Россия Давлат Думаси депутатлари муҳожир оилалардан бўлган мактаб ўқувчиларига бепул таълим беришни тақиқловчи янгиланган қонун лойиҳасини тақдим этишга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда депутат Ярослав Нилов ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Ташаббус 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчиларга тааллуқли. Лойиҳанинг дастлабки варианти депутатлар томонидан июль ойида рад этилган эди.
“Чет эллик болалар ёши ва синфидан қатъи назар, пулли таълим олишлари шарт. Улар учун рус тилини билиш бўйича тест топшириш имкониятлари сони учта билан чекланиши керак”, деб ёзади депутат.
Депутатнинг тушунтиришича, аввал рад этилган ушбу қонун лойиҳасига айнан шундай ўзгартиришлар киритилган. Ҳозирда депутатлар фракциялараро мақомга эга янгиланган ташаббусни Давлат думасига киритишга тайёрланмоқда.
Май ойида Россия Давлат думаси биринчи ўқишда мигрантлар фарзандларини мактабга қабул қилишда рус тилини билиш учун мажбурий тестдан ўтказишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллаганди.
“Рособрнадзор” раҳбари Анзор Музаевнинг маълум қилишича, 3,6 мингдан ортиқ чет эл фуқароси ўз фарзандларини Россия мактабларига қабул қилиш учун рус тили бўйича тестдан ўтказишга ариза топширган. Унинг айтишича, 509 нафар бола тестдан ўтган, уларнинг 55 фоизи (270 киши) синовдан муваффақиятли ўтган.
Синов Россия Федерациясида доимий яшовчи мигрантларнинг фарзандлари учун ўтказилади. Имтиҳон асосий модулларни ўз ичига олади: ўқиш, ёзиш ва тинглаб тушуниш. “Рособрнадзор” ҳар ойда натижаларни мониторинг қилиб боради.
Россияда 1 апрелдан бошлаб мигрант болалари мактабга қабул қилинишидан олдин рус тилини билиш даражасини текшириш учун тестдан ўтказила бошланди.
Изоҳ (0)