Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 4—5 август кунлари амалий ташриф билан Туркманбоши шаҳрида бўлади.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, мамлакат етакчиси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси тадбирларида иштирок этади.
“Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган тадбирда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари қатнашади.
Конференция кун тартибидан транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш, иқтисодий трансформация, иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит учун хатарларга бардошликни ошириш, Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқаришда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. “Аваза” сиёсий декларацияси ва ҳаракатлар дастурининг қабул қилиниши кўзда тутилган.
Ўзбекистон етакчиси Туркманистонга ташриф доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган тадбирда ҳам иштирок этади ҳамда қатор икки томонлама музокаралар ўтказади.
Шавкат Мирзиёев 2024 йил октябрь ойида амалий ташриф билан Туркманистонга ташриф буюрган эди. Унда Ўзбекистон етакчиси туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган “Замон ва цивилизацияларнинг ўзаро боғлиқлиги – тинчлик ва тараққиёт асоси” халқаро форумининг ялпи мажлисида нутқ сўзлаганди.
Изоҳ (0)