Ўзбекистонда туғилиб-ўсган, ҳозирда Россияда яшаб, ижод қилаётган хонанда Согдиана ижтимоий тармоқдаги саҳифасида оиласидаги оғир йўқотиш ҳақида хабар берди. Санъаткор энг яқин инсони — онаси Лариса Федоринскаядан айрилганини маълум қилди.

“Бугун онажонимдан айрилдим. У ҳар доим ҳар нарсани енгиб ўтишга қодирдек туюларди, гўёки у доим ёнимда бўладигандек эди. Жуда соғиняпман, онажон…” деб ёзди Согдиана.
Лариса Федоринская умр бўйи шифокор бўлиб ишлаган. У қизининг санъат йўлидаги саъй-ҳаракатларини болалигидан қўллаб-қувватлаб келган. Согдиананинг илк саҳна либосларини ҳам айнан онаси тикиб берган.

Маълумот ўрнида: Согдиана (ҳақиқий исми Оксана Нечитайло) шарқона кўриниши ва ажойиб тахаллусига қарамай, украин миллатига мансуб. Оксана 1984 йил 17 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг оиласи ҳарбий хизматчи бўлган бобоси туфайли Ўзбекистонга келиб, қўним топган. Черков хорида қўшиқ куйлаган бувиси Согдианани мусиқага, қўшиқ айтишга меҳр уйғотган.
Мактабни тугатгач, Ўзбекистон давлат консерваториясининг эстрада бўлими факультетига ўқишга киради. Оксана “Менинг юртим куйлари” республика эстрада хонандалари танлови лауреати бўлади. Сўнг 17 ёшида ўзбек эстрада саҳнасини забт эта бошлайди. Рус, ўзбек ва инглиз тилларидаги қўшиқларидан иборат “Менинг кўнглим” номли биринчи альбомини чиқаради. Икки йил ўтгач, у “Ниҳол” давлат мукофотига сазовор бўлади.
Унинг “Юрак маҳзун”, “Нeтaй”, “Мени эсла” каби қўшиқлари хит бўлган. Хонанда “Хўжа Насриддин: ўйин бошланди”, “Суғдиёна”, “Янги йил париси” каби фильмларда ҳам рол ижро этган.
Изоҳ (0)