Жорий йил I ярмида мамлакатда судлар оқлаган шахслар сони 2024 йил мос давридагидан 2,5 бараварга камайди.

2025 йил январь июнь ойларида Ўзбекистонда судлар томонидан 204 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинган. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар берди.
Таққослаш учун, 2024 йил I ярмида 465 киши оқланган эди. Мазкур рақам жорий йилнинг дастлабки давридагига қараганда 2,5 баравар кўп. Статистик рақамларга кўра, 2023 йилнинг илк олти ойида 564 нафар, 2022 йил мос даврида 468 нафар шахс оқланган.
Ўтган 2024 йилда йилда судлар томонидан жами 723 нафар шахс оқланган. Бу охирги етти йил ичидаги энг кам кўрсаткич ҳисобланади.
Судлар фаолияти бўйича статистикага кўра, 2017-2024 йилларда Ўзбекистонда жами 6 679 киши оқланди. Йиллар кесимидаги кўрсаткичлар қуйидагича:
- 2017 йил 263 киши;
- 2018 йил 867 киши;
- 2019 йил 859 киши;
- 2020 йил 781 киши;
- 2021 йил 932 киши;
- 2022 йил 1 010 киши;
- 2023 йил 1 244 киши.
Аввалроқ 2024 йилда мамлакат судларида жами 61 481 та жиноий иш кўриб чиқилгани очиқланган. Йил давомида жиноят ишлари бўйича судларда охирги беш йилликдаги энг кўп — 77 995 киши судланган. Улар содир этган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси турлича бўлган. Хусусан, 31 212 шахс (40 фоиз) ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 19 688 фуқаро (25 фоиз) унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этган. Қарийб 22 951 киши (29 фоиз) оғир, 4 144 киши (5 фоиз) ўта оғир жиноятга қўл урган.
Ўтган йили республикада 20 655 шахсга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Бу охирги беш йилликдаги рекорд рақам ҳисобланади. Жумладан, 2020 йилда 7107 киши, 2021 йилда 12 922 киши, 2022 йилда 17 610 киши, 2023 йил 17 391 киши озодликдан маҳрум этилган.
Изоҳ (0)