Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида 14 ёшли Озарбайжон фуқаросига нисбатан терроризм моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.

Ўсмир ишламаётган полиция пунктини ёқиб юборишда айбланмоқда. Тергов маълумотларига кўра, у 2 август куни Москва майдонида жойлашган, фойдаланилмаётган полиция биносига ёнувчи суюқлик тўлдирилган шишани отган. Натижада бинонинг том қисми ёнган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, олов ўткинчилар томонидан ўчирилган.
Тергов органлари ўсмир ёнғинни суратга олганини ва воқеа жойидан қочиб кетганини таъкидламоқда. Ҳозирда Озарбайжон фуқароси ушланган. Ўсмирнинг айтишича, у интернетдаги фирибгарлик қурбони бўлган.
28 июль куни у ижтимоий тармоқларда бир қиз билан танишган ва қиз ундан Санкт-Петербургдаги машҳур жойларнинг манзилини сўраган. Кейинчалик ёзишмалар ўчириб юборилган ва алоқа узилган.
Ўсмирнинг сўзларига кўра, орадан кўп ўтмай номаълум эркак у билан боғланган, юборилган маълумотлар “жиноий мақсадларда” ишлатилганини ва ташландиқ полиция пунктини ёқиб юбориш орқали “айбини ювиши” мумкинлигини айтган.
Бунинг эвазига ўсмирга 250 минг рубль ваъда қилингани айтилмоқда. Айбланувчига қўзғатилган иш 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
Изоҳ (0)