Ўзбекистонда авторақамларнинг сотуви сони ва ҳажми бўйича уч баробарга ўсди. Бу ҳақда Республика товар-хом ашё биржаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2024 йилнинг биринчи ярмида avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 426,2 миллиард сўмлик 104,9 мингдан ортиқ авторақамлар шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Сотилган авторақамларнинг 97 фоизи жисмоний шахсларга ва қолган 3 фоизи юридик шахсларга тўғри келган.
Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси — 1,7 миллион сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 517,1 миллион сўмни ташкил қилди.
Spot’нинг маълум қилишича, энг қиммат “чиройли” авторақамни Тошкент шаҳридан юридик шахс сотиб олган. Бошланғич нарх билан солиштирганда, авторақам белгиларининг нархи икки-уч баробарга ошган. Иккинчи ўринда 10 июль куни 508 миллион сўмга сотилган “чиройли” авторақам турибди.
Ўзбекистонда 1 августдан автомобиль рақамлари тасодифий танлаш йўли билан берилади. Ҳозирда рақам белгилари ўсиб борувчи рақамлаш кетма-кетлиги бўйича берилади, ҳарфлар ва рақамлар комбинациясига эга бўлган аукцион орқали сотилган рақамлар бундан мустасно.
Изоҳ (0)