31 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Комидаги “Қариялар уйи”да ёниб кетган 23 киши, мойланмаган “домкрат” сабаб ҳалокатга учраган самолёт ҳамда кимёвий қуролдан илк бор фойдаланган Германияга оид фактлар ўрин олган.
Россияда “Қариялар уйи”да ёниб кетган 23 киши
2009 йил 31 январь куни Коми Республикасидаги (Россия таркибидаги субъект) Қариялар уйида содир бўлган ёнғин оқибатида 23 киши ҳалок бўлган, уч киши эса омон қолишга муваффақ бўлганди. Олов интернат биносини бутунлай кулга айлантирганди.
Россия ФВВ махсус комиссияси ёнғин сабабларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб келган. Поделск қишлоғида жойлашган мазкур интернат кекса ёшдаги ва ногиронлиги бўлган инсонлар учун мўлжалланган бўлиб, унга 38 киши сиғарди. Объект Поделск қишлоқ аҳоли пункти маъмурияти балансида бўлган.
31 январь ҳолатига кўра, муассасада 26 киши рўйхатда турган, жумладан, уларнинг 5 нафари мустақил ҳаракатлана олмаган. Фожиа содир бўлган кечада бир нафар қоровул навбатчилик қилган, унинг саъй-ҳаракатлари билан бинода бўлган кексаларнинг ҳаммасини эвакуация қилиш имконсиз эди. Ёнғин юзага келгани тўғрисидаги хабар ўт ўчириш хизматига соат 18:20 да келиб тушган. Бу ҳақда бино дерзаларидаги оловни пайқаб қолган маҳаллий аҳоли хабар берган.
Қоровулнинг сўзларига кўра, у ёнғинни ўз кучлари билан ўчиришга уринган. Оловни бартараф этиш имконсизлигини англагач, у одамларни эвакуация қилишни бошлаган — уч нафар кампирни ташқарига олиб чиққан. Шундай қилиб, ёнғин бошланганидан то “01” хизматига мурожаат келиб тушганигача бўлган вақт орасида 20 дақиқа вақт кетган.
Ёниб кетган бино — тўлиқ ёғочдан ишланган бир қаватли, учта эвакуация чиқиш эшигига эга бўлган. Қариялар уйидан энг яқин ўт ўчириш хизмати қисмигача бўлган масофа 22 километрни ташкил этган. Соат 18:44 да биринчи ўт ўчирувчилар бўлинмаси етиб келганида олов бутун бинони қамраб олганди. Ҳодиса оқибатида 23 киши ҳалок бўлган.
Мазкур иш бўйича қўзғатилган жиноят иши 2011 йил 27 октябрда якунланган. Ижтимоий хизмат ходими Алексей Королов Қариялар уйи директори бўлган ва у ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганликда айбланган, бироқ 2011 йил ёзида Коми Олий суди уни оқлаган.
2011 йил июнда ўз лавозимига масъулиятсиз ёндошган Корткеросс тумани давлат ёнғин назоратининг тўрт нафар ходимига нисбатан суд ҳукми кучга кирган. Давлат ёнғин назорати бошлиғи Сергей Стахиев 3,5 йил муддатга, инспекторлар Александр Гудирев ва Валерий Оботуров шартли равишда мос равишда уч ва икки йилга қамалган. Инспектор Андрей Макаров эса оқланган.
Ушбу иш бўйича айбланувчилар орасида Корткеросс тумани маъмурияти собиқ раҳбари Николай Ливсон, “Аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш маркази” давлат корхонасининг икки директори Татьяна Шевелева ва Татяна Колданова, Коми ижтимоий ривожланиш агентлиги собиқ директори Константин Сажин ҳам айбланган.
Ливсон ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузишда, Шевелева ва Колданова мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланган.
Тергов маълумотларига кўра, мэр Ливсон ёнғин хавфсизлиги қоидабузарликларини бартараф этиш бўйича чора кўрмаган, оқибатида ёнғин юзага келганда фуқароларни эвакуация қилишнинг имкони бўлмаган. Колданова ўз навбатида пенционерлар, жумладан, ногиронларни Қариялар уйига жойлаштириш бўйича ноқонуний қарор чиқарган, Шевелева бўлса ижтимоий ёрдам бўлинмаси мудири лавозимига топширилган вазифаларни бажармаган инсонни тайинлаган.
Мойланмаган “домкрат” сабаб ҳалокатга учраган самолёт
2000 йил 31 январь куни Alaska Airlines компаниясига тегишли бўлган реактив самолёт ичида 88 нафар йўловчиси ва экипажи билан ҳалокатга учраб, сувга қулаб тушганди. Бепарволик ва масъулиятсизлик даҳшатли фалокатга олиб келганди. Механиклардан бири таъмирлаш ишлари етарлича сифатли амалга оширилмаслигини айтганида, у ишдан бўшатиб юборилган. Тергов давомида ўз вазифасига совуққонлик билан ёндошганлар аниқланган.
Пуэрто-Валярта — Тинч океани қирғоғидаги машҳур курорт. 261-рейснинг аксарият йўловчилари дам олишдан қайтаётган эди. Самолёт штурвалида тажрибали учувчилар ўтирган: капитан — Тед Томпсон ва иккинчи учувчи — Уилям Тански. Улар МД-83 да минглаб соат парвоз қилган ва бу машинани яхши биларди. МД-83 самолёти жуда ишончли ва бошқаришга осон бўлган.
2000 йил 31 январь куни 261-борт парвозга тайёрланган, учувчилар самолётнинг дум қисмида ҳалокатли хавф борлигини тахмин ҳам қилмасди. Кема ҳавога кўтарилгач, капитан ва иккинчи учувчи машинада қандайдир носозлик борлигини пайқаб қолган. Самолёт дум қисмида жойлашган горизонтал барқарорлаштиргич қотиб қолган.
МД-83 самолётида барқарорлаштиргич, эни 12 метр келадиган горизонтал яссилик кўринишида бўлган. Ўша дум қисмида, шунингдек, иккита баландлик рули жойлашган. Стабилизатор ва руллар ёрдамида парвоз бучаги бошқарилган. Барқарорлаштиргич қотиб қолганида учувчилар буни электродвигатель билан боғлиқ деб ўйлаган.
Экипаж барқарорлаштиргичнинг ишламаётганига “домкрат” сабаб дея ҳисоблаган. Уни ҳаракатга келтириш учун учувчилар бирданига иккита ўчириб-ёққичдан фойдаланган, улардан бири штурвалда, иккинчиси бошқарув пультида жойлашганди. Барқарорлаштиргич ёрдамисиз самолётни тўғри ҳолатга келтириб бўлмасди, у ерга оғишни давом этган. 8,5 минг метр баландликда учувчилар автопилотни ўчирган ва самолётни қўлда бошқаришга ўтган. Улар бор кучи билан штурвални ўзига тортган, 7 дақиқадан кейин улар 10 минг метр баландликка кўтарилган. Парвоз давомида улар ўз авиакомпаниясининг таъмирлаш хизмати билан боғланган. Афсуски, таъмирлаш хизмати бирор ёрдам кўрсата олмаган.
Бутун парвоз давомида экипаж самолётни қўлда бошқарган, авиалайнер мунтазам тумшуқ қисми билан пастга оғиб кетарди. Учувчилар яна бир бор барқарорлаштиргични ишга туширишга уриниб кўради. Бунинг учун улар бирданига иккита электродвигателни ҳаракатга келтирган. Аммо кейинги онда шовқин овозини эшитади ва самолёт кутилмаганда тикка ерга қараб қулай бошлайди. Учувчилар қарийб бир дақиқа давомида штурвални тортиб, самолётни тўғри ҳолатга келтирмоқчи бўлади ва буни уддлайди.
Самолёт Лос-Анжелес томон учиб, у ерда авариявий қўнишни амалга оширмоқчи бўлади. Вазият сал ўзига келгач, учувчилар носозлик сабабини аниқлаш учун диспетчердан ўзларига самолёт ости ва устида қўшимча макон ажратилишини сўрайди.
Учувчилар ваҳимага тушиб қолган йўловчиларни тинчлантиришга уриниб, яқин 20-30 дақиқа ичида Лос-Анжелесга қўнишларини билдиради. Афсуски, бу амалга ошмайди. Самолёт бортида бошланган инқироз фожиавий ҳалокат билан якунланади.
261-борт Лос-Анжелесга қўнишга тайёрланган вақтида унинг дум қисмида яна носозлик кузатилади ва самолёт пастга қараб шўнғий бошлайди. Орадан 60 сония ўтгач, ҳаво кемаси соатига 400 километр тезликда Тинч океанига қулаган.
Тез орада ҳодиса жойига қутқарув вертолётлари етиб келади, бироқ ҳеч ким омон қолмаганди. Экипаж ва 88 нафар йўловчининг барчаси ҳалок бўлган, фожиа бўйича тергов ҳаракатлари зудлик билан бошланган, аммо ҳаво кемасининг қолдиқлари 200 метр чуқурликда ётарди. “Қора қутилар” топилгач, Транспортда хавфсизлик бўйича миллий қўмита (НЦБ) учувчиларнинг мулоқоти ёзувларини ўрганишни бошлайди.
Ўрганишлар давомида терговчилар “домкрат” деярли мойланмаганини аниқлаган. Ушбу фактдан хавотирга тушган экспертлар дарҳол АҚШ фуқаролик авиация бошқармасига хабар берган. Улар эса ўз навбатида барча МД-83 самолётларини текшириб чиқишни буюрган. Натижада Alaska Airlines компаниясининг 34 та самолётидан 6 таси ҳалокатга учраган лайнер ҳолатида бўлгани аниқланган. Шундай қилиб, оддий механизмнинг мойланмагани барча йўловчилар ўлимига сабаб бўлганди.
1998 йил октябрда авиакомпания механикларидан бири АҚШ фуқаролик авиацияси бошқармасига Alaska Airlines устидан шикоят билан мурожаат қилади. У самолётларни таъмирлаш билан боғлиқ барча ҳолатни батафсил айтиб берганди. Авиаҳалокатдан бир йил олдин давлат хизмат текшируви ўтказилган. Улар компаниянинг самолётлари таъмирланишига оид ҳужжатларни олиб кетган, бироқ жиддий чора кўрилмаган эди.
Германия томонидан қўлланилган биринчи кимёвий қурол
1915 йил 31 январь куни Болимов жангида немис қўшинлари биринчи марта кимёвий қуролдан кенг кўламда фойдаланган эди. Биринчи жаҳон уруши даврида заҳарли газларни қўллаш йирик ҳарбий инновация ҳисобланган. Заҳаловчи газлар кўлами зарарлидан то ўлимга олиб келувчи газларга қадар бўлган. Кимёвий қурол урушда қўлланилган асосий қурол ҳисобланади.
Биринчи жаҳон уруши вақтида позтисиявий уруш таксикаси ишлаб чиқилган. Бундай тактикада ҳужум билан амалга ошириладиган операциялар самарасиз бўлиб, иккала томон ҳам боши берк кўчага кириб қолади. Натижада, мудофаани ёриб ўтиш учун душман кимёвий қуролдан фойдаланишга ўтган.
У даврда заҳарли газлардан фойдаланиш йирик ҳарбий инновация ҳисобланган. Заҳарловчи газлар диапазони оддий зарарлидан (кўзни ёшлантирувчи) хлор ва фосген каби ўлимга олиб келадиган газларга қадар бўлган. Газ томонидан етказиладиган зарар чекланган эди, шундай бўлсада, у аскарлар учун асосий хавф саналган.
Ҳозирда газ ҳужумларига қарши самарали чоралар пайдо бўла бошлагач, урушнинг бу босқичида ундан фойдаланиш деярли тўхтатилган. Бироқ Биринчи жаҳон урушида ундан фойдаланиш кенг кўламли равишда амалга оширилганидан “кимёгарлар уруши” деб ҳам аталган.
Россия офицерлари аскарларни “Қобил тутуни”дан огоҳлантирган — улар газ ҳужумини Худо қабул қилмаган Қобил қурбонлари сюжетига қиёслаган. Ипр жангидаги газ ҳужуми кимёвий қуроллардан фойдаланишга оид энг машҳур воқеалардан бири бўлсада, биринчи оммавий ҳужум 1915 йилнинг январида амалга оширилган эди. Немис қўшинлари ичида ксилил-бормид бўлган кўзни ёшлантирувчи суюқликлар снарядларини Польшадаги Болимор жангида рус позицияларга отган.
Биринчи кимёвий ҳужум Германия ҳарбийларига кимёвий снарядларни таклиф талабларга мослаштириш имконини берган. Унга кўра, кимёвий снарядлар душман тарафни “ҳудудни тарк этиш ва узоқ вақт масофада тутиб туришга” мажбурлаши керак эди. У вақтда бундай снарядлардан душман аскарларини ўлимга олиб келадиган даражада заҳарлаш талаб этилмаган.
Профессор Ганс фон Таппен мазкур талабларга жавоб берадиган, “Т қора гранатаси” номини олган, гаубицалар учун мўлжалланган 15 сантиметрли кимёвий снарядни лойиҳалашга муваффақ бўлади. Унинг ичига ксилил бромид ва ксилилен бромид қуйилган. Ушбу заҳарли газ кўзга тушганди уни қаттиқ оғритган. Аммо янги снарядларни ҳали жанг майдонида синаб кўришни ўрганиш керак эди. Снарядлар ичидаги кимёвий моддалар зичлигида ҳаводан 6,4 баробарга катта эди, бу эса заҳарнинг ҳудудда узоқ вақт сақланишини таъминлаган. “Т қора граната”сидан илк бор 31 январь куни Болимов шаҳри яқинидаги Шарқий фронтда фойдаланилган ва у ўзининг самарасиз эканини намоён этган. Руслар позицияснинг омадсиз ўққа тутилишига ҳаво ҳароратининг пастлиги сабаб бўлган. Бундай шароитда ксилил бромид ва ксилилен бромиднинг буғ ҳосил қилиш концентрацияси етарли бўлмаган.
Пиёдаларнинг ҳужум ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кимёвий артиллерия ҳужуми биринчи марта Ипрдан олдин, 27 октябрда Нев-Шапель қишлоғини эгаллашда қўлланилган эди. Қишлоқ томон ичига майда думалоқ ўқлар солинган 10,5 сантиметрли гаубица снарядларидан 3 мингта учирилган. У бўлажак Нобел мукофоти лауреати (1921 йил) физик Велтер Нернст томонидан ўйлаб топилганди.
1914 йил октябрида амалга оширилган кенг кўламли жангларда Нев-Шапелнинг эгалланиши Германия армияси учун арзимас муваффақият эди. Немислар бу каби снарядлардан бошқа фойдаланмаган, қишлоқда қўлланилган кимёвий снарядлар ҳақида эса урушдан кейин маълум бўлган.
Профессор Ганс фон Таппен 15 сантиметрли гаубица снарядини барча талабларга жавоб берадиган тарзда лойиҳалашга муваффақ бўлади. 1915 йил апрелда германиялик кимёгарлар совуқ ҳаво ҳароратида ҳам фойдаланиш мумкин бўлган “Т-яшил гранатаси”ни яратган. Ундаги заҳарловчи газ ҳажмининг ярмини бромацетон лакриматор ташкил этган — у ксилил бромиддан кўра паст ҳароратда буғланиш хусусиятига эга эди. Ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 0 даражадан тушиб кетсада “Т-яшил гранатаси” аскарларни сафдан йиқитишга қодир ҳисобланган.
“Кун хронологияси” лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)