Ўзбекистонда “чиройли” автомобиль рақами 800 миллион сўмдан ортиққа сотилди. Бу ҳақда Республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.

1 июль куни савдо платформасида 771 та авторақам сотилган. Шундан 755 тасини жисмоний шахслар, қолган 16 тасини эса юридик шахслар сотиб олган.
Шу куни сотилган энг арзон авторақам қиймати 1,9 миллион сўм бўлган. Энг қиммат авторақам қиймати эса 803,3 миллион сўмни ташкил этди. Битимни якунлаш учун харидор тўловни амалга ошириши ва ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида авторақамни расмийлаштириши керак.
Бундан аввалги энг қиммат “чиройли” авторақам 20 май куни 722,3 миллион сўмга сотилганди.
13 июнь куни эса онлайн аукционда Ўзбекистонда “чиройли” авторақам рекорд даражада қиммат — 1,56 миллиард сўмга сотилганди. Харидор 10 777 ZZZ давлат рақами учун шунча пул таклиф қилган. Бу унинг бошланғич баҳоси 187,5 миллион сўмдан 8,3 баравар юқори.
Ўзбекистонда 2024 йилда сотилган энг қиммат “чиройли” авторақам 01 888 BBB авторақами бўлиб, 24 декабрда 965,3 миллион сўмга сотилган. Бу қиймат Марказий банк курси бўйича 74,77 минг долларга тенг. Дастлаб 337 миллион 500 минг сўм бошланғич нарх билан савдога қўйилган бу авторақамнинг нархи аукцион тугаш вақтига қадар шунча суммага кўтарилган. 2023 йилда 01 777 RRR давлат рақами 893 миллион сўмга сотилганди.
Изоҳ (0)