Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда 1 август куни Президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёевга транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот берилди.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрига авиайўловчилар оқими 2030 йилда 15 миллионга етиши кутилмоқда. Лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмайди. Шаҳар ичида жойлашгани сабабли уни кенгайтириш имкони ҳам йўқ.
“Шу боис Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда хусусий шериклик бўйича хорижий компаниялар таклифлари кўриб чиқилмоқда”, дейилади манбада.

Тақдимотда мутасаддилар янги аэропорт қуриш лойиҳасининг барча жиҳатлари бўйича ахборот берган.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда йўл хўжалигига ҳам катта маблағ ажратилиб, янги иншоотлар барпо этилмоқда. Автотранспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида муқобил йўллар қурилиши ҳам лойиҳалаштириляпти. Бу борада инвесторларга жозибадор муҳит яратиш учун “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилган.

“Шуларга асосланиб, Тошкент билан Самарқанд ўртасида муқобил тезюрар йўл қуриш лойиҳасига бир неча ҳамкор давлатлар компаниялари қизиқиш билдирган. Мутасаддилар улар билан ўтказилган музокаралар натижалари ва таклифлари ҳақида ҳисобот берди”, деб ёзган манба.

Давлат раҳбари ушбу стратегик инфратузилмаларни пухта ўйлаб лойиҳалаштириш ва тезроқ амалий босқичга ўтиш зарурлигини таъкидлаган.
Маълумот учун, ўтган йили май ойида Бухорода халқаро аэропорт қурилишига старт берилганди.
Изоҳ (0)