Италия, Греция, Руминия, Болгария ва Францияда Ғарбий Нил иситмасига чалиниш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда Euro News хабар берди.

Италияда вирусдан вафот этганлар сони 10 кишига етган, уларнинг тўрттаси Лацио минтақасида қайд этилган. Мамлакат соғлиқни сақлаш институтига кўра, 24–30 июль оралиғида 57 киши вирусга чалинган.
2025 йилда вируснинг мия ва асаб тизимига зарар етказадиган оғир шакли билан касалланганларнинг 20 фоизи вафот этган. Бу кўрсаткич 2024 йилда 14 фоиз, 2018 йилда эса яна 20 фоиз бўлган.
Ғарбий Нил геморрагик иситмаси — бу хавфли вирусли касаллик бўлиб, у одамга чивин чақиши орқали юқади. Оғир ҳолатларда иситма, мия ва мия пардаларининг яллиғланиши, лимфа тугунларининг шишиши, шиллиқ қаватларнинг зарарланиши ва тошма (экзантема) билан кечади.
Касаллик симптомлари
Аксарият одамлар вирусни сезмасдан ўтказиб юборади. Аммо беморларнинг тахминан 20 фоизида гриппга ўхшаш симптомлар пайдо бўлади: тана ҳароратининг кескин кўтарилиши, бош оғриғи, томоқ, мушак, бўғим ва бел оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва диарея (ич кетиши). Шунингдек, танада тошмалар, жигар ва талоқнинг катталашиши, нерв тизими зарарланиши (менингит, энсефалит), онг бузилиши, фалаж ёки қисман ҳаракат йўқолиши каби асоратлар ҳам кузатилиши мумкин.
Касалликдан махсус даволаш усули мавжуд эмас. Вирусга қарши вакцина ҳам ишлаб чиқилмаган. Ҳозиргача вируснинг одамдан одамга юқиш ҳолатлари қайд этилмаган.
Изоҳ (0)