“Барселона” клуби 17 ёшли ҳужумчиси Ламин Ямал Хитойда адидас компанияси билан ҳамкорлик доирасидаги реклама тадбирларининг бирида ўзининг энг севимли футболчиси ҳақида фикр билдирди.

Мен учун Месси тарихдаги энг буюк футболчи. У майдонда нима қилмасин, ҳар бир ҳаракати, ўйинидаги барча жиҳатлар менга ёқади. Ҳақиқатан ҳам у ҳайратланарли даражадаги футбол намойиш этади, — деди Ямал Mundo Deportivo нашрига берган интервьюсида.
Ямал ҳозирда Хитойнинг Шанхай шаҳрида бўлиб турибди. У ерда адидас бренди билан ҳамкорликда реклама лойиҳаларида қатнашди ҳамда мактаб ўқувчилари ўртасидаги маҳаллий футбол турнири финалининг фахрий меҳмони сифатида иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, 13 июль куни Ламин Ямал 18 ёшга тўлади. Испания матбуотининг хабар беришича, айнан шу кунда “Барселона” клуби расмий равишда Ямалнинг янги рақами — 10 рақам остида ўйнашини эълон қилади. Ушбу рақам клуб афсонаси Лионель Мессига, кейинчалик эса унинг издоши дея қаралган Ансу Фатига тегишли эди. Фати яқинда “Монако” клубига ўтди ва шундан сўнг 10-рақам бўш қолган.
Изоҳ (0)