“Онлайн платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Ушбу қонуннинг мақсади Ўзбекистон ҳудудида фаолият кўрсатувчи онлайн-платформа ва веб-сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу қонун лойиҳаси давлат рўйхатидан ўтказилган оммавий ахборот воситаларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтларига нисбатан татбиқ этилмайди. Уларнинг фаолияти “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун билан тартибга солинган.
Қонун лойиҳасида бир қатор тушунчаларга аниқлик киритилди. Хусусан:
- блогер – ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа тусдаги контентни, шу жумладан онлайн-платформа фойдаланувчилари томонидан ушбу ахборотни муҳокама қилиш учун жойлаштирувчи жисмоний шахс (онлайн-платформа фойдаланувчиси);
- инфлюенсер — онлайн-платформадаги ўз аккаунтида ёки оммавий ҳамжамиятда 10 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган блогер;
- веб-сайт эгаси — веб-сайтдан фойдаланиш тартибини, шу жумладан ушбу веб-сайтда контент жойлаштириш тартибини мустақил равишда белгилайдиган жисмоний ёки юридик шахс;
- ёлғон ахборот – ҳақиқатга мос келмайдиган, шахслар, ашёлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар ҳақида фактларнинг бузиб кўрсатадиган, нотўғри таассурот уйғотадиган ҳар қандай шаклда қайд этилган маълумот.
Қонун лойиҳасида фойдаланувчилар, блогерлар, инфлюенсерлар ва веб-сайт эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келтирилган.
Ҳуқуқлари:
- онлайн-платформада аккаунт, оммавий ҳамжамият очиш;
- онлайн-платформадан фойдаланиш қоидалари ва шартлари тўғрисида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш;
- Ўзбекистон қонунлари билан тақиқланмаган ҳар қандай усулда контентни тайёрлаш, олиш, тарқатиш;
- Ўзбекистон қонунларига мувофиқ онлайн-платформа ва веб-сайтларда фикрни эркин ифода этиш;
- ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шаъни ва қадр-қимматини ваколатли органга мурожаат қилиш ёки суд тартибида ҳимоя қилиш;
- онлайн-платформа мулкдори ёки оммавий ҳамжамият модератори ёхуд веб-сайт эгасига ўзларининг Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига амал қилиниши, шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши юзасидан талаб (эътироз) билан мурожаат қилиш;
- ўзининг ижодий, тижорат ва бошқа қонуний фаолиятидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ва онлайн-платформадан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ даромад олиш;
- агар ўз қизиқишлари ва қарашларига зид келса, онлайн-платформалар томонидан таклиф этиладиган маҳсулотларни рад этиш;
- онлайн-платформада ўзларини қизиқтирмайдиган контент намойиш этилишини чеклаш;
- ўзининг аккаунтига ёки оммавий ҳамжамиятига ёхуд веб-сайтига кирилишини асоссиз чекланишидан ҳимояланиш, кириш чекланганда унинг сабаблари кўрсатилган ҳолда хабарнома олиш.
Мажбуриятлари:
- Ўзбекистон қонунчилигига амал қилиш;
- шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаън ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;
- ноқонуний контентни тарқатмаслик;
- ноқонуний контент тарқатилган ҳолларда уни ўчириш;
- онлайн-платформалар ёки веб-сайт орқали ихтиёрий ҳомийлик маблағларини йиғишда
- Ўзбекистон қонунчилиги жумладан жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиш.
инфлюенсер ва веб-сайт эгаси юқоридаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга қуйидаги қўшимча мажбуриятларга эга:
- тарқатилаётган контентнинг тўғрилигини, унинг жамоатчиликка очиқ бўлишидан олдин текшириш;
- шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёки ташкилотларнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборотни ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайтида тарқатмаслик, шунингдек, уларнинг тарқатилишига йўл қўймаслик;
- ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган ўз аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти, шу жумладан фойдаланувчилар томонидан фикр ва изоҳлар қолдириш учун мўлжалланган бўлимларининг ноқонуний контентни аниқлаш мақсадида мониторингини амалга ошириш ва аниқланган тақдирда уни зудлик билан ўчириш чораларини кўриш;
- ўз аккаунтида ва (ёки) оммавий ҳамжамиятида ёки веб-сайтида ноқонуний контентнинг тарқатилишига йўл қўймаслик;
- ёлғон ахборот тарқатилган ҳолларда уни ўчириш ёки фуқаролар, юридик шахслар ва давлат органларининг мурожаатлари асосида ёлғон ахборот мавжуд бўлган дастлаб жойлаштирилган контентга ушбу контент ёлғон эканлигини кўрсатувчи махсус ахборот белгисини қўйиш;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ёлғон ахборот тарқатилганлиги тасдиқланган ҳолларда, уларнинг талабига мувофиқ раддия эълон қилиш;
- мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштириш;
- прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилмаслик, суд ҳукми чиқарилмагунча муайян иш натижаларини олдиндан эълон қилмаслик ёки бошқа усуллар орқали судга таъсир ўтказмаслик;
инфлюенсер ва веб-сайт эгаси ўзининг аккаунти, оммавий ҳамжамияти ёки веб-сайти орқали реклама ёки даромад келтирувчи бошқа фаолиятни амалга оширишда Солиқ кодексига мувофиқ солиқларни ўз вақтида тўлаши керак. Мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш учун тегишли маълумотларни жамоатчиликка очиқ шаклда жойлаштирмаган инфлюенсерга реклама бериш тақиқланади.
Қонун лойиҳаси билан ваколатли орган билан тизимли равишда ҳамкорлик қилмай келаётган онлайн-платформаларга Ўзбекистон ҳудудида кириш тезлигини суд қарори асосида пасайтириш назарда тутилмоқда. Бутунлай блоклаш амалиётидан воз кечилмоқда. Яъни, ноқонуний контентни ўчириш, унинг тарқатилишини тўхтатиш тўғрисидаги кўрсатма талабларини бир календарь йил давомида 3 мартадан ортиқ бажармаган блогер/инфлюенсер фаолияти 6 ойгача тўхтатилади.
Интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ривожланган давлатлар ижобий амалиёти ўрганилганда маълум бўлишича, Европа Иттифоқи “Рақамли хизматлар тўғрисида”ги қонуни орқали онлайн платформалар учун юқори стандартларни жорий этди. Германияда 2 миллиондан ортиқ фойдаланувчига эга платформаларга ноқонуний контентни 24 соат ичида ўчириш мажбурияти юкланган. Франция интернетда нафрат, терроризм ва болалар порнографиясига қарши қатъий чоралар кўришни, Туркия хорижий IT-компанияларга маҳаллий вакил тайинлашни талаб этган. Қозоғистон блогерлар ва платформалар фаолиятини тартибга солишга қаратилган ҳуқуқий асосни шакллантирди.
Ўзбекистонда бугунги кунда онлайн платформалар фойдаланувчилари қандай ҳуқуқларга эгалиги борасида қонунчиликда аниқ нормалар йўқ эди, ахборот тарқатишга оид талаблар эса миллий қонунчиликда тизимли ва етарли даражада тартибга солинмаган, тарқоқ ҳолда белгиланган.
Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси 27 майгача давом этади.
Ўзбекистонда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари, медиа соҳаси экспертлари иштирокида соҳани тартибга солувчи тўғридан тўғри амал қиладиган яхлит қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитасида онлайн-платформалар фойдаланувчилари ҳуқуқлари, соҳада юзага келаётган ижтимоий муносабатлар, замонавий чақириқлар муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида маълум қилинганди.
Изоҳ (0)