Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 8 июль куни “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ушбу лойиҳа 7 боб, 47 моддадан иборат бўлиб автомобиль йўлларини, шу жумладан пулли автомобиль йўлларини ва уларнинг ҳудудларини режалаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, эксплуатация қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.
Қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати
Ҳозирги кунда амалдаги қонун айрим масалаларни тўлиқ тартибга солмаяпти. Жумладан:
- пуллик автомобиль йўлларини яратиш;
- хусусий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
- йўл инфратузилмасини замонавий ахборот тизимлари билан бирлаштириш каби масалалар қонуний асосда тўлиқ тартибга солинмаган.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг қайд этишича, бу ҳолат йўлларнинг сифатини яхшилаш, уларни сақлаш учун маблағ топишда муаммолар келтириб чиқармоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси соҳада давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, йўл сифатини яхшилаш орқали мавжуд автомобиль йўллари тармоғини узоқ вақтгача соз ҳолда сақлаб туриш, пулли йўллар тармоғини барпо этиш ҳамда соҳага инвестицияларни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан “автомобиль йўлларини режалаштириш” механизми жорий этилиб, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатилмоқда.
Шунингдек, қонун лойиҳасига коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти киритилмоқда. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солинмоқда. Ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда.
Пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Ушбу йўналишда инвесторларга имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Пулли йўллар ташкил этиш, йўл инфратузилмасига хусусий ва хорижий сармояларни жалб қилиш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш орқали давлат бюджетига тушаётган юкни камайтириш каби масалалар таклиф этилмоқда. Пулли автомобиль йўлининг қурилиши муқобил бепул автомобиль йўли мавжуд бўлганда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Ўзбекистонда “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги амалдаги қонун 2007 йилда қабул қилинган. Шавкат Мирзиёев 2025 йил май ойида йўл хўжалигидаги ишлар натижадорлиги ва режадаги лойиҳалар бўйича тақдимот билан танишганида бу қонун ҳозирги замон талабларига жавоб бермаслиги, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар, бугунги долзарб масалалар унда келтирилмаганини қайд этганди. Йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар белгиланиши маълум қилинганди.
Изоҳ (0)