч партияники каби катта эмас, лекин эътиборга молик рақамлар мавжуд. Обломуродовнинг сайловолди ваъдаларидан бири — Ўзбекистондаги мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим билан қамров даражасини 40 фоизга етказиш.Шавкат Мирзиёев, Либерал-демократик партия (ЎзЛиДеП)дан президентликка номзод
Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев якунига етган ҳафтани президентликка номзод сифатида фаол ўтказди. Бўзатов, Хива ва Самарқандда ўтказилган сайловолди учрашувлари нафақат ЎзЛиДеП номзодининг келгуси беш йиллик режалари билан танишувга, балки Ўзбекистоннинг яқин ўтмишига саёҳатларга айланиб кетди.
Сайловчилар билан суҳбатлар давомида Шавкат Мирзиёев нима учун Ўзбекистоннинг ҳозирги бош вазирини бахтли деб ҳисоблашини, уйсизлик ва прописка муаммоси деб ўзи қанчалик қийналганини, мина босган ўзбек-тожик чегара муаммоси бир неча соат ичида қандай ҳал этилгани, Тошкентдаги Мирзо Улуғбек ҳайкалининг боши кимлар томонидан қай мақсадда кесиб кетилганини очиқлади.
Номзоднинг сайловолди дастури (.pdf) мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган. Унда мамлакат экспорт салоҳиятини 2026 йилгача 30 миллиард долларга етказиш мақсадидан бошлаб 2022 йилда Тошкент учун 320 та электробус сотиб олишгача, йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизмати каби 25 та фаолият турида монополияларни тугатишдан бошлаб ногиронлиги бўлган одамларнинг бандлигини уч баробарга оширишгача, қишлоқ хўжалигида йилига 7 миллиард метр куб сувни тежаб қолиш имконини берувчи давлат дастурини ишга туширишдан бошлаб, олий таълим қамровини 50 фоизгача ошириш каби мақсадлар бор.
Бундан ташқари, мамлакатга келаётган чет эллик сайёҳлар сонини 2026 йилга бориб 9 миллионга етказиш, Тошкентдаги жамоат транспорти тизимини тубдан ислоҳ қилиш, пойтахтда 9 жамоат парки ва 20 та хиёбон ташкил этиш, бутун мамлакат бўйлаб ҳар йили 200 миллион дарахт экиш каби режалар ҳам бор. Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувлар давомида дастурдан ўрин олмаган бошқа кўплаб таклифларни ҳам илгари сурди. Масалан, 2022 йилдан Қорақалпоғистон ва Хоразмда (кейинчалик эса бутун мамлакатда) бошланғич синф ўқувчилари учун бепул тушликлар бериш, Урганч тиббиёт олийгоҳини ташкил этиш, Самарқанд давлат университетига Шароф Рашидов номини бериш, Самарқанд тиббиёт институтини университетга айлантириш (бу орқали Самарқандни минтақанинг «тиббиёт хаби»га айлантириш) шулар жумласидандир.
Шунингдек, ЎзЛиДеП номзоди Қорақалпоғистонда 2 миллиард долларлик шамол электр станциялари ишга туширилиши, бунинг натижасида 750 минг хонадон ва 25 мингдан зиёд корхонани электр билан таъминлашга етгулик энергия ишлаб чиқарилишини, Самарқандга яқин жойда нефть топилганини маълум қилди.
Шавкат Мирзиёев учрашувларда президентликка номзод сифатида қатнашган (ва буни учрашувлардаги модераторларга эслатишга ҳам мажбур бўлган) бўлса-да, ҳудудларга ташрифлар доирасида давлат раҳбари сифатида жойлардаги ўзгаришлар билан ҳам танишди, аҳоли билан мулоқот қилиб, зиёратларда бўлди.
Изоҳ (0)