Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси йўл-транспорт ҳодисасига учрагани, бунинг оқибатида у билан битта автомашинада бўлган адвокат ҳалок бўлиб, ўзи эса у турли даражада тан жароҳати олгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолат юзасидан суд иши якунланди.

Келтирилишича, бугун Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида К.М.га (1982 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг раиси бўлиб ишлаган) оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши Қашқадарё вилоят суди раисининг ўринбосари — жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Ў.Мамадалиевнинг раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига мувофиқ К.М. Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташлик белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Қашқадарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинди.
Изоҳ (0)